Линклар

logo-print

Партияларга фаоллашиш буюрилди


Ўзбекистон Олий Мажлиси бирорта ҳам мухолиф фикрловчига ўрин берилмайдиган ноëб парламентлардан биридир.

Ўзбекистон Олий Мажлиси бирорта ҳам мухолиф фикрловчига ўрин берилмайдиган ноëб парламентлардан биридир.

Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қўшимча 30 ўрин ажратилиб, депутатлар умум сонини 150 нафарга етказишга қарор қилинди.

Тўртинчи декабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг навбатдаги йиғилишида “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун тасдиқланди.

Айни қонунда сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги вакиллигини кенгайтириш кўзда тутилган¸ дейди Олий Мажлис қўмиталаридан бирининг раҳбари.

- Бугун Сенат йиғилишида мана шунақа қонун қабул қилинди. Қўшимча 30 та ўрин¸ 150 та депутат. 15 таси Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатларга. 135 та депутат партиялар томонидан кўрсатилган ва сайланган одамлар, - деди исми ошкор қилинишини истамаган депутат.

Халқ Демократик партиясининг Тошкент вилояти бўлими раис ўринбосари Файзулла Эшонхўжаев эса парламент депутатларининг кўпчилигини ташкил қилувчи партиядошларининг эндиликда янада кўпроқ депутатлик ўрнига эга бўлиш ниятида эканини айтади.

- Халқ хўжалигини ривожлантиришда яхши ишлар бўлади. Халқ манфаатларини ҳимоя қилиш учун яхши бўлади бу. Олий Мажлисда партияларнинг роли яна ошади. Бу йилдан ҳаракатни бошлаймиз. Кўп ўрин олиб бориш учун кураш олиб борамиз, - деди Файзулла Эшонхўжаев.

Ҳозирда парламентда “Адолат” партиясидан ўн нафар депутат фаолият кўрсатмоқда. Партиянинг марказий аппарати раҳбари Равшан Ҳайдаров “Адолат” партияси парламентдан кўпроқ ўрин олиш учун ҳаракат қилишини яширмади.

- Жой кўпайгани имкониятларни кенгайтиради, албатта. Лекин иккинчи томони ҳам бор. 15 таси экологик ҳаракат томонидан сайланади экан. Қолган 15 тасига партиялар кураш олиб боради. Бу сайловларда жойлардаги имкониятимизни оширади. Ҳозир партиямиз кучаймоқда. 30-40 та ўринга даъвогар бўламиз. Буни мен реал имкониятимиздан келиб чиқиб айтаяпман, - деди Равшан Ҳайдаров.

Иқтидордаги ҳокимият позициясини ёқловчи партиялар вакиллари парламентда сафлари кенгайишидан хурсанд бўлишса, мухолифатдаги партиялар аъзолари депутатлар сони кўпайгани билан сиёсий тузум ўзгармаслигини таъкидлайдилар.

“Эрк” партияси котиби Отаназар Орипов фикрича, ҳукумат парламентдан мухолиф партияларга ҳам ўрин ажратган тақдирда мамлакат сиёсий тузумида ижобий ўзгаришлар бўлиши мумкин, лекин Каримов режими мухолифатга йўл бериш ниятида эмас.

- Мухолиф фикрга нисбатан¸ мухолифатга нисбатан тоқатсизлик ҳозир жуда авжига чиққан. Ҳокимият биронта танқидга тоқат қила олмайди. Ҳозирги ҳукуматдан мухолиф фикрлилар учун¸ мухолифат учун ҳеч қандай яхшилик кутиш мумкин эмас, - дейди Отаназар Орипов.

Ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғли эса нима бўлишидан қатъий назар, парламент депутатлигига ўз номзодини қўйиш ниятида.

- 2009 йили бўладиган депутатлик сайловлари - ўта долзарб масала. Бу Ўзбекистоннинг келажаги ва бўлғуси сиëсатида жуда катта роль ўйнайди.

Мен Ўзбекистон республикаси Олий Мажлисининг депутатлик сайловига ўзимнинг номзодимни қўйишга ваъда қилганман. Ҳозир сайловолди ҳаракатларини бошлаб юборганман, - дейди Абдулла Тожибой ўғли.
XS
SM
MD
LG