Линклар

Ўзбекистонда пора берувчи ҳам фаол

  • Барно Анвар

Transparency International ташкилоти Ўзбекистонни энг коррупциялашган давлатлар 15 талигига киритган

Transparency International ташкилоти Ўзбекистонни энг коррупциялашган давлатлар 15 талигига киритган

“Коррупция илдизини қирқиш учун фақат пора олиниши эмас, пора берилишига қарши чораларни ҳам кучайтириш керак”. Transparency International янги ҳисоботида шу тавсияни илгари сурди.

Дунёнинг иқтисоди ривожланган ва халқаро интеграциялашуви кучли 22 давлатида 2008 йили олиб борган кузатувлари натижасида Transparency International ташкилоти халқаро коррупциянинг илдизини суғораётган асосий омиллардан бири – поранинг таклиф қилинишидир, деган хулосага келди.

Собиқ совет ўлкалари, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам кишилар поранинг сўралиши ёхуд талаб қилинишига кўниккан. Аммо дунёнинг ривожланган давлатларида пора, одатан, таклиф қилинади.

Тransparency International ташкилоти кузатуви натижаларига кўра, асосан, компания, фирма ва бизнеси бир бўлган гуруҳлар мақсадига эришиш йўлида ўз юртида ҳам, хорижда ҳам алоҳида амалдор ёхуд сиёсий гуруҳ, жумладан, партияларга пора таклиф қилади. Айрим ҳолларда порани қабул қилиш ихтиёрий-мажбурий кўринишда ҳам бўлиши мумкин.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича департаменти директори Миклош Маршалга кўра, бу шаклдаги коррупция энг кучайган мамлакатлар яна Россия ва Хитой бўлган.

- Россия, Хитой, Мексика, Бразилия ва Ҳиндистоннинг компания ҳамда фирмалари хорижда ўз манфаати йўлидаги шартномаларни қўлга киритиш йўлида кўпроқ пора узатишга мойиллиги аниқланди.

Энг кам пора берадиган бизнес тузилмалари эса Белгия, Канада, Нидерландия ва Швейцария каби давлатларга тегишли.

Муҳим жиҳат шундаки, қайси давлатда коррупция авж олган бўлса, ўша давлатларнинг хориждаги компаниялари ҳам ишни пора узатиш билан ҳал қилишга уринади, - дейди Миклош Маршал.

Ташкилотнинг 2008 йил ёзда эълон қилган Коррупцияга муносабат борасидаги ҳисоботида ҳам Россия ва Хитой энг коррупциялашган давлатлар сафидан ўрин олган эди. Ўша рўйхатда Ўзбекистонни энг оқсаётган ўн бешталикка киритган ташкилот хулосасига кўра, порани узатиш эвазига ишини ҳал қилаётган Россия ва Хитой компаниялари Ўзбекистон иқтисоди равнақи учун ҳамон тўсиқдир.

- Ўзбекистон иқтисодий алоқаларни кўпроқ Россия ва Хитой билан олиб бораётгани ҳаммамизга маълум. Хусусан, Россияда энг коррупциялашган соҳалардан биринчиси қурилиш бўлса, иккинчиси нефт ва газ соҳасидир. Айнан шу соҳадаги Россия компаниялари бугун Ўзбекистонда фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда бошқарув тизими эса пора олишга ўта мойил, - дейди Тransparency International ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича департаменти директори Миклош Маршал.

Одатда, ўз бизнеси ортидан хорижий давлатларга кириб борган йирик компания, фирмалар ҳокимиятдаги сиёсий гуруҳ ва партияларга турли шаклда пора ҳамда имтиёзлар бериш эвазига ўз ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини қонунийлаштиришга уринади.

Тransparency International ташкилоти кузатувларига кўра, ижроия ҳокимиятининг деярли барча бўғинларида порахўрлик авж олган Ўзбекистонда хориж компанияларининг бу амалиёти иш бермоқда. Аммо Ўзбекистон ёпиқ давлат бўлгани ва авторитар режимнинг қарийб 20 йиллик бошқаруви остида матбуотнинг овози буткул ўчгани боис бу борада аниқ маълумотлар жамоатчилик учун сирлигича қолмоқда.

Бироқ, ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, ҳукумат кучларини порага сотиб олиб, уларни ўз манфаати йўлида ишлатаётган маҳаллий компаниялар, ҳукумат билан чатишган жиноий гуруҳлар фаолиятига оид маълумотларни озми-кўпчи қўлга киритиш мумкин.

У сўнгги қисқа давр ичида қабул қилинган икки расмий ҳужжат – президент фармони ва ҳукумат қарорини мисол келтирди.

- Эзгулик жамиятига Ўзбекистондаги кўпчилик акциядорлар мурожаат қилишган. Бозорларни акциядорлик жамиятларига айлантириш тўғрисидаги қарорнинг русчасини Каримовга имзолатишган, аммо бу қарорнинг ўзбекчаси унинг ғирт тескариси. Биз буни ҳатто бош вазирга чиқиб ҳам ҳал қила олмадик. Ўша жумла тўғриланса¸ бутун мамлакатдаги бозор акциядорлари синиб кетади. Тўполон бўлиб кетади. Бунинг орқасида гуруҳлар турибди. Ëки бўлмаса, адвокатура институтини ислоҳ қилиш тўғрисида қонун чиқди. Бу ғирт сиëсий буюртма¸ - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов Тransparency International ташкилотининг пора олганга ҳам, берганга ҳам бирдек чора кўриш тўғрисидаги таклифига муносабат билдирар экан, кўплаб давлатлар қонунчилигида порани олувчига бериладиган жазо оғирроқ эканига эътиборни қаратди. Хусусан, Ўзбекистонда шундай.

- Пора олганга нисбатан давлат сиëсати кучсизроқ тизимга эга. Бу бевосита давлат обрў-эътиборига¸ давлат харажатларини топташга қаратилган жиноят ҳисобланади. Шунинг учун пора берувчига нисбатан жазо қаттиқ, албатта. Кўпгина мамлакатларда ҳам шунақа.

Бошқа бир тарафдан, Ўзбекистондаги бошқарув тизимининг бугунги аҳволи ҳар қандай амалдорни нафақат пора олишдан тийилолмаслик, балки порани сўраш ёки талаб қилишига асосий сабаб экани сир эмас, - дейди Руҳиддин Комилов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG