Линклар

logo-print

Тожик пахтаси арзонлаб кетди

  • Гулнора Равшан

Тожик расмийлари пахтачилик жабҳасини қутқариш чораси сифатида мамлакат ичкарисида пахта қайта ишловини йўлга қўйишни тавсия қилмоқдалар.

Тожик расмийлари пахтачилик жабҳасини қутқариш чораси сифатида мамлакат ичкарисида пахта қайта ишловини йўлга қўйишни тавсия қилмоқдалар.

Тожикистон товар-хом ашё биржаси тарқатган маълумотларга кўра, шу кунларда Ливерпул биржасида бир тонна пахта толаси 1200 доллар сотилган.

Уч ой аввал эса шу миқдор пахта 1800 доллардан сотилганди. Тожикистонлик мутахассислар Ливерпул биржасида пахта нархининг ўтган уч ойга нисбатан 40 фоизга арзонлагани мамлакатда пахта етиштиришга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқдалар.

Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмон ана шу салбий оқибатларни бартараф этиш мақсадида мамлакатнинг ўзида пахтага харидор топиш ва бунинг учун пахтанинг мамлакат ичкарисида қайта ишланишига доир зарур чора тадбирлар кўришга буйруқ берган.

Тожикистон Қишлоқ хўжалик вазирлиги вакили Муҳаммаджон Орипов фикрича, давлат раҳбари Имомали Раҳмон талаб қилганидек, мамлакат ичкарисида пахта қайта ишловини йўлга қўйиш вақти етган.

- Агар пахта толаси қайта ишлаш мамлакат ичкарисида йўлга қўйилса, пахтани хом ашё сифатида четга чиқармай, мамлакат ичкарисида икки-уч баробар қиммат нархда сотиш имкони туғилади, - дейди Муҳаммаджон Орипов.

Аммо соҳа бўйича таҳлилчилар Тожикистон бугунги шароитда пахтани мамлакат ичкарисида қайта ишлаш имконсизлигини таъкидламоқдалар.

Таҳлилчи Қосим Бегмуҳаммад мамлакат енгил саноатининг фалаж ҳолатда экани, замонавий техник ускуналар билан жиҳозланган тўқимачилик ва тикувчилик фабрикаларининг йўқлиги сабабли Тожикистонда пахта толасининг қайта ишлаш имкони йўқлигини урғулайди:

- Тожикистонда пахтани қайта ишлаш юзасидан мулоҳазалар мустақилликка эришилгандан сўнг пайдо бўла бошлаган эди.
Аммо сўнгги тўрт йил мобайнида бир қатор йирик корхоналарнинг хусусийлаштирилиши ортидан бундай ниятларнинг амалга оширилиши деярли мумкин бўлмай қолди.
Чунки хусусийлаштирилган корхоналарнинг шўролардан мерос қолган техник ускуналари янги эгалари томонидан талон-тарож қилинди. Бугунги Тожикистонда бу корхоналарни янги техник ускуналар билан жиҳозлаш имконсиз, - дейди Қосим Бегмуҳаммад.

Шунинг учун ҳам, таҳлилчига кўра, Тожикистон ўз пахтасининг 90 фоизини хом ашё сифатида жаҳон бозорига олиб чиқишга ҳамда расмий Душанбени хорижий сармоядорлар қўлига қарашга мажбур қилаётир.

Яна бир таҳлилчи - Тоҳир Абдужабборов эса тожик пахтаси Ливерпул биржасида арзон баҳоланаётганининг бошқа сабаблари ҳам мавжудлигини уқтиради.

Унга кўра, тожик пахтаси Ўзбекистон пахта стандарти асосида жаҳон бозорига чиқарилади. Бу эса давлат ҳамда пахта сотиш компанияларига исталган даромад олиб келмайди.

- Шуни назарга олган ҳолда, мамлакат пахта биржаси жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлиши учун Ўзбекистон билан пахта нархлари юзасидан ҳамкорликка барҳам берилиши шарт. Ўзбекистон пахтасининг аксар қисми машиналарда йиғиб олингани сабабли унинг сифати тожик пахтаси сифатидан анча паст. Шуни назарга олган ҳолда, Ўзбекистон бозоридан ажралиб, мамлакат ўзи мустақил равишда пахтага нарх бичиши ва пахта экспортини назорат қилиши борасида ўйлаб кўриш вақти аллақачон етган, - дейди Тоҳир Абдужабборов.

Аммо Тожикистон пахта биржасининг масъули Абдураҳмон Баҳронов эса тожик пахтасининг ўз стандартига эга бўлиши ҳозирча имконсизлигини билдирди.

- Ўзбекистондан ажралиб, ўз стандартимизга эга бўлишимиз учун халқаро талабларга мос техник ускуналар билан жиҳозланган замонавий лабараториялар қуришимиз лозим. Бу эса жуда катта маблағ талаб қилади. Аммо Тожикистонда бундай маблағ ҳам, имконият ҳам ҳозирча йўқ, - дейди Абдураҳмон Баҳронов.

Тожикистон иқтисодий тараққиёт вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда Тожикистонда кўзланган 552 минг тонна ўрнига 349 минг тонна пахта ҳосили йиғиб олинган. Бу жорий йилда Тожикистонда пахта териш режаси 63 фоизга бажарилганини англатади.
XS
SM
MD
LG