Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:26

Энг кўп айтиладиган қўшиқ


Ўзбекистонликлар эътирофича, Давлат мадҳияси ҳозирги кунда фақат бозор ва тўйларда ижро этилмаяпти, холос.
Ўзбекистонликлар эътирофича, Давлат мадҳияси ҳозирги кунда фақат бозор ва тўйларда ижро этилмаяпти, холос.

10 декабр - мустақил Ўзбекистон Давлат мадҳияси қабул қилинган кун. Бундан 16 йил аввал тасдиқланган мадҳия шоир Абдулла Орипов билан бастакор Мутал Бурҳонов ҳамкорлигида яратилган.

Бугунги кунда мамлакатда Давлат мадҳиясини ижро қилиш аксарият ҳолларда мажбурийлик касб этганлиги кузатилади.

Тошкентлик 30 ёшли Анвар Каримов давлат мадҳиясини тутилмай айта оладиган ўзбекистонликлардан. У Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир нечта моддаси бўйича айбдор деб топилиб, Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаган пайтида мадҳияни ёдлашга мажбур бўлганлигини айтади.

- Ҳукм ўқилгандан кейин жазони ижро этиш жойларига олиб келганда, икки ҳафта давомида гимнни ўрганиш бўлади. Карантин деган нарса бор, шу ерда гимн ўргатилади. Бир-икки кун ичида ўрганмаса, қаттиқ жазо қўллашади, калтаклашади, қийнашади. Яхшилаб калтаклашса, 4-5 соат ичида ўрганиб олса бўлади. Икки ҳафта ўтгач, ҳар сафар эрталабки ва кечки текширувларда гимнни айтиб беришингиз керак. Баъзан комиссия келса, отряд билан айтилади. Хорда атайлаб бузадиганлар бўлса, уларни изоляторларга тиқиб қўяди. Изоляторда уч кун давомида калтаклаб, яна ëдлаттиради, - дейди собиқ маҳбус Каримов.

Бугунги кунда нафақат мамлакатдаги қамоқхоналарда, балки болалар боғчалари, мактаблар, коллеж ва лицейларда ҳам ҳар куни Давлат мадҳиясини ижро қилиш одат тусига кирган.

Хоразмлик олтинчи синф ўқувчиси Фарангиз ўқиётган мактабда ҳам ҳар куни эрталаб Давлат мадҳияси ижро этилади.

- Ҳар кун мактабга борганда биринчи соатда мадҳияни хор бўлиб айтамиз. Мен мадҳияни биламан, лекин озгина чалароқ. Агар биз мадҳияни чиройли қилиб айта олмасак, ўқитувчимиз урушади ва сўкади, - дейди Фарангиз.

Тошкент вилоятида яшовчи ўқитувчи Улуғбек Усмонов эса бу ҳолатни ёқламас экан.

- Гимн шундай нарсаки, у тантанали равишда ижро этилиши керак. Ҳар кун айтилгандан кейин у ўз салобатини йўқотиб қўяди, болалар ҳар кун эшитавериб, бефарқ бўлиб қолади, деган фикрдаман. Давлат гимни жуда муқаддас нарса бўлиши керак, - дейди Улуғбек Усмонов.

“Бугунги кунда мамлакатда ўтказиладиган деярли барча тадбир ёки тантаналарда албатта Давлат мадҳиясини ижро қилинади. Ўзбекистонда фақат тўйлардагина мадҳиялар ижро қилинмаяпти, балки яқин орада тўйларимиз ҳам мадҳия билан бошланса керак”, дейди ҳазил аралаш бир танишим.

Шоир Ёдгор Обид эса Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов қаламига мансуб ушбу мадҳияни бадиий жиҳатдан мукаммал эмас, дея баҳолайди.

- Менимча Абдулла Ориповнинг Ислом Каримовга бағишланган шеърлари даражасидан нарига ўтмаган. Шу қадар савияси паст. Умуман бадиийликдан ҳеч қанақа асар ҳам йўқ, - дейди Ёдгор Обид.

Мухолифатдаги “Эрк” партияси лидери, шоир Муҳаммад Солиҳга кўра эса, Ўзбекистон Давлат мадҳияси ўзбек халқига муносиб эмас.

- Шунақа тоталитар бир давлатнинг гимни ҳам ўшанга лойиқ бир мадҳия бўлиши керак эди ва Абдулла Орипов шунга лойиқ бир гимнни ëзган. Мадҳия масаласида ҳамма компонентлар бир-бирига лойиқ. Бундан ҳайратланмаса бўлади. Фақат бизнинг халқимиз бизнинг гимнга лойиқ эмас. Бизнинг халқимиз бу гимндан яхшироқ, кучлироқ, ўзининг миллий руҳларини ифода этадиган гимнга лойиқ бир миллат. Бу гимн ҳам, иншооллоҳ, ëзилади. Тоталитар режим ва унинг маддоҳлари саҳнадан кетгандан кейин бизнинг халқимиз лойиқ бўлган гимн ëзилади, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Ҳозирча эса хоразмлик Фарангиз сингари минглаб мактаб ўқувчилари Давлат мадҳиясини ёдлаш билан овора.
XS
SM
MD
LG