Линклар

logo-print

ҲРУ: Босим давом этади

  • Ҳурмат Бобожон

Ҳюман Райтс Уотч¸ ҳозирча Ўзбекистонда доимий вакилига эга бўлмаса-да¸ қамоқда қолаëтган ўзбек ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчилари тақдири унутилмаганини таъкидламоқда.

Ҳюман Райтс Уотч¸ ҳозирча Ўзбекистонда доимий вакилига эга бўлмаса-да¸ қамоқда қолаëтган ўзбек ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчилари тақдири унутилмаганини таъкидламоқда.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти БМТ га мурожаат йўллаб¸ унда Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган сиёсий маҳбуслар соғлиги юзасидан хавотир билдирди.

Ташкилот бу борада БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссиясига мурожаат этиб, ўзбек қамоқхоналарида ётган ҳуқуқ ҳимоячилари аҳволидан жиддий ташвишда экани билдиради ва Ўзбекистон ҳукуматидан уларни озод қилишни талаб қилишга чақиради.

Баёнотга қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчиларнинг рўйхати илова қилинган.

Бундан ташқари баёнотда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига доир аҳволни тузатиш ва демократияни ривожлантириш бўйича мамлакат ҳукумати олдига қўйилиши керак бўлган бир қатор умумий талаблар ҳам санаб ўтилган.

Ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Игор Воронцовнинг айтишича, қамоқхонада соғлиги ёмонлашган сиёсий маҳбусларнинг сони сўнгги пайтларда сезиларли ортган.

- Бизда ҳозир маҳбусларнинг соғлиги ёмонлашгани хусусидаги шикоятлар жуда кўп. Булар – Алишер Кароматов, Санжар Умаров, Юсуф Жума ва бошқалардир.

Биз Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбуслар озод этилишини талаб этар эканмиз, айниқса¸ қийноққа солинаётган ва соғлиги ёмонлашиб, тиббий ёрдам кўрсатилмаётган сиёсий маҳбуслар тақдирига алоҳида эътибор қаратяпмиз, - деди Игор Воронцов.

Ўзбекистон қамоқхонасидаги инсон ҳуқуқлари фаоли Алишер Кароматовнинг яқинлари шу кунларда Тошкентдаги “Сангород” қамоқ шифохонасига кўчирилган маҳбуснинг ҳаёти хавф остида эканини айтишган.

“Жаслиқ” қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган исёнкор шоир Юсуф Жума қийноққа солинаётгани ҳақда унинг оиласи бонг урмоқда.

Ноябр ойи ўрталарида Санжар Умаров билан рафиқаси Индира Умарова Тошкентга яқин Товоқсой посёлкасидаги қамоқхонада уч йил мобайнида биринчи марта кўришишга муваффақ бўлган эди.

Индира Умарова турмуш ўртоғининг соғлигидан хавотир билдирган, қолган яқинлари ҳам Санжар Умаровнинг қамоқхонада ўлимга юз тутаётганини айтишган эди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти бу ҳолатларни ўрганиб чиқиб, ҳужжатларни БМТнинг Женевадаги идорасига топширган.

- Биз барча ҳужжатларни тўплаб¸ БМТнинг Женевадаги инсон ҳуқуқлари комиссияси эътиборига ҳавола этдик. Бу ерда биз нафақат сиёсий маҳбусларнинг аҳволи, балки Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонда юзага келган вазият, қийноқлар масаласи, қамоқхоналардаги бошқа сиёсий маҳбуслар ҳақидаги маълумотларни тақдим этганмиз.

Қамоқхонадаги аҳволи оғир сиёсий маҳбуслар масаласи бу умумий муаммоларнинг бир қисми холос, - деди Ҳюман Райтс Уотч вакили Игорь Воронцов.

Аввалроқ Озодлик уйи ҳамда Ҳюман Райтс Фëрст ташкилотлари ҳам Ўзбекистондаги барча сиёсий маҳбуслар озод этилиши керак¸ деган талаб билан Президент Ислом Каримовга очиқ хат йўллаган эди.

Шу пайтгача бу чақириқлар жавобсиз қолиб келмоқда. Шунга қарамай¸ Ҳюман Райтс Уотч халқаро босим сиёсати самара беради деган ишончда.

- Феврал ойида сиёсий маҳбусларни озод этишлар тўлқини кузатилди. Мўътабар Тожибоева озодликка чиқарилди. Вақти-вақти билан диссидент ва сиёсий маҳбусларни озод этиб туришади.

Лекин албатта қачон ва ким озод этилиши билан боғлиқ мантиққа ҳам эътибор бериш керак. Бизнингча Ўзбекистон ҳукуматига босимларни давом эттиришимиз керак.

Бу ерда гап мутлақо айбсиз қамалган виждон тутқинлари ҳақида бормоқда ва улар бошидан қамалмасликлари керак эди. Улар ҳозир қамоқхонада азоб чекмоқда. Айримларининг соғлиги ёмонлашган ва тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти. Ҳукумат уларни озод этмагунича¸ биз босимни тинимсиз давом эттираверамиз, - деди Игор Воронцов.

Ўзбекистон ҳукумати ҳали ҳам Ҳюман Райтс Уотч вакилини аккредитациядан ўтказмаган. Ушбу ҳафта Франция ва Германия ҳукуматлари Ўзбекистон ҳукуматини ушбу халқаро ташкилотнинг мамлакатда фаолият юритишига рухсат беришга чақирди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ходимига аккредитация бериш ЕИнинг 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг расмий Тошкентга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилиш учун қўйилган шартлардан бири эди.

Шундай бўлишига қарамай, Ўзбекистон томони жорий йилнинг июл ойида Ҳюман Райтс Уотч вакили Игор Воронцовга аккредитация беришдан бош тортди.

Айни пайтда Ҳюман Райтс Уотч Тошкентга янги вакил тайинлагани ва у фаолиятини бошлагани ҳақида Интернетда тарқалган хабарлар асоссиз эканини айтди Игор Воронцов.

- Яқинда айрим сайтларда янги вакилимиз Ўзбекистонга келгани ҳақда хабар тарқалди. Бу ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайдиган хабар.

Ҳюман Райтс Уотчнинг вакили ўзгармаган ва унга Ўзбекистонга кириш ҳали ҳам таъқиқлаб қўйилган. Лекин Ҳюман Райтс Уотчнинг ваколатхонаси Тошкентда бор ва ташкилот ходимлари у ерга вақти-вақти билан бориб туришади, - деди Игорь Воронцов.


XS
SM
MD
LG