Линклар

“Мардикор ҳоли танг бўлади”


Бугунги кунда миллионлаб ўзбек мардикорлари дунëнинг нисбатан ривожланган давлатларида мардикорлик қилиб¸ ватанда қолган оиласини боқмоқда.

Бугунги кунда миллионлаб ўзбек мардикорлари дунëнинг нисбатан ривожланган давлатларида мардикорлик қилиб¸ ватанда қолган оиласини боқмоқда.

Россия меҳнат муҳожирлари сонини икки баробарга қисқартириш ниятида. Агар бу режа амалга ошса, Россияда ишлаëтган ўзбеклар вазияти яна оғирлашиши мумкин.

4 декабр куни россияликлар билан бевосита телемулоқот давомида Россия бош вазири Владимир Путин¸ мамлакатда ишлайдиган хорижлик меҳнат муҳожирлари учун белгиланган квотани икки бараварга қисқартириш мақсадга мувофиқлигини айтди.

Бу баëнотдан саноқли кун ўтиб Путин¸ 9 декабрда 2009 йил давомида Россия Федерациясига жалб этиладиган меҳнат муҳожирлари квотасига ўзгартиш киритишни кўзда тутувчи фармонга имзо чекди.

Фармонга кўра¸ эндиликда Россия соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиëт вазирлиги 2009 йили бу квотани қисқартириш ëхуд кўпайтириш бўйича қарор чиқаради.

Мамлакатда бораëтган сиëсий-иқтисодий жараëнлар¸ қолаверса жамоатчилик фикрини таҳлил қилаëтган кузатувчилар¸ 2009 йил учун меҳнат муҳожирлари сонининг кўпайишидан¸ қисқариши аниқроқ эканини таъкидламоқдалар.

Россия ҳукумати дастлаб 2008 йил учун гастарбайтерлар сонини 1 миллион 800 минг қилиб белгилаган¸ аммо кузга бориб¸ иш кучи етишмаслиги оқибатида бу рақамни 3 миллион 400 мингга чиқаришга мажбур бўлган эди.

Аммо глобал молиявий бўҳрон ва жаҳон бозорида ëнилғи нархи кескин тушишидан энг кўп зарар кўрган Россия иқтисодидаги таназзул¸ мамлакатда ишсизлар сонини кўпайтирди ва ҳозирги вазиятда хорижлик меҳнат муҳожирлари кўпчилик россияликларга муаммо манбаи бўлиб кўринмоқда.

Хусусан¸ ноябр ойида мамлакатнинг қатор шаҳарларида норозилик тадбирлари уюштирган Путин етакчилигидаги Бирлашган Россия партиясининг ëшлар қаноти бўлган ëш гвардиячилар¸ "Бизнинг пулимиз - ўзимизга!"¸ "Ҳар иккинчи гастарбайтер - уйингга кет!" деган талабларни ўртага қўйди.

Гарчи Россия ҳукумати 2008 йил давомида 3¸5 миллионга яқин хорижликнинг мамлакатда меҳнат муҳожири сифатида рўйхатдан ўтиб ишлашига изн берган бўлса-да¸ айрим маълумотларга кўра, ҳозирда Россияда 10 миллион мардикор ишламоқда.

Уларнинг аксарият қисми эса¸ марказий осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик мардикорлардир.

Хоразмлик 24 ёшли Бобомурод бир йилдирки, Россияда мардикорлик қилиб, пул топиш билан машғул.

- Бизлар Россиянинг Томск шаҳрида ишлаб юрибмиз. Ойлик ойига қўлимизга 1000 доллардан тегади. Ўзбекистонда бундай пулни топишнинг, ҳатто 100 доллар топишнинг иложи йўқ. Шунинг учун Россияга бориб ишлаб¸ рўзғор тебратаяпмиз, - дейди Бобомурод.

Суҳбатдошимиз Россия ҳукуматининг меҳнат муҳожирлари сонини қисқартириш борасидаги режасидан хабардор. Лекин Бобомурод бу хабарни хотиржамлик билан қабул қилганлигини айтади.

- Биз бу ерда рухсатномасиз ишлаб юрибмиз. Россия қандай қонун чиқаришидан қатъий назар, биз ишлайверамиз. Ҳужжатсиз ишлаб юрганларнинг сон-саноғи йўқ. Кун кўриш учун рухсатномасиз ишлаймиз¸ яширинча ишлаймиз. Оила боқиш керак¸ ейиш керак¸ ичиш керак. Ўзбекистонда нон қолгани йўқ. Деҳқончилик қилай десанг, сув бўлмаса, - дея нолийди суҳбатдошимиз.

Бобомуроддан фарқли равишли 20 ёшли Ҳусниддин Россия ҳукуматининг янги режасидан ташвишга тушган. У Россияда ишлаб¸ уйланиш учун пул йиғаяпти.

- Бизларни агар Россияга киритмай қўйса¸ кун кечиришимиз қийин бўлади¸ уйлана олмаймиз¸ ейиш-ичишга пул бўлмайди. Россияга келиб ишлаб¸ пул топиб юрибмиз. Рўзғоримиз шу ердан топаëтган пулимизнинг ҳисобига бўлаяпти, - дейди Ҳусниддин.

Россияда мардикорлик қилаётган самарқандлик Зафар аканинг айтишича, агар Россия ҳукумати мардикорлар сонини камайтирса, айниқса Марказий Осиё халқларига қийин бўлади.

- Иқтисодий қийинчилик ёмон бўлади¸ бошқа нима бўлиши мумкин? Агар Россия бўлмаса, нафақат Ўзбекситон¸ балки Тожикистон¸ Қирғизистон фуқароларига ҳам қийинчилик бўлади. Лекин Россияда Туркманистон ва Қозоғистондан иммигрант йўқ, - дейди Зафар ака.

Айрим маълумотларга кўра, ҳозирда Россияда уч миллиондан зиёд ўзбек мардикори тирикчилик қилаётибди. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Ёдгор Турлибеков эндиликда Россияда мардикорлик қилиш орқали рўзғор тебратаётган ўзбек оилаларининг иқтисодий аҳволи қийинлашишини айтади.

- Гастербайтерларимизнинг ҳоли танг¸ уйидагиларни аҳволи ëмон. Бу иш амалга оширилса¸ албатта қийин бўлади. Мардикорлар бошқа йўлларини ахтаришга мажбур бўлади. Чегарани бузиб бошқа давлатга ўтишга ҳаракат қилади.

Ўзбекистон давлатининг мардикорлар фойдасига хат ëзиб¸ Россиянинг элчисига берганини бир марта ҳам кўрмадик. Булар аксинча халқани қисиб-қисиб келаяптики¸ охир-оқибат халқнинг аҳволи ҳам¸ мардикорнинг аҳволи ҳам танг бўлди, - дейди Ёдгор Турлибеков.

Хабарларда қайд этилишича, жорий йилнинг учинчи чорагида турли давлатлардан келган мардикорлар Россиядан ўз давлатларига 4,045 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул жўнатганлар.

Постсовет давлатлари орасида Ўзбекистондан келган мардикорлар пул жўнатиш бўйича биринчи ўринда. Ўзбек мардикорлари учинчи чоракда Россиядан Ўзбекистонга 1,240 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул юборганлар.

Норасмий манбалар¸ 2007 йили хорижда ишлаëтган 8 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўз ватанига юборган маблағларнинг энг камтар ҳисоб-китобга кўра¸ 8 миллиард доллар атрофида бўлганини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG