Линклар

Карзай ва Зардорий ҳамкорлик ниятида


Туркия бош вазири Эрдўғон Афғонистон ва Покистон президентларини ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга рағбатлантирмоқда.

Туркия бош вазири Эрдўғон Афғонистон ва Покистон президентларини ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга рағбатлантирмоқда.

Туркия раҳбариятининг икки қўшни давлатни бир-бирига яқинлаштириш ташаббуси остида Афғонистон ва Покистон раҳбарлари Истанбулда учрашдилар.

Президент Ҳамид Карзай ва Осиф Али Зардорий ўртасидаги сўзлашувлар Туркия воситачилигида ўтказилаëтган иккинчи мулоқотдир.

Бундан аввал 2007 йили Покистоннинг ўшандаги президенти Парвез Мушарраф Карзай билан Анқарада учрашиб¸ толибларга қарши курашда кучни бирлаштиришга келишиб олган эдилар.

Аммо кўп ўтмай расмий Кобулнинг ўз қўшнисини бу борада етарли ҳаракат қилмаëтганликда айблаши¸ икки орадаги кескинликнинг яна ошишига сабаб бўлди.

Истанбул учрашуви давомида икки қўшни давлат раҳбарининг ўзаро чегара ҳудудларидаги хавфсизликни яхшилашга асосий эътиборни қаратишлари белгиланган.

Зотан¸ Покистоннинг Афғонистонга туташ қабилалар бошқарувидаги шимол-ғарбий минтақалари ҳар икки давлат ҳудудида террор хуружлари амалга ошираëтган радикал толиблар қўрғонига айланган.

Афғонистондаги НАТО тинчлик ўрнатиш кучлари сафида 860 ҳарбийси бўлган Туркия эса¸ икки қўшни давлат президентлари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш орқали¸ минтақа устидаги қора булутларни аритишга уринмоқда.

Президент Карзайнинг сиëсий маслаҳатчиси Сиғбатуллоҳ Санжар¸ ҳам Афғонистон¸ ҳам Покистон билан яхши алоқага эга мусулмон Туркиянинг бу борада кучли рол ўйнашига ишонади.

- Ўтмишдаги уринишларини давом эттираëтган Туркия президенти бу гал ҳам Афғонистондаги тинчлик жараëнига ëрдам беришга уринмоқда. У Афғонистон ва Покистон президентларини айни шу мақсадда Истанбулга таклиф этди. Мен бу саммитнинг тинчликни мустаҳкамлашга жиддий ҳисса қўшишидан умидворман¸ - деди Карзай маслаҳатчиси Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Кейинги пайтларда¸ Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараëнида Туркиядан ташқари Саудий подшоҳлиги ҳам фаоллаша бошлади ва Риëд толиблар билан Карзай ҳукумати ўртасидаги сўзлашувларда воситачилик қилиш истагини билдирди.

Карзай ва Покистоннинг аввалги президенти Парвез Мушарраф ўртасидаги баëнотлар урушидан ташвишга тушган Туркия томони эса¸ ўз асосий эътиборини икки қўшни ўртасида ишонч муҳити яратиш ишига бағишламоқда.

Мушарраф ҳукуматининг махсус хизматларини Афғонистондаги террор тўлқини учун айблаган Ҳамид Карзай¸ айтилишича¸ Покистоннинг иқтидордаги президенти Осиф Али Зардорий билан яхши алоқага эга.

Буни Карзай маслаҳатчиси Сиғбатуллоҳ Санжар ҳам тасдиқлайди.

- Покистон парламенти томонидан президентликка сайланганидан сўнг Зардорий Афғонистон президентини қасамëд маросимига таклиф қилди. Ана шу кундан эътиборан иккала президент ҳам ўз халқлари¸ ҳам дунë ҳамжамиятига Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва террорчиликка қарши кураш борасида қатъий эканликларини кўрсатишга астойдил ҳаракат қилиб келмоқдалар¸ - дейди жаноб Санжар.

Истанбулдаги ўзаро сўзлашувдан ташқари Афғонистон ва Покистон президентлари Туркия президенти Абдуллоҳ Гул ва бош вазир Режеп Таййип Эрдўғон билан ҳам алоҳида учрашиб¸ ўзаро иқтисодий ва сиëсий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қиладилар.

XS
SM
MD
LG