Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:36

Қозоқларга ҳам мардикор керак эмас


Иқтисодий бўҳрон зарбасига учраган Қозоғистон эндиликда номаълум муддатга минтақа мамлакатларидан келаётган муҳожирлар меҳнатидан воз кечиб туриши мумкин.
Иқтисодий бўҳрон зарбасига учраган Қозоғистон эндиликда номаълум муддатга минтақа мамлакатларидан келаётган муҳожирлар меҳнатидан воз кечиб туриши мумкин.

Қозоғистон президенти Остона шаҳри нафақат маҳаллий аҳоли, балки Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган меҳнат муҳожирларини ҳам иш билан таъминлаганини таъкидлади.

Қозоғистон раҳбарининг бу таъкиди пойтахтнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига бағишлаб Остона шаҳри ҳокимиятида ўтказилган мажлисда чоғида айтилди.

- Улар бу ерда ишлаяптилар ва биз бу билан ўз қўшниларимизга билвосита ёрдам кўрсатдик, десак бўлади, - дея таъкидлади Қозоғистон президенти.

Қозоғистонда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ҳам Қозоғистонда ишлаш орқали ўз молиявий аҳволларини анча ўнглаб олганларини эътироф этадилар.

- Ўзбекистонликлар кўп бу ерда. Энди тирикчилик деб юришибди-да. Лекин ўзимиздан кўра бу ерда яхши иш қилиб, яхши пул топишаяпти ҳозир. Бу ерда топган пулимиз тўпланади-да худди банкка ўхшаб, кейин бу пулларни дарров банк орқали уйга жўнатамиз. Тўй қиласиз, уй қилиш керак бўлади Андижонга бориб. Ўзимизда ҳаммаси қоринга кетиб қолади. Мана, ёш бўлганимиз билан иккита боламиз бор, уларга суннат тўйи қилиш керак, шунга юрибмиз-да, - дейди ўзининг Андижондан эканини айтган меҳнат муҳожири.

Бироқ бир неча ойдан буён Қозоғистонда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари қўшни мамлакатдан келган меҳнат муҳожирларини овлаш ишларини фаоллаштириб юборганларини кузатиш мумкин. Бу эса ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларида ҳадик-хавотир уйғотмоқда:

- Ҳозир бу ердаги аҳвол ҳам унча яхши эмас. Қаттиқ рейд бўлаяпти айни кунда. Ички ишлар бошқармаларига борсангиз, қанча одам кетаётганини, қанчаси депортация қилинаётганини, қанчасининг устидан суд бўлаётганини кўрасиз, ишлашга рухсат йўқ, - дейди Зафаржон исмли ўзбекистонлик суҳбатдош.

Қозоғистонда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ҳозирда дуч келаётган муаммоларга изоҳ берган аксар кузатувчилар эса мамлакат пойтахти - Остонанинг қурилишида кўплаб мардикорлар кучидан фойдаланган қозоқ расмийлари эндиликда уларни кераксиз буюмдек осонгина мамлакатдан бадарға қилаётганларини таъкидламоқдалар.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси миграция ишлари бўйича мутахассиси Виктория Тюленеева буни давлатнинг фойдапарастлиги билан изоҳлайди:

- Буни давлатнинг ҳар ерда ва ҳар доим муайян фойда топишга интилуви, деб атасак бўлади. Ўз вақтида бу меҳнат муҳожирлари керак эди, ўша пайтда давлат ҳам кўп нарсага кўз юмиб келарди. Энди эса улар керак бўлмай қолдилар, шу сабабли давлат меҳнат муҳожирларидан қутулишга қасдланиб, кўнглига келган ишни қилмоқда, - дейди Виктория Тюленева.

Айни пайтда миграция ишлари бўйича халқаро ва маҳаллий нодавлат ташкилотлари қозоқ расмийлари муҳожирот муаммосини меҳнат муҳожирларини мамлакатдан бадарға қилиш, уларни қўрқитиш-у жазолаш билан эмас, балки Қозоғистонда миграция оқимини бошқаришни йўлга қўйиш билан ҳал қилсалар, мақсадга мувофиқ бўлишини урғуламоқдалар.
XS
SM
MD
LG