Линклар

Қалбаки виза Ҳаж йўлини тўсди

  • Гулнора Равшан

Бу йил ҳам 300 дан зиёд тожикистонликка иҳром боғлаб, Ҳаж маносикларини адо этиш насиб этмади.

Бу йил ҳам 300 дан зиёд тожикистонликка иҳром боғлаб, Ҳаж маносикларини адо этиш насиб этмади.

“Islamnews” ахборот агентлигига кўра, қалбаки визага эга бўлган тожикистонлик 90 нафар зиёратчи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридан ортга қайтарилган.

Тожик расмийлари хориж ширкатларини айбламоқда

Жорий йили Ҳаж зиёрати учун масъул бўлган Тожикистон Маданият вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Жидда шаҳридан ортга қайтарилган тожикистонлик зиёратчилар мамлакат ташқарисидаги турли хорижий ширкатлар орқали Ҳаж зиёратига рухсат олганлар. Бироқ бу ширкатлар воситачилигида олинган визалар қалбаки экани аниқланганидан кейин¸ улар Саудия Арабистонига киритилмаган.

- Мана икки йилдирки, ҳукумат қарори билан республика ҳудудида Ҳаж ишларини уюштирадиган бирорта хусусий ширкат қолгани йўқ. Саудия Арабистони бизга ажратган 5120 та ўриндан биронта ҳам кам ёки ортиқ киши Ҳажга юборилмаган. Шуни назарга олган ҳолда, ишонч билан айта оламанки, ортга қайтарилганлар орасида вазирлигимиз томонидан юборилган зиёратчилар бўлиши мумкин эмас, - деди Маданият вазирлиги расмийси Гулмуҳаммад Давлатов.

Тожикистонда ҳожи бўлиш орзусида юрганлар жуда кўп, аммо мамлакат учун ажратилган ўрин уларнинг ҳаммасига етмагани боис айрим тожикистонликлар Россия ва Қозоғистондаги хусусий ширкатлар орқали виза олган. Бу эса Давлатовга кўра, қалбаки визалар билан боғлиқ муаммони келтириб чиқарган бўлиши мумкин.

Қалбаки виза 80 ёшли кампирни ҳам сарсон қилди

Аммо Ваҳдат туманига қарашли Тельман участкасида яшовчи Саодат исмли суҳбатдошимиз бу йил ҳожилик насиб этмаганлар орасида Тожикистон Маданият вазирлиги кўмагида сафарга чиққан 80 ёшли қишлоқдоши ҳам борлигини айтади:

- 80 ёшлардаги Улуғой хола қайтарилибди. Тўй қилиб, одамларни чақириб, дуо олиб кетган эди. Арабистоннинг қайси бир шаҳридан қайтарилибди. Лекин яқинлари ҳужжатлари ҳаммаси тўғри эди, дейишади. Нима сабабдан қайтарилганини ҳеч ким билмайди, - дейди Саодатхон.

Суҳбатдошимизга кўра, Арабистонга киритилмаган, аммо ҳозирча уйига ҳам етиб келмаган Улуғой холанинг ҳамқишлоқлари унинг ҳожи бўлмай қайтаётгани сабабларини турлича талқин қилаяптилар.

Қайтганлар тўқсонтамас, уч юз ўнта

Айни пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг ўз номини айтмаган масъулларидан бири “Islamnews” ахборот агентлиги тарқатган маълумотларни тасдиқлар экан, қалбаки виза билан Саудия Арабистони тупроғига кирмоқчи бўлган тожикистонликлар сони 90 нафар эмас, балки 310 киши эканини билдирди.

- Вазирлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, - деди ўзаро суҳбатда тожик дипломати, - айни пайтда уларнинг 240 нафари Туркиянинг Истанбул шаҳрида, яна 90 нафари эса Дубай ва Эронда юрибди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назрий ҳам юқоридаги маълумотларни тасдиқлар экан, ҳозирча Саудия Арабистонига киритилмай ортга қайтарилган тожикистонлик фуқароларнинг бирортаси ҳам вазирликка ёрдам сўраб мурожаат қилмаганини айтди.

- Шундай муаммога дуч келган фуқароларимизнинг бирортаси ҳам бизга қўнғироқ қилгани йўқ. Агар шундай мазмундаги шикоят тушса, биз албатта бу шаҳарлардаги консуллик хизматларимиздан фуқароларимизга муаммо ечимида кўмаклашишни сўраймиз, - деди Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Қайд этиш жоизки, сўнгги бир неча йил давомида Ҳаж сафари билан боғлиқ муаммо Тожикистонда энг оғриқли мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Йиллар давомида емай-ичмай, ҳожи бўлиш орзусида пул йиққан тожикистонликларнинг маълум бир қисми ярим йўлдан ватанига қайтиб келмоқда.

Таҳлилчиларнинг айримлари¸ Ҳаж зиёратини уюштириш давлат идоралари ихтиёрига берилгани шундай муаммолар келтириб чиқараётганини таъкидлайдилар.

Аммо бу борада мавжуд қийинчиликлардан қатъий назар, ўтган йили Макка ва Мадинага отланган аксарият тожикистонликлар Ҳаж зиёратини адо этишга мушарраф бўлган эдилар.

XS
SM
MD
LG