Линклар

Демократия тантанаси учун чекловлар


Ўзбек матбуоти сайлов қонунчилигига мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган ўзгартишларни демократик қадам ўлароқ баҳоламоқда.

Ўзбек матбуоти сайлов қонунчилигига мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган ўзгартишларни демократик қадам ўлароқ баҳоламоқда.

Ўзбекистонда ташаббус гуруҳларининг парламент қуйи палатасига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи мамлакат Олий Мажлиси томонидан бекор қилинди.

Ўзбекистон парламенти декабр ойининг дастлабки кунлари ўтган ялпи мажлисида Конституциянинг бир бандига ва сайлов тўғрисидаги бир неча қонунларга ўзгартишлар киритган.

“Ўзбекистон Олий Мажлисига сайловлар тўғрисида”ги қонуннинг 23-бандида “Ўзбекистоннинг сайлаш ҳуқуқига эга ҳар бир фуқароси ёки гуруҳи камида 300 кишидан иборат сайловчиларнинг ташаббус гуруҳини ташкил этиши мумкин”, деб ёзилганди.

Олинган хабарларга кўра, Олий Мажлис ўзининг декабр ойи бошидаги ялпи мажлисида қонунинг айни мана шу бандини ўзгартирган. Мана шу ўзгартишлар натижасида ташаббус гуруҳларидан номзод кўрсатиш ҳуқуқи олиб ташланган.

Ўтган президентлик сайловида ўз номзодини президентликка кўрсатган хоразмлик олим Суҳбат Абдуллага кўра, ташаббус гуруҳлари асосан мухолифат учун ўз вакилларини парламентга ўтказиш имкониятларидан бири эди.

Ўзбекистонда расман рўйхатга олинмаган мухолифатдаги Бирлик, Эрк ёки Озод деҳқонлар партиялари 2004 йилдаги парламент сайловида ўз номзодларини парламентга ўтказиш мақсадида сайловчилар ташаббус гуруҳларини тузган ва бу гуруҳлар ҳужжатлари Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилганди.

Аммо Марказий сайлов комиссияси топширилган ҳужжатларда қонунбузарликлар ва хатоликлар топилгани важи билан мухолифат вакилларига рад жавоби берган эди.

Сайлов чиғириқларидан ўтган суҳбатдошимиз Суҳбат Абдуллага кўра, Ўзбекистон ҳукумати ташаббус гуруҳлари ваколатларини чеклаш билан мухолифатни 2009 йил декабрида ўтадиган Олий Мажлисга сайловларда номига бўлса ҳам қатнашиш имкониятидан бира тўла маҳрум қилмоқчи.

- Аввалги қонунда ташаббус гуруҳи 100 кишидан иборат бўлиши белгиланган эди. Бу гуруҳ ўз манфаатларини ҳимоя қилувчи номзодни парламент депутатлигига ёки президентликка кўрсатиш ҳуқуқига эга эди. Кейинроқ қонунга “ташаббус гуруҳи 300 кишидан иборат бўлиши керак”, деган ўзгартиш киритилди. Бу талабни ҳам бажарса бўлар эди.

Бироқ, ўтган президентлик сайловлари арафасида ташаббус гуруҳлари томонидан бир неча номзоднинг президентликка кўрсатилиши, ташаббус гуруҳларининг номзодлари турли баҳоналар билан Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинмагани Ғарбнинг танқидига учради. Шундан кейин ҳукумат ташаббус гуруҳлари мавжуд тузум учун катта хавф эканини сезиб қолди, - деди Суҳбат Абдулла.

Ўзбекистон расмий матбуоти Олий Мажлис томонидан қабул қилинган ўзгартишларни “эркинлик ва демократияни ривожлантириш сари ташланган навбатдаги қадам” сифатида баҳоламоқдалар. Бу борада изоҳ сўраб Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилдик.

- Қонунларга киритилган ўзгартишлар парламент томонидан тасдиқланган. У президент томонидан имзоланганидан кейин матбуотда эълон қилинади. Ўзгартишлар бир ҳафта ичида матбуотда эълон қилиниши кутилмоқда. Шунинг учун ҳам бу борада бир ҳафтадан сўнг изоҳ беришимиз мумкин, - деди Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси аъзоси Жонибек Содиқов.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари ҳам қонунга киритилган ўзгартишларни шарҳламадилар. Партия вакиллари Озодлик мухбирига бу борада Олий Мажлисдаги ХДП фракцияси раисига мурожаат қилишимизни маслаҳат бердилар. Олий Мажлис депутатлари нуқтаи назарини билиш учун қилган уринишларимиз ҳам самара бермади.

Хоразмлик олим Суҳбат Абдулла Олий Мажлис томонидан қонунларга киритилган ўзгартишларни Ўзбекистон матбуоти томонидан “демократик” дея баҳоланишига қарши фикр билдиради.

Унга кўра, сайлов қонунларига киритилган ўзгартишлар мамлакатда мавжуд авторитар режимни мустаҳкамлашга қаратилган.

XS
SM
MD
LG