Линклар

Қарғалар учса қарайлик...

  • Абдулла Искандар

Халқ яратган дурдоналар¸ йиллар ва замонлар синовидан барибир омон ўтаверади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Фаррух Зокиров.

Халқ яратган дурдоналар¸ йиллар ва замонлар синовидан барибир омон ўтаверади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Фаррух Зокиров.

Инсон умри поëнли, қўшиқ умри поëнсиз. Қўшиқ қандай яралади? Қай синоат боис қўшиқ эл оғзига тушади? Нега биз эски оҳанглардан айрилгимиз келмайди, нега уларни доимо ичимизда хиргойи қиламиз? Чодирхаëлнинг “Таниш қўшиқлар” деб номланган саҳифаси ана шундай қўшиқлардан яна бирига бағишланди.

Бугунги саҳифамизга “Қарғалар” қўшиғи мавзу бўлди.

Қарғалар учса қарайлик¸ Марғилоннинг йўлига,
Ҳиди келса маст бўлайлик¸ ҳандалакнинг бўйига.
Ҳандалак бўйликкинам, сен унда зор, мен бунда зор,
Тўтиқушнинг боласидек¸ иккаламиз интизор.

Айтишларича¸ бу қўшиқни оқ пошшога қарши исëн қилгани учун қамоққа ташланган Худойберди қори¸ қамоқхона туйнугидан кўринган қарғаларга қараб туриб ëзган экан.

Қамоқхона туйнуги орқали кириб¸ турма ҳужрасини қоплаган ҳандалакнинг ҳидидан маст бўлган маҳбус армонлари акс этади бу қўшиқда.

Яна бир манбада¸ бу қўшиқни Россияга олиб кетилган мардикорлар ўрмонлар устидан Марғилон томон учиб кетаëтган қарғаларга қарата ëзган дейишади.

1914 йилда бошланган Биринчи жаҳон уруши пайтида айтилиб¸ халқ оғзига тушган бу қўшиқ “Ялла” гуруҳи томонидан 1970 йилда ижро этилгани ҳамон бутун Марказий Осиëда урф бўлди.

Рақс майдонларида¸ тўй-ҳашамларда калта шойи кўйлак¸ баланд пошна оқ туфли кийган қиз - жувонлар мана шу куй оҳангларида ирғишлашди.

Бу ҳолат “Муштум” журналидаги рассомлар тарафидан ҳажв ҳам қилинди.

Ўша пайтдаги цензура қарғалар калимасини турналарга алмаштирди. Қўшиқ ижрочиси Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров хотирлайди.

Фаррух Зокиров: Ўша йиллари нимагадир “Коммунистик ғояга қарғалар сиймоси унча тўғри келмайди. Келинг шуни турналар деб ўзгартирайлик” деб таклиф қилишди. Биз радиода ëзганимизда бадиий кенгаш “Энди қарғалар яхши сиймо эмас. Турналар бўлса¸ яхши бўларкан” деб таклиф киритиб¸ шу сўзни ўзгартиришган эди.

Бу қўшиқ 70-йиллар тўйларининг энг машҳур қўшиғи бўлган. Фаррух Зокиров бу қўшиқни андижонлик ҳофизлардан ўрганганини айтади.

Фаррух Зокиров: Шу 1970 йилларнинг боши¸ 1972 йилми¸ 1973 йилми эди. Бир куни онам билан яхши ўртоқ бўлган Ўзбекистон халқ артисти¸ Худо раҳмат қилсин¸ Мукаррама Турғунбоева онамга “Тезда Фаррухни топинг. Мен унга бир нарса кўрсатишим керак” деб айтибдилар.

Тезда мени топишиб¸ мен тўйга бордим. Ўша ерда Мукаррама опа “Фаррух мен сизларнинг репертуарларингизни биламан. Сизларнинг репертуарларингизда бу қўшиқ ҳам бўлиши керак. Ҳозир кўрсатаман” дедилар. Ўша ерда шу ашулани Андижондан келган ҳофизлар айтишди. Мукаррама опанинг ўзлари ўша ерда ажойиб тарзда рақсга тушдилар.

Ўша ерда эшитганимда “Қарғалар учса қарайлик¸ Марғилоннинг йўлига” деган сўзларини шунақа қойилмақом қилиб айтишди. Мен шу қўшиққа маҳлиë бўлиб қолдим. Кейин мен уларнинг орқасида юриб¸ шу қўшиқнинг сўзларини ëзиб олдим ва шу қўшиқнинг устида ишлашни бошладим.

Айрилиқ¸ жудолик ва ҳижрон ҳақидаги бу ҳузунли қўшиқ рақсбоп енгил оҳангларда ижро қилинар эди¸ деб хотирлайди Фаррух Зокиров.

Фаррух Зокиров: Энди буни енгилроқ қилиб¸ ҳалиги севги шаклида қилиб ўзгартиришган. Бу қўшиқ ҳақиқатан ҳам бизнинг репертуарларимизда¸ дастурларимизда алоҳида ўрин олади. Қолаверса, ўтган йил Марғилоннинг 2000 йиллик тўйида шу қўшиқни яна бир бор айтдик.

Бу қўшиқ қанчалик қадимий бўлмасин¸ ҳар доим томошабин томонидан замонавий деб қабул қилинади. Мен айтмоқчиманки, бу халқ яратган дурдоналардан бири. Бу ҳеч қачон эскирмайди. Булар замонга бўйсунмайдиган қўшиқлар. Қисқача таърифи шундай бу қўшиқнинг.

Озодлик: Буни Николай пошшо қамоғида ëтган Худойберди қори ëзган деган гаплар бор.

Фаррух Зокиров: Шунақа гапларни айтишган. Ўзи буни оғир қўшиқ бўлган дейишади. Мен энди унинг тарихига унчалик синчиклаб қараганим йўқ. Қандай бўлмасин халқ яратган қўшиқ. Шунинг учун қандай шаклда айтилмасин¸ қаерда ëзилган бўлмасин¸ битмас-туганман хазиналардан бири. Мен шундай деб биламан.

Ҳозир 34 ëшга кирган бир жувон алла ўрнига қарғалар қўшиғини эшитганини айтади. 94 йилдан бери айтилиб келаëтган қўшиқ оҳанглари бугунги ëшлар тилида ҳам хиргойи қилинмоқда. Қўшиқнинг унутилмаслиги¸ қўшиққа берилган жуда катта баҳодир¸ дейди Фаррух Зокиров.

Фаррух Зокиров: Бу жуда юксак баҳо. Халқ ижодиëти¸ қанақа даврда бўлишидан қатъий назар¸ энг юқори поғонада турадиган асарлардан деб ўйлайман.

Қарғалар учса қарайлик¸ Марғилоннинг йўлига,
Ҳиди келса маст бўлайлик¸ ҳандалакнинг бўйига.
Ҳандалак бўйликкинам, сен унда зор, мен бунда зор,
Тўтиқушнинг боласидек иккаламиз интизор.
Интизорлик торта-торта танда тоқат қолмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG