Линклар

logo-print

Пулим бўлса, қурбонлик қилардим...


Ўзбекистонлик мусулмонлардан бир қисми ночорлик сабабли бу йил қурбонлик қилолмаганидан ўкиндилар

Ўзбекистонлик мусулмонлардан бир қисми ночорлик сабабли бу йил қурбонлик қилолмаганидан ўкиндилар

8 декабр Ўзбекистон конституцияси қабул қилинганлигининг 16 йиллиги санасига Қурбон ҳайити ҳам тўғри келди. Ўзбекистонликлар қўшалоқ байрамни қандай нишонладилар?

Бухоролик Бобомурод Раззоқов Бухорода байрам кўтаринки руҳда нишонланганлигини айтади.

- Ҳайитни энди халқимиз яхши нишонлади. Ëмон бўлгани йўқ. Диний байрамимиз бўлгандан кейин яхши нишонланди. Конституция куни билан қўшилиб кетди. Жойларда қурбонликка аталган жонлиқлар сўйилди. Бизда, одатан, қўчқор сўйилади. Бу қўчқор 20 килодан ортиқ бўлиши керак. Буни бир киши эмас бир неча киши қилади. Ош¸ шўрва қилиб атрофдаги камбағал одамларга тарқатилди, - дейди Бобомурод Раззоқов.

Самарқандлик Комилжон Ашуров эса бу йил Самарқандда ҳайит намозларига қатнашганлар ҳар йилгига нисбатан кўпроқ бўлгани ҳақида гапиради.

- Мен ўзим Намозгоҳ масжидига ўғлим билан бордим. Одам кўп бўлди. Катта Хожа Аҳрор масжидида ҳам одамлар тўлиб кетганини айтишди. Албатта ҳар бир маҳаллада иқтисодий аҳволи яхши одамлар қурбонликка атаб қўйми¸ эчкими боқадилар. Масалан, бир оила қурбонлик қилиб, ош қилиб уни тарқатди. Лекин айтиш керакки, қурбонлик сўйганлар ўтган йилгидан камроқ, - дейди Комилжон Ашуров.

Хивалик Ҳайитбой Ёқубов Хоразмда Рамазон ойи давомида кузатилган таъқиқлар Қурбон ҳайитида такрорланмаганидан хурсандлигини яширмади.

- Мен ўзим Чаккашоликор масжидида намозда қатнашдим. Бу йил одам жуда кўп бўлди. Яхши маърузалар бўлди. Рамазон пайтидагидан яхши ҳозир. Рамазон пайтида ҳатто эрталаб азон пайтида овоз кучайтиргичларни ўчириб қўйишган эди. Қурбонликлар сўйилаяпти. Мана бугун ўзим учта қурбонликда қатнашдим. Лекин бу сон жиҳатидан камайиб бораяпти, чунки бу йил одамларнинг топган даромадлари яхши аҳволда эмас, - дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Фарғона аҳли ҳам барча мусулмонлар сингари Қурбон ҳайитини байрам қилишди¸ дейди фарғоналик Абдусалом Эргашев:

- Байрам намозини ўқишга келганларнинг ичида ëш болалар¸ ўқувчилар¸ қариялар бор эди. Бирор жойда мактаб ўқувчиларига ëки бошқаларга тўсқинлик қилишганини кўрмадик. Милиция ходимлари йўл ҳаракатини ва осойишталикни таминлашди. Мен ўйлайманки¸ улар фақат осойишталикни таминлаш учун келишган. Рўйхатга олиш ëки бошқа нарса учун келишмаган улар. Қурбонликлар сўйилди. Асосан қўй сўйилди. Ҳамма оилалар ҳам қурбонлик қилди дейишдан йироқман. Чунки камбағал оилалар ўртаҳол оилалардан кўра кўпроқ.

Манғит бозорида савдо қилувчи Робия Ўтамуродова эса ҳайитда қурбонлик қилишга қурби етмаганлигидан ўкинади.

- Энди шу кийим-кечакдан¸ бошқа нарсалардан тийиб, савобга қолайлик, деб сўяëтганлар ҳам бор. Масалан, қурбонлик қилишга бизнинг қурбимиз етмайди, - Робия Ўтамуродова.

Робия опа мамлакатдаги иқтисодий аҳвол ўнгланишидан ноумид бўлса-да, кейинги ҳайитгача бозордаги даромадидан қурбонликка пул йиғиш ниятида.

XS
SM
MD
LG