Линклар

64 яшар хавфли жиноятчи

  • Абдулла Искандар

Кейинги йиллар давомида Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари исломий маърифат излаган ҳижобли хотин-қизларга таҳлика манбаи сифатида қарамоқда.

Кейинги йиллар давомида Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари исломий маърифат излаган ҳижобли хотин-қизларга таҳлика манбаи сифатида қарамоқда.

Давр менинг тақдиримда эшиттиришининг бугунги қаҳрамони тошкентлик Фотима ая Муқаддирова. “Қисмат шу экан. Мусулмонларнинг ҳаммасининг қисмати шу. Менинг ëрдамчим¸ ҳимоячим Оллоҳ”.

Беш фарзанднинг онаси Фотима аянинг диний эътиқоди учун қамоққа ташланган икки ўғлидан бири Ўзбекистон қамоқхонасида қийнаб ўлдирилди. Фотима ая Ўзбекистон мустақилликка эришгандан бери 15 йил давомида бошидан кечирганларини гапириб берди.

- Бешта фарзандим бор. Биттасини диний эътиқоди учун Жаслиқ қамоқхонасида ўлдириб юборишди. Бешта боласи қолиб кетди. Шунинг орқасидан қанд касалига чалиндим. Икки марта инфаркт бўлдим. Ҳозирги кунда ҳам роса қийналаяпман.

Болам ўлганидан кейин бир ҳафта ўтиб¸ бешинчи фарзанди туғилди. 16 августда у ҳам 4 ëшга тўлди. Шунақа қилиб¸ бу болалар энди юришибди. Оллоҳ буларни ризқи билан яратган экан. Кундалик қозонимизни бир амаллаб қайнатиб ўтирибмиз.

Фотима аянинг тўнғич ўғли Музаффар Авазов 2000 йилнинг бошида диний экстремистик ташкилотга аъзолик ва конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланиб¸ қамалди. 2002 йилнинг саккизинчи августида Қорақалпоғистондаги Жаслиқ турмасидан унинг жасади олиб келинди. Фотима ая тўнғич ўғли Музаффардан қолган беш фарзанди ва кичик ўғли Мирзакаримжондан қолган икки фарзанди ўзининг қарамоғида қолганини айтади.

- Мана ҳозир еттита етимни боқиб ўтирибман. Бештаси ўқийди¸ иккитаси ҳали ëш. Мана ҳозир ўлган Музаффаримнинг боласига олиб берган оëқ кийим бир ойга етмабди. Кечаги куни “Ойи туфлимнинг таги тешилиб кетди” дейди. “Сандал билан кетавер болам” дедим.

Энди буларга емак керак¸ ичмак керак¸ яна ўқув қуроли керак. Қани энди агар давлат шу етимларга қайишадиган бўлса¸ шу боламни азобламасдан чиқариб¸ бу ерда еттита етимни боқса. Менинг ҳам беш кунлигим борми¸ йўқми. Ўтган йил рўзанинг еттинчи куни эрим ўлди. Эртага 11 октябрда бир йил тўлади. Ишқилиб ҳозирги кунда осон бўлмаяпти.

Кечаги куни ошхонада кичкина ўғлимнинг қизи онаси билан урушиб додлаяпти. “Ҳа¸ нима деяпти? Айтганини қилсанглар нима қилади?” десам¸ “Ойи¸ гўшт деяпти” дейди. “Э болам. Ҳозир отаси борларнинг ҳам қозонида гўшт қайнаëтгани йўқ. Борига шукур қилинглар” дедим. Энди муштдай бола нимани билади¸ егиси келадида. Ўтирибмиз шунақа қилиб.

Бугун 65 ëшни қаршилаëтган Фотима ая тўнғич ўғли Жаслиқ қамоқхонасида қийноқлар остида ҳалок бўлгани ҳақида халқаро ташкилотларга ва маҳаллий расмийларга шикоят қилгани унинг бошига ҳам кўп кулфатлар келтирганини айтади.

- 2000 йил 17 январда кечаси Музаффаримни олиб кетган бўлса¸ шундан кейин уни не бир азоблар билан судраб Жаслиққа жўнатди. Ундан кейин бир намойишда чиқдим. 2002 йил 4 сентябр куни намойишдан олиб кетди. Ўша ердан “Сен ҳаммани етаклаб юрасан” деб Тоштурмага жўнатиб юборди.

Одамзод қалби ëнсачи¸ ҳеч нарсадан қайтмайди. Ундан кейин мен боламнинг ўлгани ҳақида ва боламни ўлдиришга буйруқ берган раҳбарларнинг устидан БМТга¸ элчихоналарга¸ Женевага¸ Олий судга¸ бош прокурорга¸ ҳокимиятга¸ ИИВга¸ МХХга ва шаҳар ИИБга ëздим.

Ўзбекистон ҳукуматидан ҳуқуқимни талаб қилиб ëзган аризаларим менга қимматга тушди¸ дея давом этади Фотима ая.

- Ўзим бозорга чиқиб зеленлар сотиб, болаларга бир нарса олиб келардим. Ҳозир энди унга ҳам ярамаяпман. Ибодат қилишга ҳам ярамай қолаяпман. МХХ ва ИИББга ëзганимдан кейин бир куни бозорда ўтирсам “Уйни тинтув қилишаяпти” деб неварам бориб қолди. Энди бу уйни янги сотиб олган. 20-30та мардикор ишлаяпти. Мардикорларнинг ўзлари томга нарса қўйишипти.

Уйдан паспортим борми¸ боламнинг расмлари борми¸ Жаслиқдан келган хат борми¸ мен ëзган хатларимнинг нусхаси борми ҳаммасини сумкага солиб¸ олиб кетишди. Шундоқ ëшлар ўтиб кетаяпти. Оллоҳ розилиги учун бола-чақаси кўринаëтгани йўқ.

Мен нима ҳаëтда ҳаммасини кўриб бўлдим. Ҳали газ пули¸ ҳали сув пули¸ ҳали электр пули¸ ҳали болаларнинг кийим-кечаги шунақа ҳаëтдан тўйиб кетдим. Шу ерда тинчгина¸ текин овқатини еб, Оллоҳга ибодат қилиб ўтираман, деб писанд ҳам қилганим йўқ ҳаëтдан тўйиб кетганим учун.

6 ойдан кейин менга рецидивист деб 5¸5 йилга ҳукм ўқиди. Ҳа энди қисмат шу экан¸ мусулмонларнинг ҳаммасининг қисмати шу экан дедим. Қариялар йилида менга кўрсатаëтган мурувватинглар шу бўлди¸ майли дедим.

Ҳақиқат қидириб адолат топмаган Фотима ая тақдирга тан беришдан бошқа чораси қолмаганини айтади.

- Суд бўлгандан кейин менга учрашув беришди. Иккита келиним ва қизим борди. Мен келинларимга “Болам мен сизлардан розиман. Менга ташқарида ўлим¸ ичкарида ўлим фарқи йўқ. Ҳаëтда ҳаммасини кўрдим. Энди болаларни эҳтиëт қилинглар. Мен апелляцияга ëзмайман. Бу ëғи бир гап бўлар. Мен ҳаëтдан тўйган одамман. Оллоҳнинг розилигида ўлимимни топсам бўлди” деб айтдим.

Тошкентнинг Тоштурмасида ўтказган вақтлари ҳақида гапирар экан Фотима ая¸ Ўзбекистон турмаларида маҳбусларга бўлган муносабатга мисол сифатида мана бу воқеани эслайди.

- Тоштурмада шундай ҳолат бўлдики¸ тушдаги овқатни соат бешда олиб келади. Эрталаб битта қошиқ шакар беради¸ икки бўлка нон беради. Иккита бўлка бўлка нон билан бир қошиқ шакар солинган чойни ичиб¸ соат беш бўлди. Ейдиган нарса йўқ. Ичим зириллаб кетаяпти¸ мазам бўлмаяпти¸ юрагим титрайди. 3 кун шунақа ҳолат бўлди.

Кейин овқат тарқатадиган хотинга “Диляхон¸ шу овқатга жавобгар шахсни менга чақиринг” дедим. Соат беш бўлди. Овқат ҳали келгани йўқ. Ҳалиги одам соат бешлардан ўтганда келаяпти. У семизлигидан тирсиллаб ëрилиб кетай деяпти. Бундоқ қаради. Салом йўқ¸ алик йўқ¸ тўнкага ўхшайди.

Мен “Соат неча бўлди?” дедим. “Бешдан ошди” деди у. “Соат бешдан ошгунча¸ сиз неча маҳал овқат едингиз?” дедим. Индамади. Шу билан эртасига тушда шўрва қилди¸ олиб келиб менга кўпроқ бераяпти. “Менга ҳамманикидай норма бўйича беринг. Мен ўзим учун гапирганим йўқ. Бу ердагиларни инсон сифатида кўришингиз учун гапирдим” дедим.

Тоштурмада 5 ой ўтиргач¸ Фотима аянинг халқаро ташкилотларга ëзган аризалари туфайли Ўзбекистон расмийларига бўлган босим¸ унинг озод этилишига сабаб бўлди.

- Шаҳар судидан вакил келди. У “Фотима опа сиз БМТга¸ бутун дунëга ëзган экансиз. Ҳамма ëқдан қўнғироқ бўлиб¸ бизларни жуда безовта қилишаяпти. Агар иложи бўлса¸ қамалиш ҳолатларини бизларга гапириб берсангиз” деди. Мен “Ие¸ мени ҳам эшитадиган одам бор эканми. Менга тўғри жазо берди. Менга ҳеч қанақа оқловнинг кераги йўқ” дедим. “Йўқ¸ опа энди унақамас” деди у.

Мен “Менинг гапимни эшитасанми?” дедим. Икки соат давомида бошимдан ўтганларнинг ҳаммасини гапириб бердим. Ўзига керагини ëзди ва қўл қўйдириб олиб кетди. Шу билан апелляция суди бўлди ва мени 280 минг сўм жарима билан озод қилишди.

Шу билан кечқурун соат еттида Тоштурманинг раҳбари мени чақиртирди. “Бизларга ҳеч эътирозингиз йўқми онахон?” деб сўради. Мен “Сизларга қанақа эътироз бўлиши мумкин? Сиз бизларнинг моддани биласизми? 159 модда ҳақиқатда ҳақ гапирадиган модда. Бизларники гўштнинг камлиги¸ овқатнинг вақтида бўлмаганлигини ковлаб ўтирадиган модда эмас” дедим.

Тоштурманинг раҳбари “Битта ҳизбчи чиқиб кетди. Чиқиб кетгандан кейин БиБиСига интервью берибди. Бўлмағур гапларни гапирибди” деди. Мен “Ҳизбий гапирган бўлса¸ рост гапирибди” дедим.

Фотима ая озодликка чиқишдан аввал Тоштурма бошлиғи билан бўлиб ўтган суҳбатдан яна бир эпизодни эслайди.

- Тоштурманинг раҳбари “Онахон энди бугун кетасиз. Уйингизда дам оласиз” деди. Мен “Жуда ўрганиб қолган эдим. Овқатларинг ҳам тартибга келиб қолган эди. Энди уйга борсам у кам¸ бу кам асабим ўйнайди. Шу ерда яхшигина ўтирган эдим. Бекор мени озод қилаяпсизлар. Чиққим ҳам келмаяпти” десам¸ кулиб “Бугун озод қилишади¸ кетасиз” деди. Шундан кейин олиб чиқиб битта таксига ўтказишди. Шу билан уйга келдим. Кечқурун БиБиСида 280 минг жарима билан чиққанимни эшитдим.

Қамоқдан чиққанимдан кейин ҳам мени хавфли жиноятчи каби доим назорат қилиб туришади¸ дейди ҳазил аралаш Фотима ая.

- Мен 15 яшар боламасманку уларнинг ëнига ҳар доим чақирса бораверадиган. 53 хонага бор дейди. Мен зарур бўлсам¸ олиб кетишаяпти¸ қамашаяпти. Менинг 52 хонанинг олдига тилим қуриб етиб бориши осонми? Бунинг устига 300 сўм у ëққа¸ 300 сўм бу ëққа йўл кира. Унинг ўрнига етимларимга нон олиб едирганим яхши эмасми?

Мен “Мен керак бўлсам¸ келиб олиб кетишсин. Йўл кирага менинг ортиқча пулим йўқ” дедим. Шу билан қоғоз олиб келиб ташлашган экан¸ қўл қўйиб жўнатиб юбордим. Ундан олдин борганимда бармоқ изларимни олишган эди. Мен “Тоштурмада қамалган пайтимда бармоқ изларимни жуда кўп олишди. Энди оëғимдан олмайсизларми?” дедим. Буларнинг нимасига жуда қойил қоласан. Қирилгур¸ 64 яшар кампир қаëққа бора олади. Яна бу энг хавфли жиноятчи қочиб кетиб қолмасин деб итлар билан келишади.

Бугунги кунда Фотима аянинг кичик ўғли Мирзакаримжон ҳам қамоқда қолмоқда. Ўғлим ҳатто қамоқда ҳам доимий тазйиқ остида¸ дейди Фотима ая.

- Ўғлим Авазов Мирзакарим Мирааҳмедович Олмалиқда. У боламни эрталаб бомдод намози ўқигани учун оëғининг тагига калтаклаб¸ 28 августда изоляторга ташлашибди. Намоз ўқигани учун азоблаш деган қонун-қоида ҳеч қаерда йўқ. Биттасини йўқотдим. Кимга нима дейишингни билмайсан.

Наҳотки мусулмонларга шунақа азоб-уқубат бўлса? Ўзи тутқунликда азобда ëтган бўлса¸ бу ҳам етмагандай эрталаб бомдод намози ўқигани учун 40 кунга изоляторга ташласа? Майли энди буларга Оллоҳ кифоя қилсин. Бу нарсаларнинг ҳам чек-чегараси бордир.

Суҳбат сўнггида Фотима ая Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги даври унинг тақдирида қандай акс этганини икки оғиз сўз билан ифодалашга уринди.

- Элим деб¸ юртим деб куйиб ëниб яшаш керак деб мусулмонларни хўрлаб қўйибди¸ бу ҳам ўша куйиб яшашга кирса керак ахир. Қозони қайнаганники қайнаб турибди¸ қайнамаганники йўқ. Қозони қайнаëтганлар қаватли қилиб иморат солиб ëтишибди. Мусулмонлардан “Аҳволинг қандай?” деб битта одам сўраëтгани йўқ.
XS
SM
MD
LG