Линклар

Қўшимча кучларнинг аксарияти Кобулга тaшланади


“Нью Йорк Таймс” газетасининг хабар қилишича, Афғонистонга келаси йилнинг бошида юборилажак АҚШ кучларининг қўшимча асосий қисми Кобул яқинига ташланади. "Бунга фаоллашиб қолган Толибоннинг Афғонистон пойтахтига ҳужум қилишига оид Американинг хавотирлари сабаб бўлган",-дейилади хабарда.

Хабарга кўра, 3500 – 4000 АҚШ аскаридан иборат гуруҳ январ ойида Кобулга жўнаши керак.

Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари матбуот вакили подполковник Руми Нилсен-Грин бу қўшинларнинг аксарияти Кобулга туташ бўлган Вардак ва Лўғар вилоятларига жўнатилишини маълум қилди. "Аскарларнинг бир неча юз нафари Покистон билан чегарадош ҳудудларга ташланади",- деди АҚШ расмийси.

“Нью Йорк Таймс” газетаси АҚШ ва НАТО қўмондонларидан иқтибос келтириб, асосий диққат Кобул мудофаасини мустаҳкамлаш ҳамда Толибоннинг Вардак ва Лўғар вилоятларидаги истеҳкомларини нишонга олиш ҳамда бу вилоятлардаги халқаро ташкилотлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилишини маълум қилди.

“Нью Йорк Таймс”га кўра, Пентагон келаси бир-бир ярим йил давомида Афғонистонга 20 минг нафар қўшимча аскар юборишни режалаштирган.

Бугунги кунда Афғонистонда 62 мингга яқин халқаро кучлар, жумладан 32 минг америкалик ҳарбий хизмат қилади.
XS
SM
MD
LG