Линклар

НАТО муқобил йўлни очишга шошмоқда

  • Алишер Сиддиқ

Покистон орқали ўтувчи НАТО таъминот юкларига ҳужумларнинг кўпайиши¸ ҳарбий иттифоқни Афғонистонга таъминот моллари элтишнинг муқобил йўлларини топишга мажбур қилмоқда.

Покистон орқали ўтувчи НАТО таъминот юкларига ҳужумларнинг кўпайиши¸ ҳарбий иттифоқни Афғонистонга таъминот моллари элтишнинг муқобил йўлларини топишга мажбур қилмоқда.

НАТО Россия ва Марказий Осиё орқали Афғонистонга ўтувчи транзит йўлини имкон борича тезроқ очиш ниятида. Аммо расмий изоҳга кўра¸ бу жараëн техник сабабларга кўра оқсамоқда.

Ўтган ҳафта НАТО юклари олиб ўтиладиган Пешовар йўналишида жанггарилар альянснинг 100 дан зиёд юк мошинасини ёқиб юборди. Хабарларга кўра, сўнгги пайтлари Покистонда бу каби ҳужумлар тобора авж олмоқда.

НАТО расмийларига кўра, муқобил транзит йўлини ишга тушириш бўйича Россия, Беларус, Украина ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан давом этаётган сўзлашувлар ҳозирча натижа бермаган.

Бу сўзлашувлар эса қарийб икки йилдан бери олиб борилмоқда.

Покистон орқали олиб ўтилаётган НАТО юкларига ҳужумлар ортган сайин янги йўналиш бугунга келиб ҳар қачондагидан кўра долзарблик касб эта бошлади.

Жанубий Осетия можароси сабабли НАТО – Россия алоқалари қарийб тўхтаб қолганига, Андижон воқеалари сабабли Ўзбекистоннинг альянс билан муносабатлари совуқлашиб қолганига қарамасдан, ҳозиргача НАТО транзит йўлидаги барча давлатлар томонидан ўз режасининг қўллаб- қувватланишига эришди.

НАТО расмийлари гапларида шошилиш ҳисси сезилиб туради. НАТО матбуот вакили Жеймс Апатурай янги транзит масаласининг техник муаммолар сабаб депсиниб қолганини эътироф этади.

- Билишимча¸ сўзлашувлар анча яхши руҳда давом этмоқда. Ўтган бир неча ой давомида ҳеч қандай ўзгаришлар содир бўлгани йўқ. Албатта¸ биз бу режанинг имкон борича тезроқ амалга оширилишини хоҳлаймиз. Бу режани амалга оширишга ҳеч қандай сиёсий омиллар халал бермаётганидан мамнунмиз. Мавжуд муаммолар техник характерга эга ва уларни ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз. Бу эса вақт талаб этади¸ – дея маълум қилди НАТО расмийси.

Бугунги кунда Афғонистондаги ҳарбий амалиётларнинг таъминоти асосан ҳаво орқали амалга оширилади. Сув ва қуруқлик орқали мавжуд ягона йўналиш эса¸ Покистон йўлидир.

Ўтган бир ой давомида Покистонда АҚШ ва НАТО юкларига тўртта жиддий ҳудум амалга оширилди.

Якшанба куни Пешоварда юздан зиёд толибон жанггариси пухта ҳужум уюштириб, НАТО нинг жами 145 дона юк машинаси, контейнерлар ва одам ташувчи зирҳли техникасини ёқиб юборди.

Ушбу ҳодисалар борасида хавотир изҳор этар экан НАТО расмийлари¸ айни пайтда бу талофатлар аҳамиятини пасайтиришга ҳаракат қилмоқда.

- Аввалам бор¸ вазият унчалик хатарли эмас. Албатта¸ бу воқеалар кўп шов-шувларга сабаб бўлади. Бироқ статистика ва стратегия нуқтаи назардан улар аҳамиятсиздир¸ – деди НАТО расмийси Жеймс Апатурай.

Покистон ҳавфсизлик мулозимлари ҳам бу ҳужумлар аҳамиятини пасайтиришга келганда НАТО га жўр бўлиб, лозим чоралар кўрилса уларни бартараф этиш мумкинлигини айтаётир. Покистон армияси матбуот вакили генерал Ахтар Аббос якшанба кунги ҳужумни “алоҳида олинган ҳодиса” деб таърифлади.

- Хавфсизликни таъминлашда айрим камчиликларга йўл қўйилди. Ҳужум содир бўлган вақтда карвонни ҳимоя қилувчи қўриқчилар етарли бўлмаган. Бу каби ҳодисалар келажакда такрорланмаслиги учун чоралар кўрилаётир. Бу алоҳида бир ҳодисадир. Агар юкларни ҳимоя қилиш учун кўпроқ қўшин ажрата олсак, бундай ҳодисалар келажакда содир бўлмайди¸- деди Покистон армияси мулозими.

НАТО юкларининг Покистон транзитини ҳимоя қилишга эришилса ҳам, қуруқлик орқали янги йўналишга эҳтиёж камайиб қолмайди.

Зеро, НАТО собиқ Совет давлатлари темир йўлларидан фойдаланиб Афғонистондаги уруш сарф-харажатларини жиддий қисқартиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Таҳлилчилар фикрича, Афғонистонда тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор минтақа давлатлари НАТО юкларининг транзитига ўз сиёсий ва иқтисодий манфаатларидан келиб чиқиб ҳам имконият яратиб бермоқда.
.
Президент Каримов НАТО юклари учун Ўзбекистондан ўтувчи коридорни таклиф этар экан, аввалам бор 2005 йил Андижон воқеасидан сўнг НАТО кўз ўнгида ўзини тўлиқ реабилитация қилишни кўзлаган.



XS
SM
MD
LG