Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:59

Тожикистонда болафурушлик авж олмоқда


Тожикистонда бола сотиш билан боғлиқ жиноятлар кўпайиб бораётганига мамлакатдаги иқтисодий танглик ва одамларнинг иложсизлиги сабаб бўлаётгани айтилмоқда.
Тожикистонда бола сотиш билан боғлиқ жиноятлар кўпайиб бораётганига мамлакатдаги иқтисодий танглик ва одамларнинг иложсизлиги сабаб бўлаётгани айтилмоқда.

ЮНИСЕФ ҳамда Тожикистон стратегик тадқиқотлар маркази тожикистонлик болаларнинг мамлакат ичкариси ва хорижда сотилиш ҳоллари кўпаяётганидан ташвиш билдирди.

10 декабр куни 2006-2007 йилларда болалар савдосига оид вазиятга бағишланган тадқиқот натижаларини эълон қилган стратегик марказ ходимлари дунё бўйлаб кучаяётган глобал иқтисодий бўҳрон ортидан Тожикистонда одам савдоси, хусусан, бола сотиш янада авж олиши мумкинлигини тахмин қилганлар.

Тожикистон стратегик тадқиқотлар марказида олиб борилмиш тадқиқотга бош бўлган Сайфулло Сафаровнинг Озодликка билдиришича, бола савдоси масаласи бу мамлакатда энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Сафаровга кўра, бу муаммо ечиш учун қуруқ гапдан амалий ишга ўтиш вақти аллақачон етган.

- Кўп ҳолларда болалар қора ишларда фойдаланиш учун сотилади. Балоғат ёшига етмаган қизлар эса хориж давлатларга жинсий қулликка сотилади. 2006-2007 йилларда бола савдоси билан боғлиқ аҳволга бағишланган тадқиқот натижаларига кўра, 116 нафар фуқароларимиз одам савдоси қурбони бўлган, бундан 20 фоизини болалар ташкил этади, - дейди стратегик тадқиқотлар марказ масъули.

Сайфулло Сафаров ўз тасарруфида 2008 йил учун бола савдосига оид статистик маълумотлар йўқлигини қайд этади.

- Аммо шуни ҳам айтиш керакки, бола сотиш билан шуғулланганликда айбланганлар ва жазо олганлар орасида бемор боласини сақлаб қолиш ёки даволаш имконига эга бўлмай, ночорликдан боласини бошқа киши ихтиёрига берган оналар ҳам учрайди. Менимча, қонун бу кишиларга нисбатан адолатлироқ бўлиши керак. Ахир у ўз фарзандини ўлимдан сақлаб қолиш учун шу йўлни тутган, - дейди Сайфулло Сафаров.

Бироқ одам савдоси билан боғлиқ қатор маҳкама жараёнларини кузатган ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуқаюм Юсупов стратегик тадқиқотлар марказ масъулининг фикрларига мутлақо қўшилмайди.

- Агар Тожикистон қонунчилиги бу борада одамларни тоифаларга ажратганида эди, жамиятимизда одам савдоси, хусусан, бола сотиш йил эмас, балки кун сайин ошиб кетган бўлар эди. Айнан мана шу жиноятнинг олдини олиш учун ҳам барчага баравар жазо белгиланган, - дейди Абдуқаюм Юсупов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси бола савдоси ўтган йиллар мобайнида кўпинча туғруқхоналар ходимлари томонидан амалга оширилиб келганини таъкидлайди.

- Душанбе шаҳридаги 2-туғруқхона бош врачи узоқ йиллар давомида чақалоқларни хорижликларга пуллагани ўтган йили аниқланганди. Бу иши учун у жиноий жавобгарликка тортилганди, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда бола сотиш нафақат туғруқхона масъуллари, балки алоҳида шахслар томонидан ҳам амалга оширилаётгани кузатилади.

Оиласида пул муаммосини ҳал қилиш учун қариндошининг 5 яшар қизчасини туркиялик фуқарога 5 минг доллар эвазига сотишга қарор қилган, аммо болани топшириш чоғида қўлга олинган Тошбиби Шералиева шулар жумласидандир.

- Орамизда олди-бердимиз бор эди. Пулни олишимиз керак эди, иқтисодий қийналган эдим. Пулимни ундириб олиш ниятда унинг боласини бориб боғчадан олдим... Аммо бизнинг ишимиз жиноят эканини англатишди ва 12 йилга озодликдан маҳрум этилдим, - дейди уч йиллик қамоқ жазосидан сўнг авф қилинган бу собиқ маҳбус аёл.

“Модар” ноҳукумат ташкилот раисаси Гулчеҳра Мирзоева ҳам бола савдоси билан боғлиқ муаммонинг ҳамон ўз ечимини топмаётганига асосий сабаблардан бири бу мамлакатдаги иқтисодий танглик, ишсизлик, деган ишончда. Унинг фикрича, 60 фоизи болалардан иборат бўлган жамиятда бола савдоси билан боғлиқ масала ва унинг хатарларини камайтириш жуда муҳим. Бунинг учун, энг аввало, жамиятдаги иқтисодий ва ижтимоий муаммолар расмийлар томонидан бартараф этилиши шарт.

Ўз боласини сотмоқчи бўлган тожик аёли билан боғлиқ бир ҳикояни эсга оларкан, Гулчеҳра Мирзоева ўкинчини яширмади.

- Ночор аҳволда қолган аёл боласини сотиш учун бозорга олиб чиққанига бевосита гувоҳ бўлиб даҳшатга тушган эдим. Аёлдан бунинг сабабларини сўраганимда, у очликдан қийналаётган боласининг кўзларига қарашни истамагани учун ҳам шундай хулосага келганини айтганди. Бундай ҳолатлар сўнгги вақтлар марказдан узоқ бўлган Сўғд ва Хатлон вилоятларида кузатилади, аёллар арзимаган пул эвазига ўз жигарбандини сотишга тайёр эди, - дейди “Модар” ноҳукумат ташкилоти раисаси.

Мирзоева хонимга кўра, сўнгги вақтлар чет элликларнинг тожик болаларини асраб олиш иштиёқи ошгани кузатилади. Аммо ҳукумат бунинг учун йўл қўймаслиги зарур, дейди ноҳукумат ташкилоти вакиласи.
XS
SM
MD
LG