Линклар

Тошкентда газ музокаралари бошланди


Жаҳонда нефт ва газ нархларининг пасайиб бориши қабатида қирғиз расмийлари ҳам ўзбек газини арзонроқ баҳода сотиб олишга ҳаракат қилаяптилар.

Жаҳонда нефт ва газ нархларининг пасайиб бориши қабатида қирғиз расмийлари ҳам ўзбек газини арзонроқ баҳода сотиб олишга ҳаракат қилаяптилар.

10 декабр куни газ бўйича ўзбек-қирғиз музокаралари бошланди. Тошкентга борган қирғиз делегацияси икки кун мобайнида газ нархи борасида бир битимга келинишига умид қилмоқда.

2008 йилда ўзбек гази Қирғизистонга 145 доллардан сотилган эди. Расмий Бишкек Ўзбекистондан олинган маълумотларга таянган ҳолда 2009 йилда газ икки баробар қиммат баҳода сотиб олиниши мумкинлигидан аҳолини огоҳлантирган.

- Газ нархи 300 доллар, деб айтилди ва бу қиймат минтақа учун асос бўлиб қолди. Балки Тошкентдаги музокаралар жараёнида газ нархи арзонлаши ҳам мумкин. Лекин, ўрта ҳисобда, у 200 доллардан юқори бўлади, - деди “Қирғизгаз” расмийси Айзада Тўйғўнбоева.

Қирғизистон энергетика вазири Илёс Давидов ҳам Ўзбекистон яқин қўшничилик алоқаларини ҳисобга олган ҳолда, газ баҳосини бироз арзонлатиши мумкинлигини билдирганди. Вазир ўзбек гази нархи Қирғизистон учун 280 доллардан ошмаслигига умид билдирган.

Қирғизгаз” расмийси Айзада Тўйғўнбоевага кўра, газ нархининг қимматлаши истеъмолчиларни ҳам ташвишга солиб қўйган. Суҳбатдошимизнинг айтишича, Қирғизистон ҳар йили Ўзбекистондан бир миллиард кубометр миқдорида газ сотиб олар эди. Бироқ, бу йил газ нархининг икки баробарга кўтарилиб кетиши ҳақидаги ҳукумат огоҳлантирувидан сўнг айрим йирик истеъмолчилар “зангори олов”дан фойдаланишни сезиларли даражада чеклаганлар.

Айзада Тўйғўнбоевага кўра, бу йил Қирғизистон Ўзбекистондан 850 миллион кубометр миқдорида газ сотиб олади.

- Биз билан газ истеъмоли учун шартнома тузаётган ҳар бир ташкилот муқобил ёқилғига эга бўлиши шарт. Бу анъана бир ярим йил олдин бошланган. Ўшанда биз билан шартнома тузаётган ташкилотлар муқобил ёқилғига эга бўлиши учун махсус акция ўтказганмиз. Масалан, бу йил энг йирик истеъмолчи бўлган Бишкек иссиқлик тармоғи газдан бош тортиб, арзон ёқилғи тури бўлган мазут ишлатишга ўтди, - деди Айзада Тўйғонбоева.

“Қирғизгаз” расмийсига кўра, бундай тадбирларни ўтказишдан мақсад ўзбек газига бўлган қарамликни камайтириш ва ички имкониятлардан тўла фойдаланишдир.

Айни пайтда қирғизистонлик мутахассислар мавжуд иқтисодий шароитда мамлакат ўзбек гази қарамлигидан қутила олмаслигини билдирмоқдалар.

- Қирғизистон ҳозирда ўз гидроэнергетик ресурсларининг фақат 5 фоизидангина фойдаланиш имкониятига эга. Янги гидроэлектр станцияларини эса қура олмаяпти. Бундай шароитда муқобил ёқилғи ёрдамида ўзбек гази қарамлигидан қутилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, - деди энергетика бўйича халқаро эксперт Бозорбой Мамбетов.

Айни пайтда бошқа мутахассислар Ўзбекистон Қирғизистонга арзон баҳода газ беришдан манфаатдор эканини айтмоқдалар.

Маълумки, 2008 йилда Қирғизистон Ўзбекистонга сув бермагани боис ўзбек далаларида қурғоқчилик бўлди. Қирғиз тарафи буни Тўқтўғул сув омборидаги сувнинг камлиги билан изоҳлаган эди. Бунга эса қиш фаслида Қирғизистон аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқаришга мажбур бўлгани сабаб қилиб кўрсатилганди.

2009 йилда ҳам мана шундай вазият содир бўлмаслиги учун расмий Тошкент бир неча ой олдин қиш фаслида Қирғизистонга шартномада белгиланганидан ташқари 150 миллион кубометр қўшимча газ беришни кафолатлаган эди.

XS
SM
MD
LG