Линклар

Душанбе норозилик билдирди

  • Гулнора Равшан

Россиялик миллатчилар тажовузидан чўчиган тожик меҳнат муҳожирлари ишлаётган жойларидан баъзан ҳатто ойлаб кўчага чиқмайдилар.

Россиялик миллатчилар тажовузидан чўчиган тожик меҳнат муҳожирлари ишлаётган жойларидан баъзан ҳатто ойлаб кўчага чиқмайдилар.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳудудида тожик фуқаросининг ваҳшийларча ўлдирилганига нисбатан кескин норозилик ифодаси ўлароқ Москвага расмий нота йўллади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг норозилик нотаси Россиянинг Тожикистондаги элчиси Вячеслав Светличнийга топширилди.

- Нотада биз ўз фуқаромизнинг ваҳшийларча боши танасидан жудо қилинганига норозилик билдириш баробарида Россия ҳукумати амалдаги қонунларни тегишли даражада бажармаётгани ва шунинг учун ҳам бундай воқеалар тез-тез такрорланаётганини таъкидлаганмиз.

Шу йилнинг ўзида 615 та фуқаромиз Россия ҳудудида вафот этган. Шундан 84 нафари скинхедлар қўлида жон таслим қилган. Уларнинг 80 фоизини ёш йигитлар ташкил этади, - деди Ташқи ишлар вазирлиги масъули Давлат Назрий.

Ташқи ишлар вазирлиги вакили тожикистонликлар ҳуқуқлари мунтазам равишда поймол қилинаётгани боис Россия ҳукуматига нота йўлланаётганини, аммо бунга кўп ҳолларда чора кўрилмаётганини, Россия расмийлари кўпинча маълумот бериш билан чекланаётганини таъкидлади.

Жорий йилнинг 6 декабрида Москва вилоятининг Жабкино-Ленинский шаҳарчаси яқинида 20 ёшли Салоҳиддин Азизов рус миллатчилари қўлида қурбон бўлгани борасида кўплаб сайтларда хабар тарқалган эди.

Хабарларда айтилишича, сабзавот омборида юк ташувчи бўлиб ишлаган 20 ва 22 ёшли тожик фуқаролари кечки пайт ишдан сўнг уйларига қайтишаётиб, ўрмон оралаб ўтмоқчи бўлганлар. Ўша пайтда номаълум кишилар уларга қарата тўппончадан ўқ узганлар. 20 ёшли Салоҳиддинни тутиб олган кишилар унинг танасига 6 марта пичоқ санчиб, сўнг бошини танасидан жудо қилганлар.

Бир неча кун ўтгач, Салоҳиддиннинг қонга беланган боши ахлатхонадан топилган. Бу эса, ўз навбатида, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг Россия томонига норозилик нотаси йўллашига сабаб бўлди.

Россиядаги миллатчиларнинг минтақа давлатларидан борган муҳожирларга нисбатан тажовузи қанчалик кучаймасин, у томонга борувчилар сони камаймаётир. Кузатувчилар бунинг асосий омили мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият эканини таъкидламоқдалар.

Норасмий маълумотларга кўра, айни пайтда 15 ёшдан 60 ёшгача бўлган бир миллиондан ортиқ тожикистонлик Россиянинг турли шаҳарларида мардикорлик билан шуғулланмоқда.

Рўзғор ташвишлари эрта бошига тушган Умиджон ҳам шулар жумласидандир.

Эндигина 21 ёшга кирган бу йигит ўртоқлари билан бирга Россияга иш ахтариб борганини, аммо шундай воқеаларни тез-тез эшитиб тургани учун ишхонада яшаб ишлаётганини айтади.

Умиджон ўзи билан бирга ишлаб турган поччаси Раҳимжон ҳам бир пайтлар скинхедлар қўлига тушганини ҳикоя қилади:

- Поччам ҳам скинхедлар қўлига тушган эди. Роса дўппослашган. Аммо тирик қолган, Худога шукур. У қочиб қутулган. Худонинг раҳми келиб, бир балодан қутулиб қолди, - дейди Умиджон.

Суҳбатдошимизга кўра, рўзғор ташвишлари, пул топиш илинжида Россияда муҳожиротда юрган миллионлаб тожикистонликларнинг аксарияти скинхедлар қўлига тушиб қолишдан қўрқиб, ойлаб тоза ҳаво шимирмай, бино ичида қолишмоқда экан.
XS
SM
MD
LG