Линклар

Компьютер сичқончаси 40 ёшда

  • Ҳурмат Бобожон

Ўтган 40 йил давомида компютер сичқончаси кундалик ҳаëтнинг қарийб ажралмас қисмига айланиб улгурди.

Ўтган 40 йил давомида компютер сичқончаси кундалик ҳаëтнинг қарийб ажралмас қисмига айланиб улгурди.

1968 йил 9 декабр куни америкалик ихтирочи Дуглас Энгелбарт компьютер билан ишлашнинг янгича - сичқонча билан ишлаш услубини илк бор намойиш этган эди.

Сан Францискодаги компьютер анжуманида Энгелбарт тақдим этган дунёдаги биринчи сичқонча ёғочдан ясалган ва устида қизил тугмача бўлган. Сичқонча курсорини суриш учун уни пастги қисмида ҳозиргидек шар эмас, иккита ҳар-хил йўналишда ҳаракатланиши мумкин ғилдирак бўлган.

Ушбу сичқонча Дуглас Энгелбарт буюртмаси асосида муҳандис Билл Инглиш тарафидан яратилди. Лекин бу матоҳ сичқонча номини кейинроқ олди. Ундан компьютерга ўтувчи сим сичқон думига жуда ўхшашлиги боис уни сичқонча деб атайдиган бўлишди. Амалда эса бу сичқонча компьютер фойдаланувчилари тарафидан 1984 йилдан қўлланила бошланди. Ўша йили Apple ширкати ўзининг Macintosh компьютерига сичқонча ўрнатиш учун унинг патентини сотиб олди.

Бугун эса сичқонча қирқ ёшда ва анча такомиллашиб кетган. Америкада компьютер соҳаси бўйича таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба Юсуфбек Мақсудов гапиради.

- Ҳозирги кунда сичқончанинг энг кенг тарқалган тури оптик сичқончадир. Бунда оптик фаза томонидан сичқончанинг юриш йўналиши¸ тезлиги ҳисоб-китоб қилиниб¸ ўша йўналишлар экранда акс эттирилади.

Озодлик: Ҳозирги оптик сичқончанинг аввалги шарикли сичқончалардан афзаллиги нимадаю¸ ëмон томони нимада?

- Афзал томони¸ образли қилиб айтганда¸ оптик сичқончаларнинг умри узоқ бўлади. Чунки бунақа сичқончаларнинг ичида ҳаракатланадиган қисмлари йўқ. Эски шарикли сичқончаларнинг ичида шарикчалар ҳаракатланар эди ва механик қурилма ëрдамида ишлар эди. Уларнинг кир бўлиб қолиш ҳолатлари бўлиб¸ уни очиб тозалаш керак эди. Унинг ҳаракатланиш текислиги унча яхши эмас эди. Ҳозирги оптик сичқонча бунақа ëмон хусусиятларга эга эмас.

Кўпчилик экспертлар бу сичқонча ўрнини яқин орада янги технологиялар эгаллаши мумкинлигини башорат қилишмоқда. Яъни сенсор экран ёки виртуал клавиатура. Ҳаттоки компьютерни онг кучи билан бошқариш борасида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Сичқонча тарафдори бўлган мутахассислар эса бу матоҳ баҳридан ўтишга ҳали эрта эканини айтишмоқда.

- Янги¸ яхши қурилмалар пайдо бўлмоқда. Уларни айрим соҳаларда фойдаланиш кенг ривожланиши мумкин. Хусусан график дастурлардан фойдаланувчи график дизайнерлар шунақа қурилмадан фойдаланишни афзал кўришлари мумкин.

Ҳозирги замонавий оптик ва лазер сичқончалар ҳамда симсиз сичқончалар компьютер фойдаланувчилари қўлидан ҳали бери тушмаслигини айтишади улар. Ўзбекистонлик Юсуфбек Мақсудов ҳам шу фикрда.

- Мен ҳозир кенг тарқалган сичқончанинг умри узун деб биламан. Чунки кундалик ишда энг қулайи ўша сичқонча бўлади. Одамлар унга ўрганиб қолган. Уни ишлаб чиқариш арзон. Ҳеч қанақа қурилмалар сотиб олиш керак эмас. Менимча¸ ҳали бироз вақт мобайнида биз сичқончалардан фойдаланамиз.
XS
SM
MD
LG