Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:45

Путин баëноти танқидга учради


4 декабр кунги мулоқот давомида Путин россияликлар¸ хусусан миллатчилар қулоғига хуш ëқадиган қатор баëнотлар қилди.
4 декабр кунги мулоқот давомида Путин россияликлар¸ хусусан миллатчилар қулоғига хуш ëқадиган қатор баëнотлар қилди.

Россияликлар билан мулоқот давомида Россия бош вазири¸ меҳнат муҳожирлари учун белгиланган квотани икки баробарга қисқартириш кераклигини айтди.

Россия Бош вазири Владимир Путин 4 декабр куни россияликлар билан анъанавий савол-жавоб ўтказди.

Мулоқот чоғида москвалик фуқаро Путинга МДҲ давлатларидан Россияга келган меҳнат муҳожирлари иш ўринларини эгаллаб олаётгани¸ оқибатда россияликларнинг молиявий бўҳрон пайтида ишсиз қолаётганидан шикоят қилди.

Бундай муаммо борлигини тан олган Путин¸ меҳнат муҳожирлари учун белгиланган квотани ҳеч бўлмаса икки баробарга қисқартириш кераклигини айтди.

Кузатувчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Путиннинг мазкур баёнотини танқид қилмоқда.

Светлана Ганнушкина Россиядаги марказий осиёлик¸ жумладан¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи “Фуқаровий кўмак” нодавлат ташкилоти раҳбари.

Россия миграция идораси расмийларига асосланиб Ганнушкинанинг Озодлик радиосига айтишича, ҳозир Россияда ноқонуний ишчилар сони 2007 йил бошидагига қараганда тўрт баробар камайган. Ҳуқуқ ҳимоячиси агар ишлаш учун квота қисқарса, ноқонуний ишчилар бозори икки йил олдинги вазиятга қайтишини айтди:

- Афтидан, бу борада яна муаммолар пайдо бўлади. Ўз навбатида бу уларнинг ҳаммаси ноқонуний йўлга киради, деган гап. Биз ҳеч қачон тўхтамаган қуллик меҳнатидан фойдаланишга яна қайтамиз. Чунки иш берувчилар катта даромад келтирувчи арзон ишчи кучидан фойдаланишга ўрганиб қолган. Улар бундан воз кечишни хоҳламайди.

Агар муҳожирларга квота жорий қилинса, ноқонуний меҳнат ресурсларини қонунийлаштириш йўлида биз ва биринчи навбатда Миграция идораси кўп йиллардан бери олиб борган кураш йўққа чиқади¸ - дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Москвадаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Мемориал ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев Бош вазир Владимир Путин рус халқи орасидаги обрўсини сақлаб қолиш учун меҳнат муҳожирларига квотани камайтириш кераклиги ҳақида баёнот берди деган фикрда.

Ҳамроев ҳам россиялик ўз ҳамкасби фикрига қўшилиб¸, Россиядаги бизнес доиралари ва иш берувчилар ҳукумат муҳожирларга квота жорий қилиши оқибатида арзон ишчи кучи келтираётган мўмай даромаддан мосуво бўлишни истамасликларини таъкидлайди.

- Путин ҳозир халқ орасида ўз мавқеини сақлаб қолиш¸ яъни сиëсатда катта роли борлигини кўрсатиш мақсадида шундай қуруқ ваъдалар берди. Мен¸ Россияда Путин айтгандай кескин ўзгариш бўлади деб ўйламайман.

Чунки Россиядаги катта бизнес элитаси ўзига катта муаммо яратишни истамайдилар. Яъни Путиннинг бу айтган гапларининг амалга ошиши жуда қийин бўлади. Бизнес элитаси Марказий Осиëдан келадиган арзон ишчи кучининг уларга яхши фойдаси тегишини яхши билади. Менимча¸ бунга норозилик тўсиқлари кўпроқ бўлиши мумкин¸ - дейди Россиядаги ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев.

Бош вазир Владимир Путин Россия фуқаролари билан бевосита мулоқот чоғида Россияда 10 миллионга яқин меҳнат муҳожири ишлаётганига МДҲ давлатлари билан виза режими жорий қилинмаганини сабаб қилиб кўрсатди.

Шу ўринда Россияда меҳнат муҳожирлари сонини камайтириш учун Путин МДҲ давлатлари билан Грузияга жорий қилингани каби виза режими жорий қилиши мумкинми, деган савол туғилади. Светлана Ганнушкина бу саволга шундай жавоб берди:

- Мен ҳозир Россия МДҲнинг барча давлатларига виза режими жорий қилади деб ўйламайман. Виза тартибини жорий қилиш ўзгача муносабатни англатувчи кескин сиёсий бурилиш эканини англатади.

Маълумки, МДҲда Арманистон ва Озарбайжон узоқ йиллардан бери зиддиятли муносабатда бўлиб келяпти. Грузия ва Россия ўртасида уруш бўлиб ўтди. Агар бошқа давлатларга виза жорий қилинса, бу МДҲни парчалаш деган гап бўлади¸ - дейди Ганнушкина.

Баҳром Ҳамроев гарчи Путин меҳнат муҳожирлари учун квотани икки баробар қисқартириш кераклиги ҳақида гапирган бўлса ҳам¸ Россияда ишлаш учун уларга оз бўлса-да имконият қолдирганини ҳам қўшимча қилади.

- Бир нарсага эътибор бериш керак. Путиннинг айтишича¸ руслар бошқа халқлар ишлаëтган пулга ишламайди. Путин озгина бўлса ҳам имкон қолдирди¸ яъни ишсизлар кўпайиб кетмаслиги ҳолатини сал тузатсада¸ бу унинг Ўрта Осиëдан келадиган ишчиларни Россияда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш мақсади йўқлигидан далолат беради¸ - дейди Москвадаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Мемориал ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG