Линклар

Бангфуруш қамоқдан чиқмайдиган бўлди


Афғонистонда банг моддаларининг арзонлагани ҳам минтақадаги наркосавдогарлар фаоллашувига сабаб сифатида келтирилмоқда

Афғонистонда банг моддаларининг арзонлагани ҳам минтақадаги наркосавдогарлар фаоллашувига сабаб сифатида келтирилмоқда

Қозоғистон суди мамлакатда банг сотишни кенг кўламда йўлга қўйишга уринганликда айбланган 45 ёшли ўзбекистонликни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Бу ҳақда Атирау шаҳар ички ишлар департаментидан маълумот олдик:

- Атирау шаҳар суди Ўзбекистон фуқаросини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суднинг бу қарори 2008 йилнинг 4 декабр куни ўқиб эшиттирилди. Ўзбекистонлик бу фуқаро жорий йилнинг июль ойида 15 грамм героин, аниқроғи 1,5 минг дозага тенг бўлган банг моддаси билан қўлга олинган эди, - дея маълум қилди Озодлик мухбирига Атирау шаҳар ички ишлар департаментининг матбуот котиби Гулназира Мухторова.

Ички ишлар департаменти вакиласига кўра, Қозоғистон ғарбига банг моддаларини етказишни йўлга қўйишни режалаган ўзбекистонликнинг фамилияси Матёқубов бўлиб, у 45 ёшда.

Гулназира Мухторованинг қайд этишича, Ғарбий Қозоғистон суди ўзбекистонликка нисбатан энг қаттиқ жазо белгилаган. Матбуот котибига кўра, бундай жазо меъёри яқинда кучга кирган:

- Жорий йилнинг июн ойида наркотик билан боғлиқ жиноят содир этганлик учун умрбод қамоқ жазоси бериш ҳақида Қозоғистон қонунчилигига ўзгартишлар киритилган эди. Эндиликда ўқув муассасалари ва вояга етмаганлар орасида банг моддаларини тарқатганлик, уюшган жиноий гуруҳлар таркибида йирик миқдорда банг моддалари контрабандаси билан шуғулланганлик ҳамда бирор шахсни наркотик моддасини истеъмол қилишга ундаш орқали унинг ўлимига сабаб бўлганликда айбланган шахслар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади, - деди Атирау шаҳри ички ишлар департаментининг матбуот котиби Гулназира Мухторова.

Қайд этиш жоизки, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари жорий йил бошидан буён мамлакатда банг моддалари, хусусан, героин трафиги билан боғлиқ 6 мингдан зиёд жиноят содир этилганини ёйинлаганди. Тартиб посбонларига кўра, Қозоғистонга наркотик моддалари аксар ҳолларда ўзбекистонлик ва қирғизистонликлар томонидан олиб кирилмоқда.

Шу боис Қозоғистон расмийлари Ўзбекистон ва Қирғизистонга ёндош чегара ҳудудларини мустаҳкамлашга қаттиқ эътибор бера бошлагандилар.

Бироқ аксар кузатувчилар қозоқ расмийларининг мамлакат ҳудудига олиб кирилаётган банг моддалари миқдорини камайтиришга бўлган уринишлари кутилган самара бермаслигини таъкидламоқдалар.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев бунинг сабабларини мана бундай изоҳлайди:

- Бундай қаттиқ чоралар банг моддалари бозоридаги вазиятга таъсир этиши мумкин, яъни ўша ўша героин баҳоси кўтарилиши мумкин, холос. Сабаби банг моддаларини чегаралар орқали олиб ўтиш шароитлари қийинлашади. Агар Марказий Осиё мамлакатларидаги ижтимоий-иқтисодий омиллар ҳамда Қозоғистоннинг жанубдаги қўшни давлатлар билан чегараларидаги коррупция билан боғлиқ муаммолари ҳал этилмаса, кескин қонуний чоралар наркотик моддалари трафиги ҳажмини камайтиролмайди, - дейди Сатпаев.

Кузатувчиларга кўра, ўзбекистонлик ва қирғизистонлик бангфурушлар ўз хавфли юмушидан умид узолмаётганларига мазкур давлатларда даромад орттириш имкониятининг камлиги ва шахсий ҳарислик ҳам сабаб бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG