Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:09

“Қочқин ови” кучайган


Ҳозирда Европада истиқомат қилаётган ўзбек қочқинлари учинчи давлатга кўчирилгунларига қадар МДҲ ҳудудида ҳар кунни ҳадикда ўтказар эдилар.
Ҳозирда Европада истиқомат қилаётган ўзбек қочқинлари учинчи давлатга кўчирилгунларига қадар МДҲ ҳудудида ҳар кунни ҳадикда ўтказар эдилар.

Постсовет ўлкаларида бошпана изловчи шахс мақомида яшаëтган ўзбекистонлик қочқинлар кунора анвойи муаммоларга дуч келмоқдалар.

Куни кеча Қозоғистонда ўзбекистонлик қочқин дўппосланди, Украинада қўлга олинган ўзбекистонлик қочқин эса яқин кунларда юртига бадарға қилиниши мумкин.

Бакаев бирданига учта гуруҳга алоқадорликда айбланган

Ўзбекистонда “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилоти ва ваҳҳобийлар ҳаракатига аъзоликда айбланиб, мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан халқаро қидирувга эълон қилинган жиззахлик ўзбек қочқини Абдумалик Бакаев куни кеча Украина ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинган. Бу ҳақда Озодлик мухбирига Украинада бошпана топган яна бир ўзбек қочқини хабар қилди:

- У кишини икки маротаба Ўзбекистонда қамаб қўйишган. Ҳизбчилар, ваҳҳобийлар ва Тоҳир Йўлдош каби катта гуруҳларга алоқадорликда айблаб қамаб қўйишган. Иккинчи маротаба ўтириб чиққанидан кейин Россияга кетиб қолган. 8 йил олдин Россияга келган. Кейин у ерда ҳам қидирув бошлангач, Россияни тарк этиб, Украинага келган ва бу ерда БМТ қочқинлар иши бўйича ваколатхонасига мурожаат қилган.

Ноябрь ойининг охирги кунларидан бирида эшик қўнғироғи жиринглади. Эшикни очсам, иккитаси фуқаро кийимида кириб келишди милицияданмиз деб. Ҳужжатларимизни текширишди. Кейин бизга индамай: “Бу ерда яна бир одам бўлиши керак”, дейишди. “Ҳеч ким йўқ”, десак, Абдумалик турган хонага кириб, уни олиб кетишди, - дейди суҳбатдош.

Маълум бўлишича, ҳозир Украинада қўлга олинган ўзбек қочқини Абдумалик Бакаев устидан тергов ишлари олиб борилмоқда экан. Мабодо ўзбек қочқинининг диний экстремизм ва террорчиликка алоқаси борлиги тасдиқланса, унинг Ўзбекистонга бадарға қилиниш эҳтимоли катталиги айтилмоқда.

Ҳошимийни полициячисимонлар тунади

Айни пайтда Қозоғистонда бошпана топган ўзбек қочқинларининг вазияти ҳам анча оғир. Бу мамлакатда ўзбек қочқинларига маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳужум қилингани ҳақида аввалги лавҳаларимизда ҳам хабар қилгандик. Куни кеча Олмаотада яна бир ўзбек қочқини вояга етмаган ўғли билан бирга калтаклаб кетилганидан хабар топдик.

Аниқланишича, ўзбек қочқинларига ўзини полициячи деб таништирган кишилар ҳужум қилиб, уларни тунаб кетган.

Бу ҳақда жабрланган ўзбек қочқини, Ўзбекистондаги “Бирлик” ҳаракатига аъзо бўлган Иброҳим ал-Ҳошимийнинг ўзи Озодлик радиосига маълум қилди:

- Бизнинг уйимизга киришмоқчи бўлишди. Мен пичоқ олдим, пичоқ билан ҳимояландим, кейин белкурак билан ҳимояландим. “Полиция-полиция” деб бақирдим. Улар ғишт олиб менга отишди. Иккитаси менга, биттаси ўғлимга тегди, биттаси бошимни ёрди. Кейин улар қочиб кетишди.

“Тез ёрдам”га қўнғироқ қилдик, бизни кечаси полицияга олиб боришди. Бошимни тикишди. Миллати қозоқ йигитлар, биттаси полицияданман деб келган, “ҳужжатлар, қурол-яроғ борми, Ўзбекистондан экансизлар”, деб келганди. Қизил хоч ташкилотидан ёрдам пули олганимиздан кейин уч кун ўтиб, шу ҳодиса содир бўлди, - дейди Иброҳим ал-Ҳошимий.

Унга кўра, сўнгги йилларда Қозоғистонда ҳам ўзбек қочқинларига бўлган муносабат салбий тус ола бошлаган:

- Ваҳҳобий бўлиб келган, дейди. Соқолим қалин, фамилиям арабча. Бу ердаги одамларнинг муомаласи ҳайрон қолдирди. Булар Ўзбекистоннинг ҳужжатларини менсимас экан, “Ўзбекистонда пулга паспортни ҳам, бошқа ҳужжатларни олса ҳам бўлади”, деб ўйлашар экан, - дея нолийди ўзбек қочқини.

Мазкур ҳодиса юзасидан бирор маълумот олиш мақсадида биз Олмаота шаҳар Олотов туман ички ишлар бошқармасига мурожаат қилдик:

- Ҳозир шу йўналишда ишлаяпмиз. Бироқ ўзбек қочқинига полиция ходими ҳужум қилганми-йўқми – буниси ҳали аниқ эмас, - деди Олотов туман ички ишлар бошқармаси ходими Бауржан Қўжовов.

Ваколатхонада адвокат ёллашга пул йўқ

Халқаро инсон ҳуқуқлари бюроси Олмаота ваколатхонаси ходимаси Светлана эса бунақа вазиятларда БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлик Олмаота ваколатхонаси ўзбек қочқинига ҳуқуқий ёрдам бериши, жумладан, полиция томонидан қўзғатилган жиноий ишда ўзбек қочқини манфаатларини ҳимоя қиладиган адвокат ёллаши зарурлигини айтади. Бироқ, унга кўра, ваколатхона адвокат ёллаш учун маблағ ажратолмаслиги муаммонинг ҳал этилишига монеълик қилиб турибди:

- Мен ҳозир БМТ қочқинлар иши бўйича ваколатхонаси билан боғландим. Мен уларга ўзбек қочқини ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган адвокатни қанчага ёллаш мумкинлигини айтдим. Бироқ ваколатхона ходимлари БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси бир киши ҳимояси учун бунча пул ажратолмаслигини айтишди.

Ҳозирда адвокатни ёллаш 500 доллар туради. Сўнг иш судга етиб боргач, яна тўлаш керак. Аслида БМТ Олмаота ваколатхонаси ўзбек қочқини ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун адвокат ёллаши шарт, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ҳодиса юзасидан БМТ қочқинлар иши бўйича ваколатхонаси мурожаат қилганимизда, ваколатхонадан бу иш билан шуғулланиши керак бўлган ходимнинг шу кунларда ўз ўрнида эмаслигини айтишди.

XS
SM
MD
LG