Линклар

logo-print

Ҳордиқ баҳона - дийдор ғанимат

  • Абдулла Искандар

Янги йил арафасида ўзбекистонлик минглаб мардикорлар совға-саломлар билан қадрдон гўшаларига қайтмоқдалар

Янги йил арафасида ўзбекистонлик минглаб мардикорлар совға-саломлар билан қадрдон гўшаларига қайтмоқдалар

Шу кунларда дунëнинг турли бурчакларида ишлаëтган меҳнат мардикорлари уйларига қайтаяптилар.

Ўзбек мардикорларининг уйларига қайтиши уч омил билан изоҳланмоқда.

Биринчиси анъанавий омил - ҳар йил янги йилни оила атрофида нишонлаш истаги.

Иккинчиси табиат омили - Россия¸ Қозоғистон ва Европада қишнинг қаттиқ келгани боис ишлар тўхтагани.

Учинчиси иқтисодий омил - дунëдаги иқтисодий бўҳрон боис ширкатларнинг синиши.

Бу омиллар ичида мардикорларни ватанга чорлаëтган нарса янги йилни яқинлари билан кутиш ҳисси энг муҳимдай кўринмоқда.

Бир йил давомида ëт элда тилсиз-жағсиз¸ ҳафтада етти кун меҳнат қилиб яшаëтган мардикорларни Ўзбекистонда қолган оиланинг байрам дастурхони оҳанрабодай ўзига тортмоқда.

- Ишчилар энди бир йилда бир марта уйига дам олгани боради-да. Декабр¸ январ ойларида иш ҳам кам бўлади, бундан ташқари, келганлар ҳам бола-чақасини соғинади. Бизнинг ўзимизда ҳам бориб келиш мўлжали бор. Менинг келганимга бир йил бўлди. Бир йилнинг ичида энди болалар ҳам катта бўлиб қолгандир¸ кўришиб келайлик, деган мўлжалим бор¸ - дейди юрт ташқарисида меҳнат қилаëтган ўзбек муҳожирларидан бири.

Россиянинг Қозон вокзали¸ Олмотадаги Барахолка автобекати¸ Киев¸ Прага¸ Варшавадаги аэропортларда уйларига жўнаб кетаëтган минглаб ўзбекларни учратамиз. Улар кўтарган жомадону қопчиқлар совғалар билан тўла.

Пуллар аллақачон банк орқали жўнатилган. Биров бориб тўй қилмоқчи¸ бирови эса 12 ойдан бери кўрмаган тўрт боласини бағрига босмоқчи.

- Тўй қиладигани тўй қилади¸ дам оладигани дам олади¸ даволанадигани даволанади. Менинг боришимдан мақсад болаларнинг 15-20 кун чиройли тарбиясини бериб¸ яна келиш¸ - дейди иккинчи суҳбатдошимиз.

Энг муҳими янгангизнинг қулоғига айтадиган гапларимиз бор¸ - деб аския қилади суҳбатдошимиз.

Ўзбек мардикорлари уйларида қолиб кетган умр йўлдошларининг дийдорига тўйиш учун ҳам йўлга отланмоқдалар.

- Ўғилсизлар, ўғил кўрсам, деб ният қилишмоқда. Фарзандлар кетидан эргашвойлар туғилиши учун ҳам йилда бир марта уйга бормоқ лозим¸ - дейди яна бир суҳбатдошимиз.

Олмаота¸ Москва¸ Остона ва Прагадаги мардикор танишларимизга қўнғироқ қиламиз. "Кетадиганлар кетиб бўлишди", деган гапни эшитамиз.

Озодлик: Ўзбекистонга кўп одам кетдими?

- Ҳа, кўпчилик кетди. Кетганлар энди менинг билганларим. Улар анчадан бери ишлашаëтган эди. Болалар энди кетиб бир ой дам олиб келишади-да.

Қаҳратон қиш боис ишнинг тўхтагани¸ иқтисодий аҳвол боис ойликлар берилмаëтгани ҳам кетаëтган ўзбеклар сафини семиртиргандек.

- Магазиндан ташқари доимий ишлар тўхтади. Тўртта одамнинг биттаси ишлаяпти¸ учтаси ишламаяпти. Сабаби иш йўқ, - дейди суҳбатдошимиз.

Бу айниқса Россияда кўп кузатилди.

- Россияда беш-олти йил ишлаганман. Битта иккита танишларимга телефон қилсам, икки ярим ойда ойлик олдик, дейди. Инфляциянинг таъсири бўлибди. Банкда нақд пул йўқ, деб бермасдан чўзиб юришган экан. Баъзи бир жойларда қиш совуқ келади. Ўзбекнинг бадани баъзи бир жойларда совуққа чидамайди. Бу йил Россияда қиш совуқ бўлар экан. Яна Худо билади-ю¸ шунақа гаплар бор лекин¸ - дейди меҳнат муҳожирларидан бири.

Аммо ҳамма ҳам кетаëтгани йўқ. Йўлкиранинг қимматлиги¸ ўзбек мулозимларининг таъмагирлиги ва умуман, Ўзбекистондаги биқиқ муҳит боис янги йилда ватанга қайтишни истамаëтган ўзбеклар ҳам талай.

Милод байрамини ялтир-юлтур қилиб нишонлаëтган Европанинг турли кунжакларида қурбонликка сўйилган қўй гўштидан ошни еб, кекириб ëтган ўзбеклар ҳам талай.

Уйларига кетган ўзбеклар ғурбатдаги меҳнат бағрига январдан кейин қайтишади.

- Энди янги йилдан кейин келишади. Январнинг ўнинчи¸ ўн бешинчиларига қараб қайтиб келишни бошлайди ҳамма.

Суҳбатдошимизга кўра¸ улар ўзларига яна бошқаларни ҳам эргаштириб қайтишмоқчи.

Ўзбек мардикорларининг тўлқини 2009 йилда яна кўпаядиган кўринади.

Бу энди бошқа ҳикоя.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG