Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:18

Ўзбек қочқини ғойиб бўлди


Aндижондаги қонли воқеалардан жон сақлаб¸ Қирғизистон ҳудудига қочиб ўтган минглаб ўзбекистонликлар¸ бу ердан вақтинчалик бошпана топган эди.
Aндижондаги қонли воқеалардан жон сақлаб¸ Қирғизистон ҳудудига қочиб ўтган минглаб ўзбекистонликлар¸ бу ердан вақтинчалик бошпана топган эди.

Қирғизистонда ўзбек қочқини Ҳаётжон Жўрабоев ном-нишонсиз ғойиб бўлди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, у ўзбек махфий хизмати томонидан ўғирлаб кетилган бўлиши мумкин.

Жўрабоевнинг ғойиб бўлгани тўғрисидаги маълумотни Қирғизистондаги “Адолат” инсон ҳуқуқлари ташкилоти матбуотга маълум қилди.

Ташкилот раҳбари Валентина Гриценкога кўра, яқинда Ҳаётжон Жўрабоев Бишкекда номаълум кишилар томонидан олиб кетилган.

- Бу ҳақда “Адолат” ташкилотига воқеа гувоҳлари маълум қилди. Ҳаётжон Жўрабоев Бишкекдаги Мустафо номли масжиддан жума номозидан чиқиб келаётган пайтида унинг ёнига фуқаролик кийимидаги номаълум кишилар келиб, Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари топшириғи билан унга учрашаётганликларини айтишган.

Номаълум кишилар Ҳаётжон Жўрабоевни ўзлари билан машинада олиб кетишади. Шундан кейин Ҳаётжон Жўрабоев ғойиб бўлган, - дейди Валентина Гриценко.

35 ёшли Ҳаётжон Жўрабоев диний мотивлар бўйича айбланиб, бир ярим йил аввал Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди.

Россиядаги “Мемориал” ташкилоти маълумотига кўра, Ҳаётжон Жўрабоев 2007 йилнинг кузида Қирғизистонга қочиб ўтиб, БМТ қочқинлар иши бўйича Қирғизистондаги ваколатхонасига мурожаат қилган ва унга бошпана изловчи шахс мақоми берилган.

Биз мазкур ташкилотга мурожаат қилиб, Ҳаётжон Жўрабоев тақдири билан қизиқдик. Лекин ташкилот ходимаси бу борада маълумот бера олмаслигини, бу ҳақда Қирғизистон миграция қўмитасига мурожаат қилишимизни, чунки қочқинлар иши бўйича кўпроқ улар жавобгар эканини айтди.

Қирғизистон миграция қўмитасининг қочқинлар билан ишлаш бўлими мутасаддиси эса уларга фақатгина ёзма мурожаат қилишимиз шартлигини ва телефон орқали умуман маълумот бермасликларини таъкидлади.

Шундан сўнг Ҳаётжон Жўрабоевнинг ғойиб бўлиши юзасидан хавотир билдирган Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига мурожаат қилдик.

Ташкилот ходими Игорь Воронцовнинг Озодликка билдиришича, ушбу ташкилот ҳам Ҳаётжон Жўрабоев тақдири борасида расмий маълумотга эга эмас.

Айни пайтда Игор Воронцов Ҳаётжон Жўрабоевнинг ғойиб бўлишида махсус хизмат ходимларининг қўли бўлишини мумкинлигини ва бу Ўзбекистон томонидан буюртма қилинганлиги тахмин қилади.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг марказий осиёлик сиёсий қочқинлар билан ишлаш дастури раҳбари Елена Рябинина ҳам Ҳаётжон Жўрабоев Ўзбекистон махсус хизмати ходимлари томонидан ўғирлаб кетилган бўлиши мумкинлигини айтади.

Россиялик ҳуқуқ фаолига кўра, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг махсус хизмат ходимларига бир-бирлари ҳудудларида бу каби ишларни амалга оширишга рухсат берилган.

- Ўзбек махсус хизмати ходимлари Россия ва Қирғизистонда бемалол ҳаракат қилишади. Россия махсус хизмати ходимлари ҳам бошқа давлатларда кўнгиллари тусаганича ҳаракат қилиш имконига эга. Уларнинг хоҳлаган одамини ўғирлаб кетишига ҳеч бир ҳукумат қаршилик қилаётгани йўқ, - дейди Елена Рябинина.

Куни кеча Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев номига хат йўллаб, Қирғизистондаги ўзбек қочқинлари тақдиридан хавотир билдирган.

Игорь Воронцовга кўра, Қирғизистондан бошпана излаб келган қочқинлар ҳаëти хатар остида қолаётир.

- Шу пайтгача Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистон қочқинлар билан ишлаш масаласида намуна эди. Лекин бугунги кундаги вазият жуда хавотирли, - дейди Ҳюман Райтс Вотч вакили Игорь Воронцов.

Ташкилот маълумотига кўра, Андижон воқеаларидан кейин Қирғизистон ҳукумати Жаҳонгир Мақсудов, Одил Раҳимов, Ёқуб Тошбоев, Расулжон Пирматов сингари ўнлаб ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга бериб юборган.

Шунингдек, бу давр мобайнида Исроилжон Холдоров, Илҳом Абдунабиев, Бахтиёр Аҳмедов, Вали Бобожонов, Саидулло Шокиров сингари ўнлаб ўзбек қочқинлари Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган.
XS
SM
MD
LG