Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:06

"Ном билан шиор бор..."


Ўзбекистон ëшлари 2008 йил таъмини тотиб улгурмай¸ 2009 йилги улоқ қишлоқликларга ўтадиган бўлди.
Ўзбекистон ëшлари 2008 йил таъмини тотиб улгурмай¸ 2009 йилги улоқ қишлоқликларга ўтадиган бўлди.

Ўзбекистонликлар "Ёшлар йили", деб эълон қилинган 2008-йилни қандай кузатаяпти? Ўзбекистонликлар йилга берилган расмий ном билан кундалик ҳаëт ўртасида бирор боғлиқлик сезадиларми ўзи?

"Жамият ва қонун" эшиттиришининг бугунги сонида шу икки саволни ўзбек жамиятининг бир неча вакили – талаба ёшидаги тошкентлик қиз ва хоразмлик йигит, Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирининг ёш ўқитувчиси, фарғоналик "бирликчи"га бердик.

Маълумки, йилларга ном бериш мамлакат президентининг ҳаққи. Конституцияда бу ҳақ акс этганми-йўқми – текшириб кўрмадик, лекин анъана шаклланиб улгурган. Шунинг учун эшиттиришимизга Ўзбекистон президентлигига номзодликка экс-номзодни ҳам таклиф қилдик.

Суҳбатдошларимизнинг барчасига бир хил саволлар билан мурожаат қилдик.

Биринчи суҳбатдошимиз талаба ёшидаги тошкентлик қиз Азиза.

Озодлик: Ўзбекистонда бу йил қанақа йил?

Азиза: Бу йил ëшлар йили.

Озодлик: Ëшлар йили нималарда сезилди?

Азиза: Ëшлар йили абитуриентларни ўқишга қабул қилиш пайтида билинди деса бўлади. Жуда ҳам кўп болалар қабулга келишди. Рақобат анча кучли бўлди. Кўпчиликка ëқмаган тарафи¸ шартнома пулининг бирдан кўтарилиб кетиши бўлди.

Озодлик: Ëқмаган томонини кейин гаплашамиз. Жуда қизиқ гап айтдингизда: Ëшлар йили бўлгани учун ўқишга ëшлар кўпроқ келди. Ғалати эшитилди. Агар бу йил ëшлар йили деб эълон қилинмасдан қариялар йили деб эълон қилинганда¸ ўқишга ëшлар камроқ келган бўлармиди? Ëки ўқишга қариялар келган бўлармиди?

Азиза: Менимча¸ бунинг асосий сабаби шартнома асосида ўқишга кирган талабаларнинг шартнома пулининг ярмини тўлашни таклиф қилишган булар. Агар сиз шартнома асосида кирсангиз¸ пулнинг ярмини тўлайсиз холос. Қолган ярмини тўламайсиз.

Озодлик: Ярмини давлат тўлайдиган бўлганми?

Азиза: Ҳа. Узоқдан келадиган одамлар боласининг шартнома асосида бўлса ҳам ўқишга киришини хоҳлашди. Ҳар ҳолда бир йил шартнома пулининг ярмини тўласа осонроқ бўлади.

Озодлик: Ҳукумат “Бу йил шартнома асосида ўқийдиганлар ëшлар йили муносабати билан шартномада назарда тутилган пулнинг ярмини тўлайди” деб олдиндан эълон қилдими?

Азиза: Эълон қилинганини мен эшитмадим¸ кўрганим ҳам йўқ. Лекин қабул пайтида шунақа гап бор эди.

Озодлик: Ўша гап рост чиқдими ëки ëлғонми¸ шуни айтинг.

Азиза: Буни билмайман.

Озодлик: Буни билмайсиз.

Азиза: Йўқ¸ буни билмайман.

Озодлик: Ўзингиз ҳам мана бу йил ўқишга кирибсиз.

Азиза: Мен ўқишга кирмаганман. Мен ўқишдан воз кечиб¸ ишга кириб кетганман.

Озодлик: Ўқишдан воз кечиш дегани ўқишга кириб туриб¸ кейин ундан кетиш дегани.

Азиза: Йўқ¸ шартнома асосида кириб¸ пул тўлашни хоҳламасдан ўқишни ташладим.

Демак, Азиза бу йил ўқишга кирган, лекин шартномада белгиланган пулни тўлай олишига кўзи етмай, ўқишдан воз кечган.

Суҳбатдошимиз тилга олган ҳолат - "Ёшлар йили"да ўқиш арзон бўлади, деган фикр билан 2008 йилда абитуриентнинг кўпайиб кетгани қизиқ ҳолат.

Хўш, "Ёшлар йили"да ўқиш пулининг ярмини давлат кўтаради, деган гап қаердан чиққан эди? Чиндан ҳам ҳукуматнинг шундоқ ваъдаси бормиди? Агар бўлса, ваъданинг устидан чиқилдими?

Жуда қизиқ саволлар. Лекин бугун уларга жавоб излаб ўтирмаймиз. Мавзудан чалғимайлик, демоқчиман.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Нигора. Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирининг ёш ўқитувчиси.

Озодлик: Бу йил қанақа йил?

Нигора: Бу йил ëшлар йили.

Озодлик: Ëшлар йили эканлиги нималарда билинди?

Нигора: Шахсан мен ўзбекистонлик бир ëш сифатида алоҳида бир ëшлар ҳаëтида ўзгариш бўладиган ëки уларнинг имкониятларини кенгайтирадиган бирор ҳодиса содир бўлганини билмайман. Бу йил фақат шиорларда ўтди.

Масалан ҳар-ҳар жойларга “2008 йил – Ëшлар йили” деган шиорлар осиб қўйилган. Ундан кейин саройларда ëшлар йилига бағишланган концертлар ўтказилди. Мен бошқа ҳеч нарса сезганим йўқ.

Дастурни қабул қилиш жараëнида жуда баландпарвоз гаплар гапирилган эди. Лекин амалда ҳеч қандай ўзгариш сезганим йўқ.

Ўзи Ўзбекистонда ҳар йил билан боғлиқ ҳам шунақа бўладику. Фақат ном билан шиор бўлади¸ амалда эса ҳеч нарса йўқ. Мураккаблашса¸ мураккаблашади. Мураккаблашиш жиҳати масалан шартнома пулининг кўтарилгани билан боғлиқ.

Бояги, кириш имтиҳонларидан ўтгач, ўқишдан воз кечиб юборган қиз ҳам бу ишни шартнома нархлари кўтарилиб кетгани учун қилганини айтган эди.

Демак, Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирининг ёш ўқитувчиси 2008 йилнинг Ёшлар йили эканлигини шиорлардан билибди.

Хоразмлик мана бу йигит, афтидан шиорларни ҳам ўқимайдиган кўринади. Лекин йилнинг номи қандай эканини биларкан.

Озодлик: Бу йил Ўзбекистонда қанақа йил?

- Бу йил ëшлар йили.

Озодлик: Шу ëшлар йили эканлиги нималарда билинди?

- Менимча ҳеч нарсада билинмади. Ҳеч қанақа янгилик бўлгани йўқ. Ўқиш масаласида янгилик бўлади дейишган эди. Мен ҳеч нарса сезганим йўқ.

Озодлик: Янгилик бўлгандирку¸ сизнинг ишингиз тушмаганидан билмай қолгандирсиз.

- Йўқ¸ ҳеч нарса бўлмади.

Балки у ёшлиги боис, ҳукумат амалга ошираётган ишлардан бехабардир.

Мухолифатдаги “Бирлик” халқ ҳаракати партияси Фарғона вилоят бўлими етакчиси Ҳамдам Сулаймоннинг айтишича, Ёшлар йилида ёшлар учун фойдали муайян ишлар амалга оширилди. Ва табиийки, Ҳамдам ака йилнинг номини билади.

Ҳамдам Сулаймон: Ëшлар йили бу йил.

Озодлик: Ëшлар йили эканлиги нималарда билинди?

Ҳамдам Сулаймон: Ëшлар йили ëш оилаларга уй сотиб олиш учун истеъмол кредитлари берилишида билинди кўпроқ. Уй-жой олаëтган ëш оилаларга 15-20 йилга кредит берилди.

Озодлик: Кредит олган биронта оилани шахсан танийсизми?

Ҳамдам Сулаймон: Ҳа танийман.

Озодлик: Бу кредит қанақа бўлди¸ неча фоизлик бўлди?

Ҳамдам Сулаймон: Олинадиган уйнинг баҳосига қараб уй нархининг 25 фоизини ўзлари тўлади. Дейлик 50 миллион олса¸ беш йилгача фоизи йўқ. Беш йилдан кейин фоизи йилига 12дан 14 фоизгача. Бу дегани 50 миллионга 400 минг ëки 500 минг дегани.

Озодлик: Бу кредитни хоҳлаган бориб олавердими ëки чеклашлар ҳам бўлдими?

Ҳамдам Сулаймон: Мен билган давлат ишида ишлайдиган бир ëш оила олди. Ҳеч қанақа таниш-билишсиз уйнинг эгасини олиб келиб олишди. Лекин уй эгаларининг банкка ишонмаслиги жуда катта муаммо келтириб чиқарди.

Озодлик: Давлат идорасида ишлайдиган йигит таниш-билишсиз олди дедингиз. Давлат идорасида ишламайдиганлар кредитни таниш-билиш билан олдими?

Ҳамдам Сулаймон: Йўқ¸ энди уларда ишхонадан маълумотнома олиб бориш борда. Ўша олаëтган пулини қоплаш қобилияти борми ëки йўқми деган мазмунда. Лекин кўп хусусий корхоналарда ишлаëтганлар ҳам олди. Булардан ҳам хабарим бор.

Озодлик: Бу ерда 10 фоизини уриб қолиш деган нарса бўлмадими?

Ҳамдам Сулаймон: Йўқ¸ бу ерда бунинг иложи йўқ. Чунки кредит суммаси тўғридан-тўғри сотувчининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилди. Буни қанақа қилиб олиб қолади?

Албатта, жуда яхши. Уй сотиб олишга банклар қарз бериб тургани жуда яхши. Бир қарашда.

Лекин синчиклаб қаралса-чи?

Агар Ҳамдам ака билан суҳбатимизни диққат билан эшитган бўлсангиз, бир нарсага эътибор бергандирсиз. Кредитлар ё давлат идорасида ишлайдиганлар, ёки хусусий тадбиркорлар, яъни олинган қарзни қайтара олишига кафолати борлигини маълумотнома билан тасдиқлай оладиганларга берилган.

Бундай маълумотномаси йўқларга қарз берадиган жинни банкир ҳали нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда туғилмаган.

Бас шундай экан, Ёшлар йилининг ипотека кредитларини Россияда мардикорлик қилиб юрган асл муҳтожлар эмас, балки тевараги нисбатан текис, муқим иш-жойи бор давлат амалдори ёки тадбиркор олибди.

Образли қилиб айтсак, йўғон семирибди.

Ўзбек жамияти вакилларининг ортда қолаётган Ёшлар йили тўғрисидаги фикрлари билан таништирдик. Хўш, келаси йилни Ўзбекистон президенти қандай номлаши мумкин?

Талаба ёшидаги тошкентлик қиз Азиза ўйландию¸ бир нарса деёлмади.

Олий ўқув юртининг ёш ўқитувчиси эса, жавоб берди.

- Одатда эълон қилинадиган йиллар бир-бирига боғлиқ бўлади. Ëшлар йили энди умумийроқ йил бўлди. Балки талабалар йили бўлар!? Балки ҳомийлар йили бўлар!? Менимча ëшлар мавузнинг атрофидан нари кетилмайди.

Хоразмлик йигит ҳам келаси йилни президент қандай йил деб эълон қилишини тахмин қилолмади.

Бирлик халқ ҳаракати партияси Фарғона вилоят бўлими етакчиси Ҳамдам Сулаймон эса мана бундай деди.

- Менимча кейинги йил фермерлар йили бўлса керак.

Навбатдаги савол: номлаш ваколати суҳбатдошларимизга берилса, улар келаси, 2009 йилни қандай номлаган бўлардилар?

Тошкентлик қиз Азиза.

- Бу йил ëшлар йили бўлган бўлса¸ келаси йил ўшанинг давоми деб эълон қилиниши керак. Чунки бутун ишни бир йилда қилиб бўлмайди. Мен талабалар йили деб эълон қилган бўлардим.

Ўқитувчи қиз Нигора.

- Кейинги йилга мен... жуда қийин савол бердингиз. Бу анчайин вақт талаб қиладию¸ лекин мардикорликни тугатиш йили деб эълон қилган бўлардим. Айнан ишсиз ижтимоий қатламга амалий бир ëрдам кўрсатиладиган бир йилни эълон қилган бўлардим.

Хоразмлик йигит.

- Озодлик йили деб эълон қилган бўлардим.

Озодлик: Нима учун? Нимадан озодлик?

- Шу ҳамма нарса эркин бўлса¸ ўқишларда пора бўлмаса¸ ўқишга кирсангиз¸ ҳамма нарсада ҳақиқат бўлса¸ ўрнингизга бошқалар кириб йиқитишмаса яхши бўларди.

Бирликчи Ҳамдам Сулаймон.

- Менга қолганда Ўзбекистоннинг иқтисодини кўтариш йили деб эълон қилган бўлардим. Чунки ҳозир жаҳондаги инқироз оқибатида кўпчилик ташқарида ишлаëтган ўзбеклар қайтиб келаяпти. Ўзбекистонда анча-мунча қийинчиликлар бўлади.

Йилга ном танлаш ҳуқуқи Ўзбекистонда мамлакат президентиники экан, Каримовнинг ўрнига президент бўламан деган одамнинг фикрлари ҳам сиз тингловчига қизиқ бўлиши мумкин.

Шунинг учун Ўзбекистон президентлигига номзодликка экс-номзод, медицина фанлари доктори Суҳбат Абдуллаев билан қилган суҳбатимизни алоҳида эшиттирмоқчимиз.

Озодлик: Бу йил Ўзбекистонда қанақа йил?

Суҳбат Абдулла: Бу йил ëшлар йили деб эълон қилинди¸ шуми?

Озодлик: Демак биларкансиз. Эсингизда бор экан.

Суҳбат Абдулла: Ҳа¸ эсимда бор.

Озодлик: Ëшлар йили эканлиги нималарда билинди?

Суҳбат Абдулла: Билинадиган томонини мен унчалик сезганим йўқ. Бу ëшлар йилида баъзан телевидениеда¸ баъзан радиода фалон форум ундай қилди¸ Камолот жамағармаси бундай қилди деган хабарлар қулоққа чалиниб қолади¸ лекин айтайлик ëшлар учун жиддий иш қилинганининг мен гувоҳи бўлганим йўқ.

Озодлик: Жиддий бўлмаса ҳам қандайдир ишлар қилингандир? Ҳалиги ипотека кредитлари тўғрисида гаплар бўлган.

Суҳбат Абдулла: Агар бу масалани бевосита кредитга олиб бориб боғлайдиган бўлсак¸ ҳукуматнинг аввалдан шундай қарори бор эди. Ëш оилаларга моддий ва маънавий ëрдам кўрсатиш учун маълум бир ипотека кредитлари ажратилиб¸ берилганлиги ҳақидаги нарсалар бор эди. Бу нарсаларни олганлар ҳам бўлган бўлса керак. Лекин бу нарса жуда ҳам ярқираб кўзга ташланадиган аҳволда бўлмагани учун эҳтимол биз сезмай қолган бўлишимиз мумкин.

Озодлик: Президент ҳар йили конституция муносабати билан бўладиган мажлисда навбатдаги йилнинг қандай аталишини айтади. Сизнингча¸ кейинги йилни қандай йил деб эълон қилади?

Суҳбат Абдулла: Президент жаноблари қандай эълон қилса қилверсину¸ лекин халқнинг иқтисодини кўтарадиган¸ халққа яхши бўладиган¸ гастарбайтерчилик аҳволини озгина бўлса ҳам жиловлаб яхшироқ аҳволга олиб келадиган¸ фермерларнинг аҳволини яхшилайдиган тарафини кўзда тутадиган бирорта нарсани ўртага ташласа ва шу ўртага ташланган нарса ўзининг самараларини ҳақиқатдан ҳам бера бошласа ана шу нарсани мен хоҳлаган бўлардим.

Озодлик: Сиз келаси йилга нима деб ном берган бўлардингиз?

Суҳбат Абдулла: Мен биринчи навбатда Ўзбекистонда таълим олаëтган ëшларни мажбурлаб қишлоқ хўжалиги меҳнатларига жалб қилмайдиган йил деб ном берган бўлардим.

Иккинчи қиладиган нарсам Ўзбекистон бу аграр мамлакат. Мана шу мамлакатдаги фермерчилик ҳаракатини тўғрилаган бўлардим. Ҳозир тескари нарса кетаяпти. Мен фермерларга икки гектардан ортиқ ер бермасдим.

Нега? Бу ҳам энди бошқа эшиттириш мавзуи.

Бугунги эшиттириш эса, ўз олдига қўйгани вазифани бажариб бўлди.

P.S. Бу суҳбат Ўзбекистон президенти Ислом Каримов янаги йилга расман қандай ном берилганини эълон қилиши арафасида ҳозирланди. Президент жаноблари конституция куни муносабати билан қилган нутқида йилга ном топиш борасида яна ҳамма тахмин ва истаклардан ўзиб кетди ва 2009 йилни “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" деб эълон қилди.




XS
SM
MD
LG