Линклар

Россия: “Қотиллар осон қутулди”


Рус миллатчилари орасида вояга етмаган болаларнинг борлиги россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларини айниқса кўпроқ хавотирга солмоқда

Рус миллатчилари орасида вояга етмаган болаларнинг борлиги россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларини айниқса кўпроқ хавотирга солмоқда

Санкт-Петербург шаҳар суди ўзбекистонлик фуқарони ўлдирганликда айбдор деб топилган тўрт йигитни икки ярим йилдан беш йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Россиялик ҳуқуқ фаоллари суд ҳукмига норозилик билдириб, айбдор шахсларга бу каби енгил жазо қўлланилиши оқибатида рус миллатчиларининг ҳаракатлари кучаяётганлигини таъкидламоқдалар.

Петербурглик тўрт ўсмир миллий низо асосида Ўзбекистон фуқароси бўлган 30 ёшли Иброҳим Пармоновни ўлдирганликда айбдор деб топилган.

Иброҳим Пармонов Россияга мардикорлик қилиб пул ишлаш учун келган. У Репино қишлоғида боғбон бўлиб ишлаётганди.

2007 йилнинг 7 ноябр куни петербурглик тўрт ўсмир Иброҳимни аввал ҳақорат қилиб дўппослашади. Иброҳим қочишга ҳаракат қилганида, уни пичоқлаб ўлдирадилар.

Regnum ахборот агентлиги хабарига мувофиқ, петербурглик йигитлар Иброҳимга камида 25 марта пичоқ уришган. Иброҳим воқеа жойида ҳалок бўлган.

Суд ҳукмига кўра, Сергей Дмитриев Иброҳим Пармоновни ўлдирганликда айбдор деб топилиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Қотилликда иштирок қилган унинг шерикларидан бирига уч йиллик шартли жазо, қолган иккаласига 2,5 ва 4,5 йиллик қамоқ жазоси белгиланган.

Россиялик ҳуқуқ фаоллари Санкт-Петербург судининг бу ҳукмига норозилик билдириб, уни миллий низо асосидаги қотиллик учун ўта енгил жазо сифатида баҳоламоқдалар.

Москвадаги “Сова” ахборот-таҳлилий маркази ходими Галина Кожевникова Озодлик билан суҳбатда суд ҳукми уни танг қолдирганини айтади.

- Миллатчилик негизидаги қотиллик учун беш йиллик қамоқ жазосининг берилиши адолатдан эмас. Миллий низо асосидаги қотилликлар учун бу каби енгил жазо берилиши Россияда одатий кўринишга эга бўлиб бормоқда. Россия ҳукумати юритаётган сиёсат айни ҳолатларнинг кўпайишига сабаб бўлаётир. Россия судлари рус миллатчилари учун бу каби енгил жазо бериш бўйича ҳукуматдан махсус кўрсатма олаётганга ўхшайди. Ҳатто миллатчилик негизидаги ҳужумлар учун эмас, айни мақсаддаги қотилликларга ҳам енгил жазолар қўлланилмоқда. Рус миллатчиларига нисбатан бу каби енгил жазолар берилар экан, миллатчилик негизидаги қотилликлар сони ҳам кўпайишда давом этаверади, - дейди Галина Кожевникова.

Аксар экспертлар ҳам Россияда ўзга миллат вакилларига нисбатан тоқатсизлик фақатгина безори, тақирбош ёшлар даражасида эмас, балки ҳукуматнинг турли органлари миқёсида ҳам кузатилаётганини эътироф этадилар.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев ҳам Россияда миллатчилик ривожланишини Кремл юритаётган сиёсатдан излаш керак, деган фикрда.

- Россия ҳукуматининг тақирбошларга қарши ҳеч қандай иш олиб бормаëтганини сезса бўлади. Милициянинг бунга кўз юмиб туриши уларнинг олиб бораëтган сиëсатдан далолат беради. Кремлнинг кўз юмиши бугунги сиëсатдан келиб чиқиб қилинади, деган фикр туғилади, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси тарқатган маълумотга қараганда,
Россияда жорий йил бошидан буён миллатчилик негизида Ўзбекистоннинг йигирмадан зиёд фуқароси ўлдирилган, ўттизга яқини оғир жароҳат олган.

Россияда кейинги беш йил давомида жами 300 га яқин одам рус миллатчилари қурбони бўлган.

XS
SM
MD
LG