Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:56

Намозхонлар саргардон бўлди


Шу кунларда Душанбедаги бешта масжид эшиги мана шу тарзда муҳрланган, ғазабнок намозхонлар бу ишга қўл урган ҳукуматни дин эркинлигини бўғаëтганликда айбламоқда.
Шу кунларда Душанбедаги бешта масжид эшиги мана шу тарзда муҳрланган, ғазабнок намозхонлар бу ишга қўл урган ҳукуматни дин эркинлигини бўғаëтганликда айбламоқда.

Душанбе шаҳар ҳокимияти қошида ташкил этилган махсус комиссия қарори билан пойтахтнинг Сино туманидаги бешта масжид фаолияти тӯхтатилди.

Диндорлар норози

Душанбе шаҳар ҳукумати масъуллари намоз ўқиш учун фойдаланилиб келинган бешта бино эшигига ортда қолган ҳафта поёнида қулф солгани ҳақида матбуот душанба куни хабар тарқатди. Маълум бўлишича, Душанбе шаҳрининг Сино туманига қарашли 101,102,103 ва 104 микрорайонлардаги масжидлар ёпилган.

- Бу бино бундан 20 йил аввал масжид сифатида қурилган эди. Шу кунга қадар мана шу маҳалладаги мингдан ортиқ одамдан камида 400 нафари бу ерда беш вақт намоз ўқиб келган. Аммо бугунга келиб, бу бино масжид сифатида талабга жавоб бермайди, дейишмоқда. Бир неча кун аввал Сино туман масъуллари бу ерда намоз ўқиш мумкин эмас деб қулф солиб кетишди ,- дейди ёпилган масжидлардан бирида намоз ўқиб келган Неъматуллоҳи Хайриддин.

Неъматуллоҳи Хайриддин ва унинг жамоатига Сино туман ҳукумати раиси тасдиғидан ўтган ва ҳозирда фаолият юритаётган бошқа маҳаллалардаги масжидларда намоз ўқиш тавсия этилган.

-Овул, Қозоқлар маҳалласидаги масжидларга бориб намоз ўқишимиз мумкинлиги айтилди. Бу маҳаллалар биз учун йироқ. Бу масжидларга бориш учун транспорт топиш қийин. Бундан ташқари¸ дайди итлар кўпайган. Масжидларнинг ёпилиши ҳукуматнинг мусулмонларга қилган адолатсизлиги. Дин эркинлигининг бўғиб қўйилиши, - дейди Неъматуллоҳи Хайриддин.

Тўй ва жанозаларни ўтказишга жой йўқ

Бошқа бир суҳбатдошимиз Бибиҳумайро эса бугун эшикларига қулф солиб қўйилган бу биноларда беш вақт намоз ўқилишидан ташқари кўп қаватли биноларда яшовчи одамлар тўй ва жанозаларини ҳам ўтказиб келганини айтади.

- Чунки кўп қаватли бинолардаги бир-икки хонали тор квартираларда тўй маросимларни ўтказиш имконият йўқ. Бу бинолар бизга намоздан ҳам кўпроқ шу тадбирларни ўтказиш учун зарур эди. Бир ўлим бўлиб қолса энди нима қиламиз? Тобутни кўчага қўйиб бўлмаса, -деди 60 ёшни қаршилаб қолган Бибиҳумайро опа.

Сабаб ва оқибат

Мавзу ортидан Тожикистон Маданият вазирлигининг Дин ишлари бўйича қўмитасига сим қоқдик.

- Бу бинолар аслида жамоат жойларидир. У ерда намоз ўқиш мумкин эмас, бунинг учун тегишли идоралардан рухсат ҳам берилмаган. Бу маҳаллалар аҳолиси биноларни на масжид ва на маросим ўтказилувчи бино сифатида расмийлаштирмаган ва шу кунга қадар улардан ноқонуний фойдаланилган, - деди Дин ишлари бўйича қўмита ходими Мирзо Бобокалонов.

Айрим таҳлилчилар эса¸ ҳукуматнинг масжидларни ёпиш ва мусулмонларнинг Ислом дини фарзларини бажо келтиришларига қаршилик диндорларга қарши бошланган кураш эканидан ташвиш билдирмоқда.

- Бу кураш бугун ёки кеча бошлангани йўқ. Ўтган йил ҳам шаҳар ҳукумати буйруғи асосида масжид сифатида фойдаланилган 300 дан ортиқ бинога қулф урилган эди. Ҳижобга ўралган қизларни олийгоҳлардан қувиш ортидан масжидларни ҳам ноқонуний ҳисоблаб ёпиб қўйиш баробарида ҳукумат масъуллари Тожикистонни бутун дунёга демократик дунёвий давлат сифатида таништиришга уринмоқда. Аммо мазкур сиёсат давом эттирилса, Ғарб бундай демократик давлатга бошқа ишонмай қўяди, - дейди мустақил таҳлилчи Ҳикматуллоҳи Сайфуллозода.

Бироқ бошқа бир гуруҳ кузатувчиларга кўра, сўнгги йиллар тожик жамиятида салафийлар оқимининг кенгайиши ва ҳанафийлар мазҳаби билан бу оқим вакиллари ўртасида низоларнинг тез-тез вужудга келиши ҳукуматни шундай чоралар қўллашга мажбур қилмоқда.

Бундай нуқтаи назардаги кузатувчилар¸ ҳукумат масжидлар сонини қисқартириш билан мамлакатда фуқаролар уруши қайта рўй бериши мумкинлигига оид хавфларни қайтармоқда, деган ишончдалар.
XS
SM
MD
LG