Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:04

Россия Алексий Иккинчи билан видолашмоқда


Патриарх Алексий Иккинчи билан ўн мингдан ортиқроқ одам видолашиб улгурди
Патриарх Алексий Иккинчи билан ўн мингдан ортиқроқ одам видолашиб улгурди

Россия православ насронийлари Москва ва бутун Россия Патриархи Алексий Иккинчи билан видолашмоқда. Рус православ черковига қарийб йигирма йил раҳномолик қилган Алексий Иккинчи жума куни 79 ёшида вафот этди.

Россия ахборот агентликларига кўра, шанба куни Алексий Иккинчининг майити солинган тобут Москвадаги Исо Масиҳ черковига олиб келинганидан бери 10 мингдан ортиқ насронийлар у билан видолашиб бўлган.

Кремл матбуот хизматига кўра, президент Дмитрий Медведев патриархнинг дафн маросими ўтказиладиган сешанба куни телевидение ва радиода барча кўнгилочар дастурларни бекор қилиш буйруғини берган.

Патриархнинг хотирасига Россия ва хориждаги православ черковларида ибодатлар қилинди.

Алексий Иккинчи рус черковига 1990 йилдан бери етакчилик қилиб келди. Посткоммунистик Россияда православ насронийликнинг давлат динига айланишида унинг хизмати катта бўлди.

Унинг вафоти муносабати билан хориждан ҳамдардлик мактублари келмоқда. Шундай мактубларни Рим Папаси Бенедикт XVI ва АҚШ Президенти Жорж Буш ҳам юборди.

Россиянинг собиқ президенти Борис Ельциннинг рафиқаси Наина Ельцина “Озодлик” радиоси билан суҳбатда: “Патриарх православ черковининг буюк раҳнамоси ва яхши инсон эди”, деган сўзларни айтди.

- У жуда ажойиб инсон эди. Унинг илиқ кўзларидан эзгулик нури таралиб турарди. Унинг шундай бир аураси бор эдики, у билан мулоқотда бўлган киши мўжиза рўй бергани каби, янги туғилгандек бўлиб қоларди. Унинг Россия учун қилган хизматини баҳолаб бўлмайди. У ажойиб, илиқ ва руҳан мукаммал инсон эди,- деди Наина Ельцина.

Патриархнинг вафоти муносабати билан аза тутган бошқа насронийлар ҳам бу фикрларга қўшилади. У билан видолашгани келган аёлнинг гапларини эшитсак:

- У буюк патриарх бўлди, тинчликпарвар инсон эди. У православ черкови тарихида қолади,- дейди бу аёл.

Православ насронийларнинг олий кенгаши бўлмиш Муқаддас Синод Смоленск ва Калининград митрополити Кириллни рус черковининг муваққат патриархи этиб сайлади.

У кенгаш келаси олти ой ичида янги патриархни сайлагунига қадар рус черковига раҳнамолик қилиб туради.

Алексий Иккинчи сешанба куни Москвадаги Богоявленский қабристонига қўйиладиган бўлди.

XS
SM
MD
LG