Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:48

Тожик мулозимлари рад этади


Тожик расмийлари мамлакатда коррупция билан боғлиқ вазият аввалги йилларга нисбатан анча яхшиланганини иддао қилмоқдалар-
Тожик расмийлари мамлакатда коррупция билан боғлиқ вазият аввалги йилларга нисбатан анча яхшиланганини иддао қилмоқдалар-

Transparency International гуруҳи дунё давлатларидаги коррупция билан боғлиқ вазиятга бағишланган йиллик ҳисоботини эълон қилиб, унда Тожикистонни порахўрлик авж олган 30 давлат қаторига қўшди.

Аммо 9 декабр - коррупцияга қарши курашиш халқаро кунида матбуот анжумани уюштирган Тожикистон коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги раҳбари мазкур ташкилот ҳисоботидаги маълумотларнинг ҳақиқатга мувофиқ келмаслигини билдирди.

Мазкур агентлик раҳбари Шерхон Салимовга кўра, мамлакатда порахўрликка қарши кураш бўйича аввалги йилларга нисбатан анча яхши натижаларга эришилган.

- Мен Transparency International халқаро ташкилоти ҳисоботи натижаларини асоссиз, деб биламан. Шу йил 11 ойи давомида агентлигимиз томонидан давлат тасарруфидаги катта-кичик идораларнинг 962 тасида ўтказилган молиявий текширувлар натижасида 89,6 миллион сомоний миқдоридаги иқтисодий зарар аниқланди.

Бунинг ортидан 1165 нафар давлат ходими жиноий жавобгарликка тортилди. Улар орасида юқори лавозимдаги шахслар кўпчиликни ташкил этади. Буни аввалги йилларга нисбатан жуда яхши натижа сифатида баҳолаш мумкин. Аммо кўпинча халқаро ташкилотлар ўз ҳисоботларида 2000 йиллардаги маълумотларни кўрсатиш билан чекланадилар, - деди агентлик раҳбари.

Айни пайтда Шерхон Салимов Тожикистон жамиятдаги бу иллатга қарши курашда ўз қўшнилари Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғизистонга нисбатан сўнгги йилларда жуда катта ютуқларга эришиб, халқаро ташкилотлар назарига тушганини таъкидлаб ўтди.

Агентлик раҳбари журналистларнинг: “Давлат идораларидаги қариндош-уруғчиликни коррупциянинг бир тури, деб ҳисоблайсизми?” деган саволига ҳам жавоб берди.

- Тожикистон қонунчилигида давлат идораларида қариндош-уруғчилик коррупция ҳам, жиноят ҳам ҳисобланмайди. Аммо, агар давлат идораларида бу ҳолат кузатилса, унда маъмурий жазо белгилаш билан чекланилади. Масалан, шу йил давлат идораларида 37 та ана шундай ҳолат қайд этилди. Улар орасида Хатлон вилоятининг давлат мулкини назорат қилиш қўмитаси раиси ўз атрофига ака-укаларини жалб қилгани аниқланди ва уларга маъмурий жазо берилди, - деди Шерхон Салимов.

Айни пайтда мустақил кузатувчилар Тожикистондаги аксар давлат идораларида қариндош-уруғчилик туфайли коррупция гуллаб-яшнаётганини таъкидлайдилар.

Уларга кўра, тожик жамиятида коррупцияга қарши курашда давлат мулозими таъкидлагани каби яхши натижаларга эришилмаган.

- Аксинча, - дейди мустақил таҳлилчи Ҳарамгул Қодир, - биздаги давлат тузилмаларида қариндош-уруғчилик, ошна-оғайнигарчилик кучайиб бормоқда. Масалан, ҳатто президентнинг давлат маслаҳатчилари ҳам ўз атрофига қариндош-уруғини тўплаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Улар ўша қариндошининг исм-шарифини ўзгартириб ёки яшаш жойини бошқа кўрсатиб, уларни давлат идораларидаги сердаромад жойларга жойлаштиришади. Жуда қисқа вақт орасида кечагина ишга олинган оддий мутахассис раислик лавозимларига кўтарилади. Бу эса жамиятда коррупциянинг илдиз отишига имконият яратади, холос.

Тожикистон парламенти БМТнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича конвенциясини 2006 йилда ратификация қилиш ортидан республикада илк бор Тожикистон коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш агентлигини ташкил этганди.
XS
SM
MD
LG