Линклар

logo-print

Бангфуруш ўзбек қамалди


Қозоғистонда қўлга олинган яна бир ўзбекистонлик бангфуруш энди бутун умр қамоқхона бўтқасини ейишга мажбур.

Қозоғистонда қўлга олинган яна бир ўзбекистонлик бангфуруш энди бутун умр қамоқхона бўтқасини ейишга мажбур.

Қозоғистон суди ошқозонига героин жойлаб¸ уни Россияга олиб кетишда қўлга олинган яна бир ўзбекистонликни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Тошкент-Москва поездида қўлга олинган Ўзбекистоннинг 45 яшар фуқароси ёнидан бир граммдан ортиқроқ героин топилган. Текширув давомида унинг ўз ошқозонида 55¸5 граммга яқин наркотик моддасини яширгани ҳам аниқланган.

Куни кеча Оқтўба шаҳар суди Ўзбекистон фуқаросини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Бундан сал аввалроқ, 4 декабр куни Атиров шаҳар суди героин моддаси билан қўлга олинган Ўзбекистоннинг 45 яшар яна бир фуқаросини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати ходими Мурод Анорбековнинг айтишича, Ўзбекистондан Қозоғистон орқали Россияга етказилаëтган наркотик моддалари ҳажми ошган. Шу сабабли Қозоғистоннинг айрим шаҳарларида назорат кучайтирилган.

-Наркотик моддаларини Чимкент-Тараз-Қарағанда-Остона-Петропавловск ва Чимкент-Олмаота-Толдиқўрғон-Уст-Каман йўналишлари бўйича Россияга жўнатиш ҳоллари кўп учрамоқда. Наркотик моддалар асосан мамлакатнинг жанубий ҳудудлари орқали кириб келаётгани боис, бу йўналишлар бўйича назоратни кучайтирмоқдамиз, - деди матбуот хизмати ходими.

Қашшоқлик сабабми ёки коррупция?

Сўнгги пайтларда Қозоғистонда қўлга олинаётган бангфурушларнинг асосий қисмини Ўзбекистон фуқаролари ташкил қилмоқда.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Абдусалом Эргашевнинг айтишича, аксар ўзбекистонликлар мамлакатдаги иқтисодий вазиятнинг оғирлиги туфайли наркотик моддалар савдосига аралашиб қолмоқдалар.

-Аҳолининг тирикчилик ўтказиши учун бошқа бир муқобил йўл қолмагани наркофурушлар кўпайишининг асосий сабабидир. Бундан ташқари наркобизнесга хизмат қилаётган ёлланма одамларнинг жуда кўпчилиги баъзан чегарадан олиб ўтиб берадиган товарнинг аслида нима эканлигини билмаслиги ҳам мумкин.

Кўпинча наркофурушлар у ёки бу давлатга наркотик моддани етказиб беришда аҳолининг қашшоқ тоифасидан фойдаланади. Улар бола-чақани боқиш, бир-икки сўм топиш илинжида мана шундай ишларга қўл уришга мажбур бўлади,- дейди Абдусалом Эргашев.

Шунингдек, таҳлилчи Қозоғистон ҳудудига қўшни республикалар, хусусан Ўзбекистондан банг моддаларининг кириб келишига кўп ҳолларда давлат чегаралари тизимларининг коррупциялашгани ҳам сабаб эканини қўшимча қилади.

Давлатлараро муносабатлар ёмонлашгани ҳам сабаб

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Қозоғистонда ўзбекистонликларнинг тез-тез турли қонунбузарликлар содир қилишда айбланишининг бошқа сабаблари бор, деган фикрда:

-Кейинги пайтларда Қирғизистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам наркобизнес билан шуғулланган Ўзбекистон фуқароларини қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқатиляпти. Давлатлараро муносабатларнинг мураккаблашгани, чигаллашгани ҳам бундай хабарлар тарқалишига сабаб бўлади. Давлатлараро алоқалар бузилганидан кейин қўшни мамлакатлар олдинги йилларга нисбатан Ўзбекистон фуқароларини кўпроқ қонунбузарликларда айблаб, қамашаяпти,- дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Марказий Осиёдан 80 тонна героин олиб ўтилади

Аксар кузатувчилар Қозоғистон расмийларининг бангфурушларни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиш орқали наркобизнесга қарши кураши самарасиз эканлигини, бундай кескин чоралар фақат наркотик моддалар бозоридаги нархлар кўтарилишига олиб келишини таҳмин қилмоқдалар.

Экспертлар фикрича, Афғонистонда банг моддалари ишлаб чиқарилиши ортгани боис, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон орқали ўтадиган ва асосий йўналишлардан бири ҳисобланадиган шимолий йўналишдан наркотик моддаларининг оғир турини бошқа давлатларга транзит қилиш ҳам кўпайиб бормоқда.

Маълум бўлишича, Марказий Осиёнинг уч давлати, яъни Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон орқали бир йилда бутун дунё бўйлаб тарқатиладиган банг моддаларининг чорак қисми олиб ўтилар экан.

Героин эквивалентида эса бу тахминан 80 тоннани ташкил этади.

XS
SM
MD
LG