Линклар

Жорж Буш Ироқ ва Афғонистонга борди


АҚШ Президенти Жорж Буш эълон қилинмаган ташриф билан Афғонистонга келди.

Хабарларга кўра, Бушнинг самолёти бугун тонгда Кобул яқинидаги Бағрам ҳаво базасига келиб қўнган.

Оқ уй матбуот хизмати президент Буш Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай ҳамда АҚШ қўшинлари билан учрашмоқчи эканини маълум қилди.

Афғонистондан аввал АҚШ Президенти Жорж Буш Ироққа борди ва мамлакатда хавфсизликни таъминлаш борасида эришилган ютуқларни олқишлади.

Бағдодга кутилмаганда сафар қилган Буш бу ҳақда бош вазир Нури ал-Маликий билан қўшма матбуот анжуманида гапирди.

- Уруш тугагани йўқ. Лекин хавфсизликка оид келишувларнинг имзоланиши, Ироқ халқи ва қўшинлари, Америка ҳарбийлари ҳамда фуқаровий ходимларининг жасорати урушнинг ғалаба билан якунланишига олиб келади,- деди Буш.

Яқинда Ироқ парламенти келаси йилнинг июл ойигача АҚШ қўшинлари Ироқ шаҳарларидан ва 2011 йилнинг охирига қадар мамлакатдан бутунлай олиб чиқилишини кўзда тутувчи хавфсизлик келишувини қабул қилганди.

Ироқ Президенти Жалол Талобоний билан учрашувда Буш: “ Ироқнинг АҚШ томонидан истилоси қийин бўлди, лекин бу зарур эди”, дея таъкидлади.
XS
SM
MD
LG