Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:19

Ўзбекистон Роғун қурилишига қарши


Ўзбекистонлик экологлар сейсмологик жиҳатдан беқарор Тожикистон ҳудудида қатор ГЭСлар қурилиши минтақа давлатлари учун хавфсиз эмаслигини таъкидламоқдалар.
Ўзбекистонлик экологлар сейсмологик жиҳатдан беқарор Тожикистон ҳудудида қатор ГЭСлар қурилиши минтақа давлатлари учун хавфсиз эмаслигини таъкидламоқдалар.

Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭС ига кўпдан норозилик билдириб келаëтган Ўзбекистон томони эндиликда ушбу лойиҳанинг халқаро экспертизадан ўтказилишини сўрамоқда.

Ўзбекистон томонининг бу талаби 3 декабр куни Европа Иттифоқи-Марказий Осиё мулоқоти доирасида “Атроф муҳитни ҳимоялаш ва сув заҳираларига оид ҳамкорлик” мавзусига бағишланиб Ашхободда ўтказилмиш анжуманда қатнашган Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Борий Алихонов тилидан янгради.

Халқаро анжуманда сўз олган ўзбекистонлик вакилга кўра, Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар сувидан фойдалаётган давлатлар бу борадаги халқаро ҳужжатлар талабларини бажариши шарт.

- Бу ерда гап минтақа давлатлари сув заҳиралари ҳақида эмас, балки асрлар давомида Амударё ва Сирдарёдан сув ичиб келган минтақа давлатларининг 50 миллион аҳолиси тақдири тўғрисида бораяпти. Шуни назарга олган ҳолда, энергетик иншоотлар қуриш ва шу дарёлар сувидан фойдаланишга оид ҳар қандай қарорларда ана шу одамлар манфаатлари ҳам албатта эътиборга олиниши шарт.

Акс ҳолда, Амударё ва Сирдарё қуйисида жойлашган давлатларда сув тақчиллиги билан боғлиқ муаммо кескинлашиши ва қуриб бораётган Оролдаги экологик вазият янада аянчлироқ бўлиши мумкин, - дея таъкидлади Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмита расмийси Борий Алихонов.

Ўзбекистон вакили БМТнинг 1992 йил 18 сентябрида трансчегаравий дарёлар ва халқаро кўллардан фойдаланиш тўғрисида қабул қилинган Конвенцияси талабига мувофиқ, минтақа давлатларида қурилаётган гидроэнергетик иншоотлар халқаро экспертлар экспертизасидан ўтиши ва уларнинг келгусида минтақа бошқа давлатлари учун экологик хавф туғдирмаслиги кафолатланиши шартлигини таъкидлайди.

Ўзбекистон вакили иқтидори 3,6 мВт ва тўғон баландлиги 340 метр бўлиши кўзда тутилмиш Роғун ГЭСи қурилаётган майдоннинг зилзилабардошлилиги 8-9 баллни ташкил этиши қайд этаркан, мабодо минтақада шундай қаттиқ зилзила содир бўлса, унинг оқибатлари Хитойдагидан баттарроқ бўлиши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Айни пайтда Тожикистон расмийлари Ўзбекистон томонининг фикрлари илмий асосланмаганини ва Роғун ГЭСи қурилиши борасидаги эътирозлари ғаразли сиёсатдан ўзга нарса эмаслигини билдирмоқдалар.

Жумладан, “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкат раиси Шарифхон Самиев:

- Роғун ГЭСи кеча ёки бугун қурила бошлагани йўқ. Бу иншоот қурилиши Совет Иттифоқи даврида - минтақа давлатларининг ҳаммаси бир оилада яшаб турганларида бошланганди. Аммо шўролар тарқаб, мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетганидан сўнг унинг қурилиши тўхтаб қолганди.

Аммо давлат раҳбарининг кўп уринишлари ортидан ҳозирги кунда бу иншоотда қурилиш ишлари қайта жонланган. Бунга давлат ҳар йили ўз бюджетидан катта маблағ ажратаяпти. Бугун бу иншоотнинг ишга тушишига озгина қолганида ундан чекинсак, эртанги авлод бизни кечирмайди, - деб айтди.

Шу билан бирга, “Барқи тожик” расмийси Шарифхон Самиев Роғун ГЭСи трансчегаравий ҳисобланмайдиган Вахш дарёси устида қурилаётганини ва бунда Тожикистон ҳукумати қўшнилар билан ҳисоблашиб ўтирмаслигини таъкидлади.

- Қўшнилар газ ва нефт нархини ошираётганда бизнинг розилигимизни сўрашмаяпти-ку. Нега биз ўз табиий бойлигимиздан фойдаланиш учун уларнинг розилигини олишимиз керак?, - дея ёзғиради Шарифхон Самиев.

Шуни ҳам айтиш керакки, жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида Жаҳон банкининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган сўнгги йиғилишида қатнашган Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон давлатлари Роғун ГЭСи қурилишини ёқлашларини ва бу борадаги консорциумда иштирок этишларини билдирганлар.

Аммо мазкур тадбир ташаббускори - Жаҳон банки ўша пайтда Роғунни қуришга доир халқаро Консорциум тузиш таклифини қўллаб-қувватлаш баробарида Тожикистон бу лойиҳани амалга оширишда албатта минтақа давлатлари, хусусан, қўшни мамлакатлар розилигини олиши шартлигини уқтирган эди.

Тожикистон томони эса бунга жавобан Вахш трансчегаравий дарё ҳисобланмаслигини ва у Тожикистон ҳудудидан оқиб ўтиб, фақат Афғонистон чегарасига етгач, Панж дарёсига оқиб тушишини таъкидлайди. Айни пайтда, тожик расмийлари БМТ ҳужжатларига мувофиқ Вахш дарёсидан ўз иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида фойдаланишга ҳақли эканини айтиб келади.
XS
SM
MD
LG