Линклар

Бош қаттиқми¸ тош?

  • Абдулла Искандар

Мухолифатдаги 20 йиллик фаолиятидан сўнг Бирлик фаоли Алибой Йўляхшиев¸ Ўзбекистондаги жорий режим билан муроса қилиш лозим¸ деган фикрга келганини айтади.

Мухолифатдаги 20 йиллик фаолиятидан сўнг Бирлик фаоли Алибой Йўляхшиев¸ Ўзбекистондаги жорий режим билан муроса қилиш лозим¸ деган фикрга келганини айтади.

Ўзбекистонда мухолифат тузилганига ҳам 20 йилдан ошди. Ўша пайтда мухолифат сафларида бўлганларнинг сони сийраклашди¸ борининг ҳам ëши бир ерга бориб қолди.

Ëши етмишдан ошган¸ анча йилдан бери Норвегияда сиëсий бошпана олиб яшаëтган Бирлик Маркaзий Кенгаши аъзоси¸ математик олим¸ профессор Алибой ака Йўляхшиев бугун Озодлик студиясида меҳмон бўлди ва ўзининг мухолифатдаги салкам 20 йиллик фаолияти билан ўртоқлашди.

Бугун Алибой Йўляхшиев мухолифат Ўзбекистондаги режим билан мулоқотга бориши керак деган фикрда.

Озодлик: Алибой ака, студиямизга хуш келибсиз.

Алибой Йўляхшиев: Раҳмат.

Озодлик: Алибой ака, ҳозир неча ëшдасиз?

Алибой Йўляхшиев: 70 га кирдим.

Озодлик: Шунинг неча йилини мухолифат ишига бағишладингиз?

Алибой Йўляхшиев: Мен 1989 йилдан буëн мухолифатда фаол қатнашаяпман.

Озодлик: Неча йилдан бери юрт ташқарисидасиз?

Алибой Йўляхшиев: Мен 1993 йилдан бери юрт ташқарисидаман.

Озодлик: Ҳозир қаерда яшаяпсиз?

Алибой Йўляхшиев: Ҳозир Норвегияда яшаяпман.

Озодлик: Норвегияда нима қилаяпсиз?

Алибой Йўляхшиев: Норвегияда нафақадаман.

Озодлик: Самарқандда невараларини тиззасига олиб¸ ўйнатиб ўтирадиган одам мана ғурбатда юрибсиз. Сиз бундай ғурбат кунлар бошимга тушади, деб ҳеч ўйлаганмидингиз?

Алибой Йўляхшиев: Мен буни ҳеч ўйламаганман. Мен мухолифатга киришар эканман¸ биз совет ҳукуматига мухолифат ўлароқ кўзга кўриндик. Мен мухолифатни Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритиши билан тугайдиган фаолият деб тушунардим. Мустақилликдан кейин ўзимиз келишиб¸ инсонпарвар ҳукумат тузиб олармиз деб ўйлардим. 1993 йилда юртдан ташқарига чиққан бўлсам¸ 1999 йилгача ҳамиша эрта-индин ватанга қайтаман деб яшадим. Лекин воқеалар бизнинг ўйлаганимизга мос бўлмади.

Озодлик: Нега Каримов режими умри узоқ собит бир режим бўлди?

Алибой Йўляхшиев: Асли бу режимнинг асосида совет режими турибди. Совет замонида диктатуранинг энг даҳшатли кўриниши яшаган эди. Шунда миллат жуда ҳам қўрқоқ бўлиб қолди. Жуда ҳам эзилиб кетган эди.

Лекин буни фақат совет даврига боғлаш ҳам қийин. Бизнинг миллатимизнинг эзилиши бироз илгаридан бошланди. Хонликлар даврида эл жуда эркин бўлган деб бўлмайди. Лекин хонликлар давридаги подшолик диктатураси большевиклар диктатурасидан яхши эди. Ҳар қандай золим подшо даврида ҳам халқ большевиклар даврига нисбатан эркин яшаган.

Озодлик: Ҳозиргиданчи?

Алибой Йўляхшиев: Жумладан¸ ҳозиргидан ҳам эркин эди. Мана шу узоқ давр мобайнида халқ доимо босқи остида бўлган. Халқ ичидаги бироз эркин фикрлайдиган кишилар доимий тарзда йўқ қилиб келинган.

Озодлик: Сизнинг мухолифат боис ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб юришингиз¸ таъқиб ва тазйиққа учрашингиз анъанами? Бу кўникадиган ҳолатми¸ ўзбек халқининг менталитетими ëки оддий ҳолатми?

Алибой Йўляхшиев: Йўқ. Бу кўникадиган ҳолат эмас. Лекин одамзод ҳамма нарсага чидайдида. Одамзодда шунақа хусусият бор. Масалан¸ турма шароитини олинг ва ташқарида яшашни олинг. Мен ҳам 36 кун Москванинг турмасида ëтдим. Инсон турмада ҳам яшайди. У шунга ҳам чидайди. Шунинг учун ҳам ўзбеклар “Бош қаттиқми¸ тош қаттиқми?” деб айтади. Лекин бу шунга ўрганган деган нарса эмас.

Озодлик: Ўзбек халқининг сабр потенциали кучли бўлгани боис Каримов ҳукумати узоқ умр кўраяпти деган фикр бор. Бунга қандай қарайсиз?

Алибой Йўляхшиев: Ҳақиқатан оғир ҳаëт кечириб ўрганганимиздан шу. Каримовнинг зулмидан олдин ҳам бундан енгил бўлмаган ҳаëтларни яшаганлигимиз учун бунга чидаяпмиз. Ўзбекларда “Менга келмаса бўлди. Қўшнимнинг уйи ëнса ҳам¸ менга келмаса бўлди” деган гап бор. Бу менталитет. Бизда шундай хусусият бор. Буни тан олишимиз керак. Бу менталитет ҳам шу зулмга чидаш сабабчилардан биттаси.

Мана ҳозир кўринг Афинада нима бўлаяпти? 15 яшар бола ўлгани учун бутун шаҳар тўполон қилаяпти.

Бизда мана ўзингиз биласиз қайсидир бир дин олимининг ëш қизини ўзига кўрсатиб зўрладилар. Ким қаршилик кўрсатди? Ҳатто Исломга шу даража қаттиқ боғланиб юрганлар ҳам қаршилик кўрсатмадику. Бундан бошқа жабрнинг бошқа қандай бир даражасини кўра оласизми?

Озодлик: Алибой ака¸ нима қилиш керак?

Алибой Йўляхшиев: Бу саволга жавоб бериш бугун жуда мураккаб. Бизнинг аҳволимиз шундай ачинарли.

Озодлик: Бу режимга қандай қаршилик кўрсатмоқчисиз?

Алибой Йўляхшиев: Бугун айтадиган гапим шу: курашнинг сўнгги вариантларидан бири сифатида бугунги ҳукумат билан муроса қилиш керак. Мен шундай фикрга келганман. Муросага ҳамиша ўрин бор.
XS
SM
MD
LG