Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:54

Яхши қонун яна биттага кўпайди


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, мамлакатда болалар ҳуқуқлари кафолатланган, бироқ қашшоқлик кафолатланган ҳуқуқлардан устун келмоқда.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, мамлакатда болалар ҳуқуқлари кафолатланган, бироқ қашшоқлик кафолатланган ҳуқуқлардан устун келмоқда.

Ўзбекистонда болалар ҳуқуқини ҳимояловчи яна битта қонун қабул қилинди - мамлакат болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва порнографияси бўйича халқаро конвенцияга қўшилди.

Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонда болалар меҳнатини кафолатлаш борасида жиддий муаммолар мавжудлигини кўпдан гапириб келмоқдалар. Халқаро конвенцияга аъзо бўлиш орқали расмий Тошкент ҳам ушбу муаммоларни билвосита тан олган кўринади.

Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши тезкор гуруҳи фаоли Суҳроб Исмоилов болаларни сотиш, болалар фоҳишабозлиги кейинги йилларда муаммога айланиб бораётганига диққат қаратади:

- Фактларга асосланиб айтишимиз мумкинки¸ балоғат ëшига етмаган 12-13 яшар қизларни фоҳишабозликка мажбур қилувчи ва ёлловчи гуруҳлар мавжуд. Бундай жойлар кўплаб вилоятларимизнинг марказий шаҳарларида, масалан, Наманган¸ Фарғона вилоятларида¸ Тошкент шаҳрининг бир неча жойларида¸ Хоразмда ҳамда Самарқандда мавжуд, - дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниев айни муаммо бўйича аниқланган далилларни мисол тарзида келтиради.

- Қиз бола бугун порнография учун сотилаяптими ëки фоҳишабозлик учунми? Буни аниқлаш жуда катта муаммо. Новосибирск ва Уралск шаҳарларида бизнинг ўзбек болаларини сотиш билан шуғулланадиган гуруҳ қўлга олинган эди. Сотилган болаларнинг каттаси 15¸ кичиги эса 13 ёшда эди.

Ўзбекистон ўзини иҳоталамоқда

Шу пайтгача Расмий Тошкент айни муаммолар борасида сукунат сақлаётган эди. Лекин куни кеча “Ўзбекистон Республикасининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга доир, болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли Факултатив протоколга қўшилиши ҳақида”ги қонун Сенат томонидан маъқулланди.

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги ходимларидан бири айни ҳужжатни қабул қилиниши катта аҳмиятга молик эканлигини айтади.

- Нима учун қилинаëтгани маълумку. Чет давлатларда бўлаëтган болалар фоҳишабозлигини ва бошқа нохуш кўринишларни Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш мақсадида бу қонун қабул қилинди¸- деди вазирлик ходими.

Қонун яхши, ижроси ундан ҳам

Шуҳрат Ғаниев қанча қонун қабул қилинишидан қатъий назар¸ болалар билан боғлиқ бу муаммолар барҳам топиши даргумон¸ деган фикрда. Унга кўра, муаммонинг илдизи иқтисодий етишмовчиликлар билан бевосита боғлиқ.

- Асосий сабаб бу иқтисодий қийинчилик. Икинчи сабаб эса бу йўналишда аниқ ва равшан давлат сиëсатнинг йўқлиги.

Конвенцияни маъқуллаяпмиз¸ давлат томонидан қайсидир бир халқаро қонунлар имзоланяпти. Аммо бу ҳали ишнинг ярми. Авваламбор иқтисод даражасини кўтариш керак, -деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ўзбекистонда жорий йил давомида “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”даги қонун кучга кирди.

Шунингдек, Ўзбекистонда “Болалар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун ҳам қабул қилинди.

Бир йилда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи иккита қонун тасдиқланганига қарамай, жорий йилда ҳам Ўзбекистонда болаларнинг пахта теримида ялпи равишда эксплуатация қилингани кузатилди.
XS
SM
MD
LG