Линклар

logo-print

Туркманистонда ўзгаришлар кутилаяпти


Туркманистондаги сиёсий аҳвол Сапармурод Ниёзов давридагидан кескин фарқ қилмаса, кузатувчилар ушбу мамлакатда айрим ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини эътироф этадилар.

Туркманистондаги сиёсий аҳвол Сапармурод Ниёзов давридагидан кескин фарқ қилмаса, кузатувчилар ушбу мамлакатда айрим ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини эътироф этадилар.

14 декабр куни Туркманистонда парламент сайлови бўлиб ўтади. Шу кунда эски жараёнларнинг қайтарилиши кутилаётган бўлса-да, мазкур сайловлар туркман халқига янги ўзгаришларни олиб келадиган кўринади.

14 декабр куни Туркманистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларида кўп нарсага "илк бора" деган таъриф берилади.

Энг асосийси, бу Қурбонқули Бердимуҳаммедов президентлиги остида илк бора ўтказилаётган парламент сайловидир. 2006 йилнинг декабр ойида Сапармурод Ниёзов вафот этгандан сўнг ҳокимиятга келган Бердимуҳаммедов шу кунгача ўз давлатининг халқаро майдонда яккалатиб қўйилишига қарши анча саъй-ҳаракатлар қилди.

Бундан ташқари, ЕХҲТ кузатувчилари илк бора катта гуруҳда бўлмаса ҳам, Туркманистондаги сайловларни бевосита мамлакат ичкарисидан туриб кузатади.

Яна бир янгилик - бу гал сайловчилар 50 та номзодга эмас, балки 125 ўрин учун курашаётган номзодларга овоз берадилар.

Бундай ўзгаришларга қарамай, сайловчиларни рўйхатга олиш ва номзодларнинг сайловолди кампаниялари ўтмишдаги парламент сайловларидан ҳеч қандай фарқ қилмайдиган кўринади. Бироқ бундай камчиликлар кузатилаётганига қарамай, бу галги сайловларнинг Ғарб томонидан унчалик танқидга учрамаслиги тахмин қилинмоқда. Бунга сўнгги пайтда Турманистоннинг халқаро майдонда ўз обрўсини қайта тиклаш учун қилаётган саъй-ҳаракатлари ва мамлакатнинг энергия манбааларига бой эканлиги сабаб бўлиши мумкин.

Туркманистондаги сўнгги парламент сайлови, яъни Сапармурод Ниёзов президентлиги давридаги 2004 йилги сайлов Ғарбда кескин танқид қилинган эди. Ўша даврда Қурбонқули Бердимуҳаммедов Туркманистон соғлиқни сақлаш вазири лавозимида фаолият юритаётган эди.

2003 йилнинг август ойида Ниёзов парламентнинг айрим аъзоларини гўё ўзига қарши уюштирилган суиқасдга алоқадорликда айблаб, янги фармойишлар билан парламент ваколатларини камайтиришга муваффақ бўлган эди.

Туркманистон парламенти фаолият юритишда давом этган, бироқ қонун чиқариш салоҳияти Халқ маслаҳати зиммасига юклатилган эди.

2007 йилги президентлик сайловидан сўнг ҳокимиятга келган Қурбонқули Бердимуҳаммедов эса парламент ваколатларини қайта тиклашга киришди.

Жорий йилнинг сентябр ойида Туркманистон Конституциясига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, 14 декабр кунги сайловдан сўнг парламент қонун чиқариш салоҳиятини қайтариб олади ва ундаги ўринлар сони 75 тага ошади.

Бундан ташқари, Турманистон раҳбари мамлакатдаги сайловни назорат қилиш таклифи битилган мактубни ЕХҲТ йўллади.

Бердимуҳаммедов, шунингдек, халқаро кузатувчиларга ҳеч қандай тўсиқлар яратмаслик ва улар билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида ўз расмийларига топшириқ берди:

- Халқаро кузатувчиларнинг сайлов участкаларига боришига ва сайлов комиссияси расмийлари билан учрашишига ҳеч қандай тўсиқлар бўлмайди, - деганди Туркманистон раҳбари.

Бироқ, маълум бўлишича, ЕХҲТ Туркманистонга катта гуруҳдаги назоратчилар миссияси эмас, балки ўзининг Демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бўлими вакилларидан иборат кичик гуруҳни юборган.

- Туркманистондаги сайловларни кузатиш мақсадида Ашхободдаги ЕХҲТ ваколатхонасига биз тўққиз кишидан иборат мутахассислар гуруҳи юбордик, - деди Демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бўлими вакили Йенс Хаген Эсченбахер.

Унинг таъкидича, халқаро кузатувчиларнинг сони кам бўлгани туфайли Туркманистондаги сайловларни тўлиқ назорат қилиш имконияти чекланган.

- Бу кичик гуруҳ бўлиб, улар сайлов участкаларига бориб, фуқаролар билан учрашиши мумкин. Бу сайловларни назорат қиладиган миссия эмас. Улар сайлов куни мазкур жараён қандай ўтаётгани тўғрисида маълумот йиғишлари мумкин, бироқ уларда сайлов жараёнини кенг миқёсда назорат қилиш ва баҳолаш имкони бўлмайди, - деди Йенс Хаген Эсченбахер.

Айни пайтда сайлов арафасида ижобий ўзгаришлар кузатилаётганига қарамай, айрим масалаларда мамлакатнинг демократия сари ҳаракатланишидан умуман дарак йўқ.

Бунга мухолифатдаги сиёсатчиларнинг номзод сифатида рўйхатга олинмагани ва улар учун яратилган турли хил тўсиқларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Қурбондурди Дурдиқулиев расмийлар томонидан номзод сифатида рўйхатга олинмаган Туркманистон фуқароларидан биридир. Унинг Озодлик радиосига айтишича, Дурдиқулиев барча ҳужжатларни сайлов комиссияга белгиланган муддатдан олдин топширганига қарамай, расмийлар ҳужжат топшириш муддати ўтиб кетганини рукач қилиб, уни номзод сифатида рўйхатга олишдан бош тортган.
Дурдиқулиевнинг таъкидича, эндиликда у сайловда овоз бера олмаслиги ҳам мумкин:

- 1 декабр куни ташаббускор гуруҳ менинг паспортим ҳукумат томонидан олиб қўйилгани ва ушбу сайловда менинг номзод сифатида қатнаша олмаслигим ёки овоз бера олмаслигимни қайд этилган мактубни ЕХҲТга йўллаган эди. Мен ЕХҲТ кузатувчиси билан учрашишга муяссар бўлдим ва у мазкур масалани Марказий сайлов комиссияда кун тартибига чиқаришга ваъда берди, - деди Қурбондурди Дурдиқулиев.
XS
SM
MD
LG