Линклар

logo-print

Қомусда ҳаммаси бинойидек, амалда эса...

  • Алишер Сиддиқ

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг вакиласи Элса Видалга кўра, конституциядаги оммавий ахборот воситалари эркинлигини чекловчи огоҳлантиришлар ҳам ортиқча

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг вакиласи Элса Видалга кўра, конституциядаги оммавий ахборот воситалари эркинлигини чекловчи огоҳлантиришлар ҳам ортиқча

"Тўртинчи ҳокимият" рукнининг 8 декабр сонида Ўзбекистонда сўз эркинлиги соҳасида Конституция ижросини ўрганишга уриндик.

Ўзбекистон конституцияси матнини топиш Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам умуман қийинчилик туғдирмайди. Мисол учун, мен интернетга кириб, Конституция матнини бир дақиқада, ўзимни қизиқтирган моддаларини эса, боринг, икки дақиқада топиб олдим.

VII боб. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар

29-модда. Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

XV боб. Оммавий ахборот воситалари

67-модда. Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди.

Ўзбекистоннинг асосий қонуни матнини ҳақиқатан ҳам топиш осон, бироқ бу қонуннинг ҳаётдаги ижросини қидириб, кўп овора бўлиш мумкин.

- Бугун конституция куни бўлса бўлар, лекин Ўзбекистондаги ҳар бир кун конституцияни инкор қилади, – деди сўзининг аввалида “Халқаро бўҳронларнинг олдини олиш гуруҳи” оммавий ахборот воситалари бўйича таҳлилчиси Эндрю Стролайн.

Бундан англашилишича, Ўзбекистон ҳукумати Стролайнга ўхшаган халқаро кузатувчиларни яқин орада "мамлакатда сўз эркинлиги таъминланган", деган ғояга мутлақо ишонтиролмайди.

- Мен телевидение ёки газеталарда Ўзбекистонда ҳар йили 2-2,5 миллион ўқувчи далаларга мажбуран олиб чиқилаётгани ҳақидаги, маҳбусларнинг мунтазам қийноқларга солинаётгани ҳақидаги мақолаларни кўрсам, сўз эркинлиги борлигига ишонаман. Унгача эса "сўз эркинлиги бор" деган фикрни ҳатто xаёлимга ҳам келтирмаган бўлардим, - дейди халқаро кузатувчи.

Ўзбекистон Конституцияси фуқароларга бир томондан фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигини кафолатлайди, бошқа томондан бу фикр, сўз ва эътиқоднинг амалдаги конституциявий тузумга қарши бўлмаслигини талаб қилади.

Конституция оммавий ахборот воситаларига эркинлик беради ва уларни цензурадан халос қилади. Бошқа томондан конституция журналистларни мана шу эркинликларни чекловчи қонунларни поймол этиш борасида огоҳлантиради.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг вакиласи Элса Видал фикрича, буларнинг барчаси конституциянинг камчилиги, деб тушунилиши мумкин.

- Нодемократик усулда бошқариладиган давлатлар конституцияларида ҳам номувофиқликлар топилади. Конституциявий тузум ҳимояси шахс эркинликларини назарда тутган гўзал тамойиллардан устун қўйилади.

Биз доимо бунга қарши бўлиб келганмиз, чунки бу ҳолда исталган давлат раҳбари бу раҳнадан фойдаланиб, сўз эркинлигидан фойдаланаётган шахсни конституциявий тузумга қарши чиққанликда айблаши мумкин.

Конституциядаги оммавий ахборот воситалари эркинлигини чекловчи огоҳлантиришлар ҳам ортиқчадир. Эркин оммавий ахборот воситалари мавжуд вазиятни акс эттиради. Улар ўзича вазиятни пайдо қилолмайди. Уларнинг овозини ўчирсангиз ҳам воқеълик ўзгариб қолмайди, - дейди Элса Видал.

Лекин Ўзбекистон конституцияси президент Каримов ёки ўзбек ҳуқуқшуносларнинг ихтироси эмас. Бу бир қатор давлатлар конституцияларининг ўзига хос, ўзига мос бир қоришмасидир. Асосий қонун бир томондан ҳуқуқ, иккинчи томондан мажбуриятни акс эттиради.

Ҳуқуқшунос Арслон Холмуҳаммедовнинг фикрича, камчилик конституцияда эмас, балки давлат ва фуқаролар ўртасида адолатли ҳакамнинг йўқлигидадир.

- "Бу Конституциявий тузумга қарши", деб давлат ҳар қандай нарсани ўз фойдасига ўгириши мумкин. Шу ерда давлат ва фуқаро ўртасида мустақил ҳакам бўлиши керак. Ўзбекистонда бундай ҳакам йўқ, чунки Ўзбекистон атайин ҳеч қандай халқаро суд аъзолигига кирмаган. Агар Россия фуқаролари каби ўзбекистонликлар ҳам Страсбург судига мурожаат қила олганларида эди, вазият мутлақо бошқача бўларди, - дейди ҳуқуқшунос Арслон Холмуҳаммедов.

Ўзбекистонда сўз эркинлиги дорбознинг ўйини билан солиштирилади. Кимдир дорда ҳамон мувозанат сақлаётган бўлса, яна кимдир аллақачон ерга йиқилган.

Ўзи учун бир қадар сўз ва фикр эркинлиги доирасини кенгайтира олган “Узметроном” сайтининг бош муҳаррири Сергей Ежков бугунги вазиятда ўзини таҳдид остига қўйиб ишлашга тайёр бўлган журналистлар саноқли қолганини айтади. Сўз ва фикр эркинлигини кафолатловчи конституция эса, журналист фикрича, мутлақо бошқа авлод учун мўлжалланган.

- Бу конституция келажак авлод, биздан кейин яшайдиган одамлар учун чиқарилган. Ҳатто болаларимиз учун эмас, эҳтимол набираларимиз учундир. Янги сиёсатчилар авлоди етишиб чиқар, ўшанда Ўзбекистон ҳали ҳам дунёвий давлат бўлиб қолса, улар учун бу конституция керак бўлиши мумкин, - дейди Сергей Ежков.

Бугунги дастуримизда Ўзбекистон конституциясининг фақатгина икки моддасини тилга олдик. Бироқ кимдир бугунги баҳсимиз конституциянинг қолган 126-моддаси ижросига ҳам билвосита тааллуқли дейиши мумкин.



Қозоқ журналисти АҚШдан бошпана сўради

Комила Собирова

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси босими остида қолган мухолифатдаги журналист АҚШ дан бошпана сўрамоқда. Айни пайтда мамлакат махсус хизматлари журналистга нисбатан босим ўтказишда давом этмоқда.

“Олмаота-инфо” газетасининг бош муҳаррири Рамазон Есергепов ўз газетасида “Давлатни ким бошқараяпти: президентми ёки Миллий хавфсизлик хизматими?” номли мақолани чоп этгани учун махсус хизмат ходимларининг босими остида қолмоқда.

Журналистнинг эътирофича, у бундан бир ҳафта олдин чоп этилган бу мақолани махсус хизматдаги яширин манба томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида ёзган.

Мақола чоп этилгач, журналистнинг уйини тинтув қилган Миллий хавфсизлик ходимлари Есергеповнинг компьютери ва оила аъзоларининг мобил телефонларини олиб қўйган эди.

Шундан сўнг махсус хизмат ходимлари журналистни Миллий хавфсизлик қўмитасининг тергов ҳибсхонасига олиб кетишга уринганларида журналист улар қўлидан қочиб, АҚШнинг Олмаота шаҳрида жойлашган консуллик бўлимига мурожаат қилганди.

Америка элчихонасининг Қозоғистондаги расмийларидан бошпана сўраган Рамазон Есергепов ўтган ҳафта охирида юрак хуружи билан касалхонага ётқизилганди. Журналистнинг ҳозирги аҳволини билиш мақсадида Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилотининг раҳбари Розлана Таукинага мурожаат қилдик:

- Рамазон Есергепов юқори қон босими ва юрак хуружи билан касалхонада ётибди. Унинг ёнига Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари келиб, шифокорлардан журналистни тергов учун касалхонадан чиқариб юборишларини талаб қилишмоқда. Шифокорларнинг айтишича, уларга махсус хизматлар ходимлари томонидан босим ўтказилмоқда, - дейди Таукина.

Унга кўра, журналист мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитасидаги сирли манба келтирган яширин ҳужжатлар учун жавобгар эмас, бироқ амалда бунинг акси бўлмоқда:

- Журналистнинг қўлига жамоатчилик учун муҳим бўлган ҳужжатлар қандай йўл орқали келиб тушгани, бу журналистнинг шахсий иши. У ҳужжатларни келтирган манба исмини фақат судда ошкор қилиши мумкин. Бироқ, миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари унга босим ўтказиб, ўша сирли манба исмини ошкор қилишини талаб қилмоқдалар,- дейди Розлана Таукина.

Маълумки, сўнгги йилларда Қозоғистонда сўз эркинлиги вазиятининг ёмонлашаётгани маҳаллий ва халқаро ташкилотлар томонидан қаттиқ танқид қилинмоқда.

Ноябр ойи бошида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг сўз эркинлиги бўйича бўлими вакиллари яқин орада Қозоғистон ҳукумати мамлакатда сўз эркинлиги бўйича вазиятни яхшилаш борасида ушбу нуфузли ташкилот олдида олган ўз мажбуриятларини бажаришига умид боғлаган эди.

Бироқ, қозоғистонлик сиёсатшунос Николай Кузминга кўра, мамлакатда сўз эркинлигининг яхшиланиши фақатгина ҳукумат ёки оммавий ахборот воситалари вакилларигагина боғлиқ эмас:

- Бунда ўқувчилар позицияси муҳим. Бизнинг журналистлар нафақат ҳукуматдаги амалдорлар, балки йирик медиа-компанияларга эга корчалонлар босими остида ҳам ишлайдилар. Шу боис жамият сўз эркинлиги томон йўналиб, ўз позициясини илгари суриши, мамлакатда сўз эркинлиги таъминланишини талаб қилиши керак. Афсуски, бизнинг жамиятга ҳозирча буларнинг кераги йўқ, - дейди сиёсатшунос Кузмин.
XS
SM
MD
LG