Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:16

Депутатлар чегарадаги вазиятдан норози


Қирғизистон ва Ўзбекистонда яшовчи оддий фуқаролар чегарадаги назорат-ўтказиш масканларида икки давлат чегарачилари томонидан хўрланаётгани етмаганидай, чегараолди ҳудудларида ҳам уларнинг молу жони хатарда қолмоқда.
Қирғизистон ва Ўзбекистонда яшовчи оддий фуқаролар чегарадаги назорат-ўтказиш масканларида икки давлат чегарачилари томонидан хўрланаётгани етмаганидай, чегараолди ҳудудларида ҳам уларнинг молу жони хатарда қолмоқда.

Ўзбекистонликларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига оид шикоятлар асосида Қирғизистон парламенти ўзбек-қирғиз чегараси қўриқланиши масаласини муҳокама қилмоқчи.

- Қўшни давлат фуқаролари, айниқса, ўзбекистонликлар Қирғизистон ҳудудига бемалол автоматлар билан ўтиб, маҳаллий аҳоли вакилларини ҳибсга олмоқда, уларнинг мол-мулкини таламоқда, - деди депутат Бегали Норғўзиев Қирғизистон парламенти хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси йиғилишини очар экан.

Депутатга кўра, бундай воқеалар “Қирғизистон чегара хизматининг лоқайдлиги, фуқароларни ва чегараларни ҳимоя қила олишга лаёқатсизлиги туфайли” содир бўлмоқда.

Қирғизистон чегара хизмати бошлиғи Замир Мўлдўшев парламент депутатларининг бундай айбловларига: “Қирғиз чегарачилари сони ўзбек чегарачиларига нисбатан 9 маротаба кам”, дея жавоб берди. Унинг айтишича, қирғиз чегара заставалари сони ҳам Ўзбекистон чегара заставаларига нисбатан 3 баробар оз.

Парламент депутатларининг Ўзбекистон фуқароларининг Қирғизистон ҳудудига қурол билан кириб келиши ва мамлакат ичкарисида ноқонуний ҳаракатлар содир этиши борасидаги айбловларини Замир Мўлдўшев жавобсиз қолдирди.

Бу масала юзасидан Қирғизистон чегара хизматига “Парламент депутатининг Ўзбекистон фуқароларига нисбатан билдирилган айбловлари нақадар асосли?” деган савол билан мурожаат қилдик:

- Бу масала юзасидан чегара хизмати раиси генерал-майор Замир Мўлдўшев журналистларга шахсан ўзи маълумот бермоқчи. Ҳозирча бўш вақт тополмаяпти. Лекин бир-икки кун ичида бу борада махсус брифинг ўтказиш режалаштирган, - деди Қирғизистон чегара хизмати матбуот котиби Усен Пўлўтов.

Чегара муаммоларини ўрганган бишкеклик журналист Артур Галеев эса парламент депутатларининг ўзбекистонликларга билдирган айбловларида жон борлигини айтади.

Унга кўра, айрим чегараолди ҳудудларида Ўзбекистон фуқаролари томонидан аҳоли чорва молларини ўғирлаш ва Қирғизистон фуқароларига таҳдид қилиш ҳолатлари кузатилган. Журналистнинг фикрича, бундай воқеалар кўпинча Ўзбекистон фуқаролари томонидан эмас, ўзбек чегарачилари тарафидан содир этилади.

- Ўзбекистон томони бу каби воқеалардан хабардор бўлса ҳам, уларга нисбатан чора кўрмаётгандай тасаввур уйғонаяпти бизда. Чунки тартиб-қоидани бузган чегарачилар жазоланганида, қонубузарликлар камайган бўларди.

Иккинчидан, қирғизистонликлар тарафидан ҳам мана шундай қонунбузарликлар содир этилиб турилади. Қизиғи шундаки, қирғиз тарафи ҳам бу каби воқеаларга панжа ортидан қарайди.

Чунки аҳолининг ўнлаб аризалари пойтахтга етиб келмай, жойлардаги чегара заставалари бошлиқлари тортмаларида қолиб кетаяпти. Икки давлат чегарачиларининг ноқонуний ҳаракатлари туфайли эса оддий халқ жабр тортмоқда, - деди Артур Галеев.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараларини аниқлаш бўйича давлатлараро комиссиясининг аъзоси, Жалолобод вилоят губернаторининг ўринбосари Жаниш Қурбонов эса чегарадош ҳудудларда вақти-вақти билан юз бериб турган нохуш ҳодисаларга баҳсли ҳудудларнинг аниқланмагани ҳам сабаб бўлмоқда, деб ҳисоблайди:

- Чегарани аниқлаш ишида баҳсли ҳудудлар масаласи ортга суриб келинмоқда.

Масалан, харитада Қирғизистонга қарашли ҳудуд Ўзбекистонники бўлиб қолган ва аксинча, Ўзбекистон харитасида белгиланган ҳудудда Қирғизистон фуқаролари яшаб келаяпти. Айнан мана шундай баҳсли ҳудудларда турли низолар пайдо бўлмоқда.

Токи чегаралар аниқ-тиниқ белгиланиб олинмас экан, ҳар икки тарафда ҳам зиддиятлар пайдо бўлаверади, - дейди Жаниш Қурбонов.
XS
SM
MD
LG