Линклар

Қозоғистон аҳволни ўнгламоқчи


Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат қамоқхоналарида қийноқлар аввалгига нисбатан бироз камайганини эътироф этадилар, бироқ бу жазо муассасаларида қийноқлар мутлақо бартараф қилинганини англатмайди.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат қамоқхоналарида қийноқлар аввалгига нисбатан бироз камайганини эътироф этадилар, бироқ бу жазо муассасаларида қийноқлар мутлақо бартараф қилинганини англатмайди.

БМТ Қозоғистон расмийларини қийноқларга қарши курашда муросасиз бўлишга чақирмоқда. Айни пайтда мамлакатда қийноқлар мавжудлигини қозоқ расмийлари ҳам қисман тан оладилар.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари, гарчи Қозоғистон бундан 10 йил аввал қийноқларга қарши конвенцияга аъзо бўлган эса-да, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тез-тез қийноқлар қўлланилаётганини қайд этаяптилар.

Маълумки, 2001 йили Қозоғистон ҳукумати ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари бўйича нодавлат ташкилотлари БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига мамлакатдаги қийноқлар бўйича ҳисобот тақдим этгандилар.

Ўшанда БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистон ҳукуматига мамлакатда қийноқларни бартараф этиш бўйича 16 банддан иборатлар тавсиялар берганди. Улар орасида Жиноят кодексига қийноқ қўллаганлик учун жиноий жавобгарлик тайин этилиши ва қийноқлар қўлланилганини аниқловчи мустақил органларнинг тузилиши каби тавсиялар бор эди.

Бироқ аксар кузатувчилар ўтган 7 йил мобайнида Қозоғистон ҳукумати ушбу нуфузли ташкилот тавсияларидан атиги бештасинигина бажарганини билдирмоқдалар.

Қозоғистонда ҳали-ҳамон қийноқлар қўлланаётганини таъкидлаётган ҳуқуқ ҳимоячилари эса ҳозирда мамлакатда қийноқлар кўламини аниқ айтиб бўлмаслигини ҳам таассуф билан қайд этмоқдалар. Бу эса, ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, қийноқларга қарши кураш ишларини янада қийинлаштириб юборади.

- Биз буни қийноқ деб ҳисобласак, давлат органлари буни қийноқ эмас, балки қонунбузарлик сифатида баҳолайдилар. Шу сабабли бу борада ҳуқуқ ҳимоячилари ва расмийлар келтираётган рақамлар бир-бирига мувофиқ келмаслиги мумкин. Қозоғистондаги қийноқлар бўйича статистика аниқ эмас ва уни топишнинг имкони ҳам йўқ, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Жемис Турмағамбетова.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси раҳбари Евгений Жовтис эса бугунги кунда Қозоғистонда қийноқлар нафақат қамоқхоналарда, балки полиция участкалари ва вақтинчалик тергов ҳибсхоналарида ҳам кенг қўлланилаётганини айтади. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, Қозоғистонда қийноқлар Ўзбекистондаги каби оммавий тус олмаган:

- Қозоғистондаги жазо муассасаларида қийноқлар қўллаш Ўзбекистон қамоқхоналарида бўлгани каби кенг ёйилмаган. Жиноятчиликка қарши кураш сиёсатини яхшилаш борасида қатор ишларни амалга оширганимиздан сўнг пенециар тизимимиз иши аввалгига нисбатан бироз ўнгланди. Албатта, у бутунлай яхшиланди, деб айтолмайман. Бироқ ҳозирда биз қамоқхоналарда қийноқлар оммавий равишда қўлланилаётганини ҳам кузатаётганимиз йўқ, - дейди Жовтис.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов эса худди Қозоғистонда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам расмийлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг қийноқлар борасида келтираётган рақамлари бир-биридан кескин фарқ қилишини айтади. Унга кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг маҳбусларга нисбатан ваҳшиёна муносабатда бўлаётганларини айрим ички ишлар ходимларининг ўзлари ҳам баъзан тан оладилар:

- Ўша маҳбусларни қийноққа дучор қилаётган қамоқхона ходимларининг гаплари бўйича, бу буйруқни уларга юқоридан беришади. Уларни қийноққа дучор қиларканмиз, буни маҳбусларнинг иқрорнома ёзиб беришлари ёки кечирим сўрашлари учун юқоридаги буйруқ асосида қилаяпмиз, дейишаяпти. Агар шуни қилмасак, бизни ишдан бўшатиб юборишади, деган гапларни ҳам айтишаяпти, - дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистон расмийлари мамлакатда қўлланилаётган қийноқларга қарши қай йўл билан курашишни режалаётганлари ҳақида бирор гап айтолмаймиз. Аммо Қозоғистон расмийлари мамлакатда қийноқлар қўлланилаётганини қисман бўлса-да тан олиб, келажакда бу камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмоқчилар. Бу ҳақда қозоқ расмийларининг БМТнинг қийноқларга қарши конвенцияси бажарилиши бўйича шу йил ноябр ойида Женевада бўлиб ўтган мажлисда тақдим этилган ҳисоботида ҳам айтилган.

XS
SM
MD
LG