Линклар

"Номдор йиллар"нинг самараси пуч

  • Садриддин Ашур

Йилларга ном қўйиш анъанасини ўзбекистонлик кузатувчилар совет давридаги шиорбозликнинг мантиқий давом ўлароқ баҳолайдилар.

Йилларга ном қўйиш анъанасини ўзбекистонлик кузатувчилар совет давридаги шиорбозликнинг мантиқий давом ўлароқ баҳолайдилар.

Ўзбекистон президентининг 2009 йилни “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" деб эълон қилганлиги асосан қишлоқларда яшаётган ўзбекистонликларда қандайдир умидлар уйғотган бўлиши мумкин.

Зеро, кузатувчилар бугун мамлакат қишлоқларидаги ҳаёт анча оғир эканликларини айтадилар. Лекин ўтган “номдор йиллар”га разм солган ўзбекистонликлар бу янги йилдан кўп нарсани кутишмаётганини, қишлоқлар йили ҳам ўтган йилларга ўхшаб фақат ҳайбаракаллачилик йиллари бўлишини тахмин қилишиб, қишлоқ ҳаётида муҳим ўзгаришлар бўлишидан унчалик ҳам умид қилмаяптилар.

“Йиллар ўтаверар такрор ва бетакрор”, деган эди ўзбек шоирларидан бири.

Ўзбекистонда ҳам ҳар йил бир янги ном билан номланади ва қарорларда йилда тилга олинган аҳоли табақасига ёки соҳа мутахассисларига катта эътибор берилиши таъкидланади.

Ўзбекистон Президенти бу йилни “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» деб эълон қилди. “Демак, қишлоқ аҳолиси елкасига ҳам офтоб тегадиган кунлар етиб келди, деб умид қилса бўладими?” деб сўрадик тингловчиларимиздан. Фарғоналик Муҳсинжон ака у йилларга ишонмаслигини айтади. У ўз гапларини асослар экан, ўтиб бораётган ёшлар йилини мисол қилиб келтиради:

- Ҳар йили бир ном қўйилаяпти. Бу йил, мана, ëшлар йили бўлди. Фарғонада ҳеч бўлмаса 50-60 хонадонли уй қуриб¸ ëшларга: “Мана шу сенинг йилинг муносабати билан сенга уй – энди шу ерда яшайсан”, деб берганда, бутунлай бошқача бўларди. Бунақа нарса умуман бўлмади. Умуман, ҳеч нарса қилинмаяпти-да. Оила йили дегани бўлган эди. Ўша даврда менинг жияним уйланди. Ўша йили уй соламан, деб бир йил сарсон бўлди. У ëқ-бу ëққа уйнинг шиферига етадиган пул кетди. Лекин пулини ололмади, - дейди Муҳсинжон ака.

Фарғоналик инсон ҳуқуқи фаоли Аҳаджон Набиевнинг айтишича¸ ҳақиқатан ҳам бугунги кунда Ўзбекистон қишлоқ аҳолиси ва қишлоқ ҳаёти жуда оғир аҳволга тушиб қолди:

- Ҳозир қишлоқ муҳити ҳаëтни ўнгламаса бўлмайдиган даражага етиб қолди. Чунки деҳқоннинг ўзи қолмади. Фермер деяпти, лекин бу фермерларнинг ҳам имкон ва шароити йўқ. Бу йилни эълон қилгани билан қани қишлоқ ҳаëти ўзгарармикан? Қишлоқ аҳолисининг имкони ва шароити бўлармикан? – дея савол ташлайди Аҳаджон Набиев.

Суҳбатдошимиз бу масалада қишлоқ ҳаётида бирор-бир ўзгариш бўлишига ишонмаслигини айтади:

- Ҳар йил ўзига яраша бир ном билан аталаяпти. Ëшлар йили¸ қариялар йили¸ сиҳат-саломатлик йили. Бу нарсаларга одам бориб-бориб ишонмай қўясан-да. Чунки у ëқда президент қарор чиқараяпти, бу ëқда амалда бўлмаяпти. Хўжакўрсинга бир иншоот қуриб ëки бошқа нарса қилиб қўйилаяпти - шу билан тамом. Айнан оналар ва болалар йилида бизнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти шу нарсалар билан кўп муаммоларга дучор келдикки¸ болалик аëлларни уйидан чиқариб ташлаган. Мана, ҳанузгача ўша оилалар уйсиз яшаяпти. Дейлик, қариялар йилида оқсоқол одамлар урушда қатнашган одамларга шароит яратиб бериши керак эди. Шу нарсалар ҳам бўлгани йўқ, - дейди Аҳаджон Набиев.

Наманганлик ҳуқуқ фаоли Носир Зокир фикрича, қишлоқ хўжалигида ҳали ислоҳотлар ўтказмай туриб, қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги тўғрисида гапириш мантиқсизлик бўлади:

- Қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар ўтказилиши керак. Ҳозир “Ислоҳотлар ўтказилаяпти, ер эгасини топди”, дейилаяпти-ю¸ лекин ер ҳали эгасини топгани йўқ. Фермерга 50-100 гектар ерни бериб қўйиб¸ унинг қанча гектарга нима экишини давлат белгилайди. Бу хусусийлаштириш дегани эмас-да. Хусусийлаштириш дегани ерни умуман одамларга бўлиб бериб¸ қоринларинг нима билан тўйса¸ тирикчиликларинг нима билан ўтса, шуни экинглар, деб бериш керак. Энди шу “қишлоқ тараққиëти йили” деб эълон қилган билан ҳеч нарса ўзгармайди. Чунки ўтиб бораëтган йилни “Ëшлар йили” деб эълон қилди¸ ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Бу сиëсат. Совет пайтида шунақа сиëсат бўларди. Фалон нарса¸ писмадон нарса, деб шиорлар ëзиб қўйиларди. Бу худди шу шиорлар сингари, холос. Эҳтимол, менинг гапимни ëзиб сақлаб қўярсиз. Йил охирида, Оллоҳ насиб қилса, мана шу гапларни берасиз. Мен аминманки¸ қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йилида қишлоқ хўжалигида орқага кетиш бўлса бўладики¸ олдинга силжиш бўлмайди. Бу фақатгина ер хусусийлашганда бўлади, - дейди Носир Зокир.
XS
SM
MD
LG