Линклар

logo-print

Чақириқ мўл - жавоб йўқ

  • Ҳурмат Бобожон

Инсон ҳуқуқлари муҳофазаси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг чақириқлари кўпинча расмий Тошкент томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда

Инсон ҳуқуқлари муҳофазаси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг чақириқлари кўпинча расмий Тошкент томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда

Freedom House ҳамда Human Rights First инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон президентига очиқ хат йўллаб, қамоқда қолаётган инсон ҳуқуқлари фаолларини озод этишга чақирди.

“Озодлик уйи” раҳбари Женифер Уиндсор ҳамда “Ҳюман Райтс Фирст" раҳбари Элиза Массимино номидан Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга йўлланган очиқ мактубда ўзбек қамоқхонасида қолаётган барча инсон ҳуқуқ фаоллари бирор шарт қўйилмасдан озод этилиши кераклиги айтилган.

"Биз қуйида имзо чеккан ташкилотлар – “Ҳюман Райтс Фирст" ҳамда “Озодлик уйи” Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига содиқлигингиз рамзи сифатида қамоқда қолаётган барча ҳуқуқ фаолларини шартсиз озод этишингизни қатъий талаб этамиз", дейилади президент Каримовга йўлланган мактубда.

Мактубда қамоқда қолаётган 20 га яқин ҳуқуқ фаолининг номлари келтирилган.

Ўтган давр мобайнида бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари озод этилган эди. Лекин халқаро ташкилотлар қолган ҳуқуқ фаолларининг ҳам озод этилишини талаб қилмоқдалар.

"Ўзбекистон ҳукумати қатор ҳуқуқ ҳимоячилари, жумладан, Мўътабар Тожибоевани озод этгани, албатта, таҳсинга сазовор, лекин бошқа ҳуқуқ фаолларининг тақдири ҳам бизни хавотирга солмоқда. Сизнинг буйруғингиз асосида Инсон ҳуқуқлари декларациясининг 60 йиллиги Ўзбекистонда кенг нишонланади ва умид қиламизки, ҳукуматингиз ушбу декларация доирасида олган мажбуриятларига содиқлигини ҳуқуқ фаолларини озод этиш билан намоён этади", дейилади Ўзбекистон президенига йўлланган очиқ мактубда.

“Озодлик уйи” ҳамда “Ҳюман Райтс Фирст" ташкилотларининг ушбу чақириқларига фарғоналик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева ҳам қўшилди. Франция ҳукумати мукофотини олиш учун Парижга етиб келган Тожибоева хоним Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига содиқлигини Ўзбекистон ҳукумати амалда исботлаши кераклигини айтди.

- Мен Фридом ҳаус (Freedom House) ва бошқа халқаро ташкилотларнинг айнан Ўзбекистондаги сиëсий маҳбусларни инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинган кун муносабати билан озод қилинишини талаб қилиб, Ўзбекистон ҳукумати олдига қўйган талабларига қўшиламан. Ўзбекларда бир одат бор: тўйга албатта тўëна билан келиш керак. Ўзбекистон ҳукумати ўзининг демократия йўлида қўяётган қадами ҳаққоний эканини исботлаш учун ўз халқи учун фидоий эканини кўрсатиш учун инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар, ëзувчилар, сиëсий маҳбуслар, айнан Ўзбекистонда демократия учун курашган фуқаролик жамияти фаолларининг озодлигини бутун жаҳон ҳамжамиятига тўëна қилиб берганда эди, мен Ўзбекистон ҳукумати мансабдорларига бошим ерга теккунча таъзим қилган бўлардим, - дейди ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева.

10 декабр куни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 60 йиллиги ҳамда қийноқларга қарши кун жаҳон бўйлаб кенг нишонланар экан, ўзбек мухолифати гуруҳлари ҳам ушбу кунда жамоатчилик эътиборини Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар тақдирига қаратмоқчи. Шундай тадбирлардан бири Женева шаҳрида бўлиб ўтади. Ана шундай тадбирлардан бири ҳақида Швейцарияда бошпана топган ўзбекистонлик диссидент ёзувчи ва собиқ сиёсий маҳбус Сафар Бекжон гапириб берди.

- Ўзбекистон ҳукумати Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигини тантана билан нишонлашга ҳаракат қилаяпти. Лекин бунинг амалда нима эканлигини, бу декларация ўзбекистонликлар учун қандай ҳуқуқларни беришини ҳеч қачон Ўзбекистон ҳукумати ëритмаяпти. Ўзбекистон дунëда энг кўп сиëсий маҳбус сақлаëтган давлат ҳисобланади. Бу декларация қабул қилинишидан асосий мақсад сиëсий маҳбусларнинг бўлишининг олдини олишдир.

Инсон ҳуқуқлари декларацияси аслида умуминсоний қадриятларни тиклаш учун 1948 йилда Европадаги сиëсий маҳбуслардан тортиб оммавий қирғинларни тўхтатиш учун қабул қилинган. Аммо, афсуски¸ Ўзбекистонда сиëсий маҳбуслар ҳам бор, қирғин ҳам бор. Қирғинга Андижон воқеалари яққол мисол бўла олади.

Бизнинг талабимиз, асосан, Ўзбекистонда 60 йил олдинги ибтидоий вазиятнинг сақланиб келинаëтганлиги, бу декларациянинг Ўзбекистонда ҳеч қанақа ишламаëтганлигини кўрсатиш бўлиб ҳисобланади. Шу муносабат билан БМТнинг Женевадаги инсон ҳуқуқлари комиссияси буни ҳар доим кун тартибида тутиб туриш ва Ўзбекистонни бу мажбуриятларни бажармаганлиги учун бу декларациядан чиқариш ва имзоларни бекор қилиш ҳуқуқига эга, - дейди Сафар Бекжон.

Қатор бошқа ташкилотлар ҳам ўзбек ҳукуматидан сиёсий маҳбусларни озод этишни талаб этган. Бундай чақириқлар эса шу пайтгача жавобсиз қолиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG