Линклар

“Ўзимизнинг тезакдан қўймасин”

  • Садриддин Ашур

Қашшоқлик домига ташланган ўзбек қишлоқлари аҳолисининг куни қаҳратон арафасида яна тезак ва шаъмга қолди.

Қашшоқлик домига ташланган ўзбек қишлоқлари аҳолисининг куни қаҳратон арафасида яна тезак ва шаъмга қолди.

Ўзбекистон қишлоқларида яшовчи аҳоли газнинг умуман берилмаётгани ёки босими пастлаëтганидан шикоят қилмоқда.

Ўзбекистонликларнинг қиш пайтида қандай яшаётганликларини билиш мақсадида биз республиканинг турли ҳудудларида жойлашган уч вилоятга сим қоқдик.

Қопқоқни ёп!..

Фарғоналик тингловчимиз Муҳсинжон ака Қиргули шаҳарчасида яшайди. Унинг айтишича, сўнгги кунларда газ босими шу даражада пасайиб кетдики, “қозоннинг қопқоғини ëпиб қўймасангиз сув қайнамаяпти”.

“Ош пиширса бўладими?”, сўраймиз Муҳсинжон акадан.

- Йўқ¸ ош пишмайди. Қозоннинг қопқоғини ëпмасангиз овқат ҳам қайнамайди. Бу йил ниҳоятда танқис бўлиб кетди. Маҳалла¸ қишлоқларда газ йўқ. Акам ўтиб қолган эди. Ўшанинг ҳайитига бордик. Уйи шаҳарнинг ичидаю¸ липиллаган газ йўқ. Олдин Фарғона райони дейиларди¸ ҳозир шаҳар бўлиб кетди, - дейди Муҳсинжон ака.

Расмийларга ачинасан одам...

Бу Фарғона шаҳридаги аҳвол. Муҳсинжон ака электр энергияси таъминотида ҳам узилишлар бўлиб турганини айтади. Лекин бу одам электр энергияси таъминоти идоралари раҳбарларига раҳми келаётганини яширмайди. Сабаби...

- Мана шу электр энергияни бошқараëтган раҳбарларга ниҳоятда жабр бўлиб кетди. Одамлар ниҳоятда кўп электр ўғирлаяпти. Мен ўша электросетда ишлайдиган монтëрларнинг қўшниларнинг уйида электр ҳисоблагичларни қайтариб¸ 3-4 минг сўм пулини олиб кетаëтганини кўрдим. Ҳозир шу йўл билан булар тежаб қолаëтган бўлса ажаб эмас, - дейди суҳбатдошимиз.

Ҳаммасига қашшоқлик айбдор

Муҳсинжон ака бунинг сабабини халқнинг қашшоқлашиб кетаётгани билан изоҳлайди ва ўзидан келиб чиқиб шундай мисол келтиради:

- Ўша даврда мен ҳозирги яшаб турган уйимга ҳаммаси бўлиб етти сўм пул тўлар эдим. 110 сўм ойлик олардим. Ҳозир 130 минг пенсия олаяпман. Тўловим ўрта ҳисобда 20 мингга боради, - дейди Муҳсинжон ака.

Жиззах вилоятининг Бўстон шаҳарчасида яшовчи Сафаргул опа ҳам электр токининг вақти-вақти билан узилиб тураётганини айтади:

- Электр кечаси соат 12дан эрталабки соат олтигача бўлмаяпти. Кундуз куни ҳам бор-йўғи 4 соат ëнаяпти, - дейди Сафаргул опа.

Антиқа график

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида яшовчи Анвар Муродовга сим қоққанимизда соат маҳаллий вақт билан 17 дан ўтганди:

- Мана, ҳозир ўчган. Энди тахминан олтиларда ëнади то соат 12 гача. Кейин 12 дан эрталабки соат 6 гача ўчади. Кейин соат олтидан саккиз ярим, байрам кунлари тўққизгача ëнади. Кейин кечқурун соат олтигача яна ўчади. Ҳокимият томонда қандайдир ëнади. Тўй бўлса, келишса ëнади, - дейди Анвар Муродов.

“Келишса дегани нима дегани?”¸ сўраймиз Анвар акадан.

- Бу дегани тўйнинг тўй ҳақини олиб бориб берсангиз, ëқади, - дея аниқлик киритади суҳбатдошимиз.

Зулмат ичра тезак ҳамроҳ

Биз Анвар акадан газ таъминоти ҳақида ҳам сўрадик:

- Газга-ку энди гап йўғ-у. Соат тўрт ярим¸ бешларда газ келади¸ соат саккиз¸ тўққизларда яна ўлади. Эрталаб соат бешларда келади. Соат саккиз яримларда яна ўчади, - дея антиқа тартибни бизга тушунтирмоқчи бўлади Анвар ака.

Тингловчиларимизнинг бу гапларидан Ўзбекистоннинг ҳамма ҳудудларида газ ва электр хўрози бир хил қичқираётган кўринади. “Хўш, эрта-индин қиш-қировли кунлар бошланса, бу ҳолатда қандай кун кўрасизлар?” сўраймиз Анвар акадан.

- Инсон қадри бу масалада¸ очиқча айтаяпман¸ умуман йўқ. Садағанг кетай ота-бобомиздан қолган тезакни ëқаяпмиз-да. Нима қилайлик? Мана, мен 120 минг сўмга печка олиб келдим. Тезак кўмирдан ҳам яхши, - дейди сурхондарёлик Анвар Муродов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG