Линклар

Советларнинг унутилган очарчилиги

  • Замира Шукур

Қозоғистонда 30-йиллар бошида юзага чиққан очарчилик оқибатида 5 миллиондан ошиқ одам қирилиб битди¸ бутун бошли етим болалар авлоди пайдо бўлди.

Қозоғистонда 30-йиллар бошида юзага чиққан очарчилик оқибатида 5 миллиондан ошиқ одам қирилиб битди¸ бутун бошли етим болалар авлоди пайдо бўлди.

Совет матбуоти¸ совет халқи дунëдаги энг бахтиëр¸ тўқ ва фаровон халқ деб бонг ураëтган 20-30-йилларда Сталин сиëсати оқибатида миллионлаб одам очарчиликдан қирилиб битди.



30-йиллар Украинасидаги очарчилик совет режими остида чекилган мусибатларнинг энг ëрқин мисолларидан бири.

Совет даврида бу очарчилик ҳақида деярли гапирилмади. Аммо мустақилликка эришганидан бери Украина ўз тарихининг бу даҳшатли саҳифаси ҳақида дунëга ҳикоя қилиб келмоқда.

Украинада миллионлаб одам ҳаëтига зомин бўлган очарчилик қурғоқчилик эмас¸ балки Иосиф Сталиннинг коллективлаштириш дастури маҳсулидир.

Хусусий фермаларни колхозга айлантириш учун Сталин мавжуд деҳқонлар синфини йўқ қилиши ва туғилиб келаëтган украин миллатчилигини бўғиши лозим эди.

Шу мақсадда бой деҳқонлар Сибирга сургун қилинди¸ камбағаллари эса¸ очарчилик домига ташланди.

- 1933 йил кузида бизга келишди. Улар бор ғалламизни тортиб олди. Буғдой у ëқда турсин¸ бир дона нўхат ëки ловиягача қолдирмай олиб кетишди. Бизни Сибирга жўнатилиш учун қашшоқ деб топишди. Улар янаги келишида уйимизда қолган сўнгги бурда нонимизни ҳам олиб кетдилар¸ - дейди бу очарчиликдан омон қолган украинлардан бири.

Яқинда украиналиклар машъум очарчиликнинг 75 йиллигини ëдга олдилар. 22 ноябр куни президент Виктор Юшченко Киевдаги очарчилик қурбонлари монументи олдида туриб¸ жамоатчиликка мурожаат қилди.

- Биз барчани¸ биринчи галда Россия федерациясини сталинизм ва тоталитар Совет иттифоқи жиноятларини қоралашда ўз қардошлари олдида ҳаққоний¸ ҳалол ва тоза бўлишга чақирамиз.

Украинадаги очарчилик террори олдиндан ҳозирланган геноциддир¸ - деди Киев раҳбари жумладан.

Очарчиликни геноцид деб аташ талаби¸ Россия томонидан кескин рад этилмоқда.

Россия¸ очарчиликнинг миллатидан қатъий назар¸ Совет иттифоқидаги кўплаб этник гуруҳларга таъсир этганини даъво қилади.

30-йиллар бошида совет Қозоғистонида ҳам очарчилик оқибатида бир миллиондан ошиқ одам нобуд бўлди.

Аммо бу очарчиликка бугун украинлар ва қозоқлар кўрсатаëтган муносабатда катта тавофут бор. Қозоғистон пойтахти Остонада очарчилик қурбонлари учун ўрнатилиши режаланган хотира обидаси 1992 йилдан бери битмай келмоқда.

Юшченконда фарқли¸ Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Россиядан тарихий фожеа учун маъсулиятни зиммасига олишни сўраëтгани ҳам йўқ.

- Украинада очарчилик сиëсий масала. Жамият буни муҳокама қилмоқда¸ матбуот бу ҳақда ëзмоқда¸ оилалар бу тарихни ҳикоя қилмоқда. Аммо Қозоғистонда 30-йиларнинг бу даҳшати ҳақида гапиришга сиëсий ирода йўқ.

Менимча¸ бунинг қатор сабаблари бор. Биринчиси¸ албатта¸ Россия. Қозоқ раҳбарияти¸ очарчилик мавзуини тилга олмаслик билан¸ Россиянинг жаҳлини чиқаришга чап бераëтганига ишонади.

Сабаблардан яна бири¸ иқтидордаги қозоқ раҳбарлари совет даврида етишган сиëсатчилардир. Улар очарчилик ҳақида гапириш¸ совет даврининг бошқа жиноятларини ҳам тилга кўчириши мумкинлигини яхши биладилар¸ дейди Озодликнинг қозоқ хизмати директори Едиге Магауин.

Бу ҳақиқат¸ бугунги Россия ичидаги бошқа фожеаларга ҳам тегишли. Украина ва Қозоғистондаги очарчиликдан ўн йилча аввал 1921-22 йилларда Волга-Урал минтақаси аҳолисинигн аксари очликдан қирилиб кетган эди. Қурбонлар орасида этник руслар ҳам бор эди¸ аммо уларнинг аксари татар-бошқирдлар эди.

- Россия ўз тарихининг қоронғу тарафи ҳақида гапиришни хуш кўрмайди. Украина мисолида¸ миллий элита ўзини тарих фожеаси атрофида сафарбар қилишга уринмоқда. Татаристонда эса¸ бу масалани халқаро майдонга олиб чиқиш учун сиëсий куч йўқ. Шу боис одамлар¸ бу ҳақда сукут сақлашни афзал биладилар¸ -дейди Озодлик радиосининг татар-бошқирд хизмати раҳбари Рим Гилфанов.

20-йиллар бошидаги очарчиликдан 5 миллионга яқин одам нобуд бўлди. Аммо ҳозирга қадар бу қурбонлар хотирасига Татаристон ëки қўшни республикаларда бирор обида тикланган эмас.

- Очарчилик мавзуи халқаро майдонда тилга олиниши ва унинг орқасида сиëсий куч бўлмоғи лозим. Бу ҳақда ҳеч ким гапирмаса¸ тарихнинг бу даҳшати унутилишга маҳкумдир¸ - дейди Рим Гилфанов.



XS
SM
MD
LG