Линклар

Ҳаммасига эркин бозор айбдор

  • Фаррух Юсуфий

Президент Каримов фикрича¸ бозор иқтисодига ўтишни пайсалга солиш орқали Ўзбекистон раҳбарияти ўз қўшнилари¸ хусусан Қозоғистондан кўра¸ донороқ сиëсат юрғизган.

Президент Каримов фикрича¸ бозор иқтисодига ўтишни пайсалга солиш орқали Ўзбекистон раҳбарияти ўз қўшнилари¸ хусусан Қозоғистондан кўра¸ донороқ сиëсат юрғизган.

Глобал молиявий бўҳронга тўхталган президент Каримов¸ мамлакат эркин бозор иқтисодига ўтмагани боис ўзбекистонликлар бу бўҳрон зарбасини деярли сезмаяптилар¸ деган мазмунда гапирди.

“Тобора чуқурлашиб бораётган жаҳон молиявий инқирози Ўзбекистонга таъсир қилмайди, бизни четлаб ўтади, деган хулосани чиқариш катта хато бўлади”, деди Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов мамлакат Контитуцияси қабул қилинганининг 16 йиллиги муносабати билан қилган чиқишида.

Ўзбекистон раҳбари бу сафар ҳам ўз нутқини ўзбек халқ мақоллари билан бойитиш анъанасига содиқ қолди.

- Мен ўйлайманки, шу “Янги уйни қурмасдан туриб, эски уйни бузиш керак эмас” деган фикр хаëлимга қандай келганини, Оллоҳнинг ўзи менга шуни айтишга буюрди-да.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Конституция қабул қилинганининг 16 йиллиги муносабати билан қилган нутқида “эски уй билан янги уй” ҳақидаги фикрлари¸ унинг кейинги 16 йилда қилган нутқларига уйғун асосий нуқта бўлди, деса бўлади.

Ўзбекистон раҳбари бу сафар диққатини жаҳонда авж олган молиявий бўҳронга қаратди.

- Аввало жаҳон молиявий инқирози ҳақида. Бу инқироз АҚШда ипотекали кредитлаш тизимида рўй берган танглик ҳолатидан бошланди. Сўнгра кўплаб мамлакатларда ишлаб чиқариш ва иқтисодий ўсиш суръатларининг кескин пасайиб кетиши билан боғлиқ ишсизлик ва бошқа салбий оқибатларни келтириб чиқарди, - деди Каримов.

Жума кунги чиқишида жаҳон молиявий инқирози сабабчилари, биринчи навбатда Қўшма Шататлардаги иқтисодий тизимни танқид остига олган Каримов¸ Ўзбекистон танлаган ўзига хос моделнинг молиявий бўҳрон шароитида ўзини оқлагани, шошма-шошарлик билан бозор иқтисодиётига ўтиб олган қўшни давлатлар тутган йўл эса хато бўлганини йиғин иштирокчиларига уқтиришга уринди.

- Эсингизда бўлса ура-ура деб “Мана бозор иқтисодига ўтдик, эски замондан мутлақо воз кечиб янги жамият қураяпмиз, иқтисод қураяпмиз” деган қанча-қанча оламшумул гаплар бўлди. Бизнинг қўшниларимиз “Бизлар энди янги жамиятга ўтдик, ҳаммаси яхши бўлади” деб халқига қанча-қанча ваъдалар берди. Бунақа уринишлар¸ албатта¸ калтабинликнинг ифодаси бўлиб, мана бугун озгина вақт ўтгандан кейин аччиқ ҳақиқат ўзини-ўзи яна кўрсатмоқда¸ деди Ислом Каримов жумладан.

Калтабин қўшнилар деганда, Каримовнинг эркин бозор иқтисодига постсовет ҳудудларида биринчилардан бўлиб ўтишга киришган Қозоғистон¸ шунингдек Қирғизистонни назарда тутаëтгани Тошкент раҳбарининг гапириш услубидан хабардор кузатувчига сир эмас.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ ходими, ҳозирда Қозоғистондаги Евроосиё институти иқтисодиёт факультети декани Сапарбой Жўраев президент Каримовнинг молиявий инқироз Қозоғистон иқтисодига катта таъсир ўтказаётгани ҳақидаги фикрларига қўшилади.

Лекин, дейди иқтисод фанлари номзоди, бозор иқтисоди қоидаларини қабул қилишни ўзига эп кўрмаётган Ўзбекистон хоҳ инқироз шароитида бўлсин, хоҳ жаҳон иқтисодий равнақ топган шароитда бўлсин, Қозоғистондан фарқли ўлароқ ютқизиқда қолади.

- Қозоғистон бозор иқтисодиëтига шок-терапия билан ўтиб кетди. Ўзбекистон босқичма-босқич ўтишга йўл олган. Ўзбекистонда давлатнинг назорати, давлатнинг таъсири кучли. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондаги ҳозирги иқтисодий аҳвол, менинг фикримча, Қозоғистондагига қараганда пастроқ. Чунки Қозоғистоннинг ички ялпи маҳсулоти 100 миллиард доллар бўладиган бўлса, Ўзбекистонники 25 миллиард долларга тўғри келади. Шунинг ўзи Ўзбекистон ҳозир қийинчилик даврини бошидан кечираяпти¸ деган фикрни исботлаб беради, - дейди Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ амалдори.

Ўзини Ойбек Султонов, деб таништирган тошкентлик иқтисодчи эса, Каримовнинг ўзбек мақолларига йўғрилган нутқидаги “Биз ислоҳотларни ўтказмадик ва тўғри қилган бўлиб чиқдик” қабилидаги фикрлари кейинги 15 йил давомида сурункали шок-терапиясини бошидан кечираётган ўзбекистонликларни яна алдаш уринишларидан бошқа нарса эмас, дейди.

- Бу биринчи марта айтилаëтган гаплар эмаску! 15-16 йилдан айтиб келинаëтган гаплар бу. Энди тараққиëт, ислоҳотларнинг ютуғи билан бирга таваккалчилиги ҳам бўлади. Шунинг учун биз бозорга қараб юрмадик, шунинг учун биз ютуқлироқ вазиятдамиз¸ деб баҳолашнинг ўзи қанақадир бир бугунги вазиятга унчалик тўғри келмайдиган нарса.

Президентнинг “Янги уйни қурмасдан, эскисини бузмаймиз” мазмунидаги ўзимизга хос моделимиз бор, деган таъкидларига келсак, дейди тошкентлик иқтисодчи...

- Тараққиëтни истаган жамият, ривожланишни истаган жамият ғордан чиқиши керак. Ғордан чиқмаган одам тараққиëтсиз қолади, лекин ғордан чиқмаган одамнинг “Биз ëруғликка чиқмадик, шу туфайли момақалдироқ, ëмғир, дўл каби офатлар биздан йироқда ўтди” деб ўзини-ўзи овунтириши¸ умуман ақлга сиғмайдиган нарса. Каримовнинг сўнгги баëнотини шунга ўхшатиш мумкин холос, - дейди тошкентлик иқтисодчи Ойбек Султонов.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ ходими Сапарбой Жўраев эса, президент Каримов ўзи ҳар доим меҳнаткаш, деб кўкларга кўтарадиган ўзбек халқига қўйиб берганида, янги уй аллақачон барпо бўлган бўларди, дейди.

- Ўзбек халқи агар эркинроқ бўлганида, янги уйларни Қозоғистондагидан ҳам кўп қилиб қуриб ташлаган бўларди. Майли жаҳонга чиқмасин, шу Ўрта Осиë давлатларининг ўртасида очиқ иқтисод бўлганида, Ўзбекистоннинг янги уйлари жуда кўп бўлиб кетарди, дейди Олмотадаги Евроосиë институти иқтисодиёт факультети декани Сапарбой ака.

Ўзбекистон раҳбари кейинги икки ҳафта ичида иккита фармон имзолаб, жаҳон молиявий инқирозининг Ўзбекистон иқтисодига ҳам бевосита таъсири борлигини тан олди. Жума кунги чиқишида Ўзбекистон раҳбари бўҳроннинг жиддий оқибатлари ҳали олдинда эканидан ҳам огоҳлантирди.

- Табиийки, юқорида келтирилган мисол ва рақамлардан тобора чуқурлашиб бораëтган жаҳон молиявий инқирози мамлакатимизга таъсир кўрсатмайди, бизни четлаб ўтади деган хулоса чиқармаслигимиз зарур. Масалани бундай тушуниш ўта соддалик, айтиш мумкинки¸ кечириб бўлмас хатолик.

Хўш, иқтисодий бўҳрон авж олган сўнгги ярим йил давомида мум тишлаб келган Ўзбекистон раҳбарининг бу каби “сидқидилдан иқрор” бўлишининг боиси нимада?

Биринчи сабаби, “ойни этак билан ёпиб бўлмайди” деганларидек охири кўринмаётган бўҳроннинг ўзбекистонликлар турмушига бевосита акс эта бошлаганидир, демоқда таҳлилчилар.

Тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Бахтиёр Файзулло гапиради.

- Айнан ҳозирги кунда шу инқирознинг таъсири сезила бошлади. Масалан¸ буни пул ўтказмаларининг камайишидан билса бўлади. Бир таниш банкиримиз бор. Унинг гапи бўйича илгари бир ойда у бошқарадиган кичкина бир банкка ташқаридаги гастарбайтерлардан 2-3 миллион доллар келаëтган экан. Ҳозир ташқаридан нари борса 300, 400 минг пул келаяпти¸ дейди. Яъни четдан бизга келаëтган пул оқими камайди.

Лекин, дейди суҳбатдошимиз, Ўзбекистон президентининг “молиявий инқироз бизга ҳам таъсир қилади”, деб тан олишининг асосий сабаби, келаси йилда кутилаётган қийинчиликларга ўзбекистонликларни тайёрлашдир.

Иқтисодчи Ойбек Султонов ҳам жаҳон молиявий инқирозининг Ўзбекистон учун жиддий оқибатлари ҳали олдинда ва афтидан президент буни яхши ҳис қилиб турибди, деган фикрда.

- Мана ҳозир кузатиб бораëтган бўлсангиз, 2008 йилнинг тўртинчи чораги бўйича иқтисодий кўрсаткичларнинг натижалари ҳали эълон қилингани йўқ, лекин жуда кўп кузатувчилар кутаяптики, Ўзбекистоннинг экспортида қисқариш юз беради. Ялпи ички маҳсулотнинг ўз-ўзидан қисқариши юз беради, ўз-ўзидан инфляциянинг ошиши, узоқ муддатли истеъмол товарларининг уй-жой, автомобил нархи тушиши, ўрта муддатли истеъмол товарларининг нархи тушиши кузатилаяпти, - дейди иқтисодчи Ойбек Султонов.

Бу вазиятда эса, деб хулоса қилади иқтисодчилар, жаҳон молиявий бўҳронининг оқибатларидан иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволда бўлган ўзбекистонликларни аввалдан огоҳлантириб қўймаслик, президент Каримов айтганидек “Кечириб бўлмас хато”бўлган бўларди.
XS
SM
MD
LG