Линклар

logo-print

Адвокатлар чекловлардан норози

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик адвокатлар адвокатура институтини ислоҳ қилиш бўйича мамлакат парламентининг қуйи палатаси томонидан киритилган ва юқори палатаси томонидан маъқуллаган қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар Конституция моддаларига зид эканини таъкидламоқдалар.

Ўзбекистонлик адвокатлар адвокатура институтини ислоҳ қилиш бўйича мамлакат парламентининг қуйи палатаси томонидан киритилган ва юқори палатаси томонидан маъқуллаган қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар Конституция моддаларига зид эканини таъкидламоқдалар.

Тошкент шаҳар адвокатлар коллегияси йиғилиши иштирокчилари адвокатлар фаолиятида ҳукумат назоратини кучайтирувчи янги ўзгаришларга норозилик билдирдилар.

Ўзбекистон президентининг фармони асосида адвокатура институтини янада ислоҳ қилишга оид Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарор, аксарият ҳуқуқшунослар фикрича, адвокатларнинг эркин фаолият юритишларига имкон бермайди ва адвокатлар бу қарор юзасидан Ўзбекистон Конституциявий судига ва парламентга шикоят қилиш ҳақида қарор қабул қилдилар.

Хусусан, адвокатлар бу қадамларда деярли ҳеч қандай ислоҳотнинг ижобий нишонасини кўрмаётганини айтмокдалар. Аксинча, адвокатура институти яна Адлия вазирлиги ва ҳукумат раъйига қарашга мажбур бўлиб қолаётганини таъкидламоқдалар.

Ўзбекистон Адвокатлар ассоциацияси Тошкент шаҳар бўлими раҳбари - ҳуқуқшунос Гулнора Эшонхонованинг илгариги лавозими. Бугундан бошлаб эса у Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси бўлди.

Лекин Гулнора Эшонхонова ўзини бу лавозимдан озод этиш ҳақида раис номига ариза ёзганини айтади. Чунки...

- Мен буйруқ билан тайинланадиган мансабни эгаллашни хоҳламайман. У адвокат ва инсон сифатида мустақиллигимни жуда ҳам чеклайди. Менга бундай мансаб керак эмас¸ - дейди Гулнора Эшонхонова.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, янги қарорга мувофиқ, адвокатлар эндиликда палата раҳбарини ўзлари сайлаш имкониятидан маҳрум бўлганлар. Энди адвокатлар палатаси ўз раҳбарлигига фақат Адлия вазирлиги такдим этган номзодни сайлай олади, холос.

- Президент қарорида кўрсатилган ислоҳ қилиш чора-тадбирларининг маъноси тубдан ўзгариб¸ бу ислоҳотлар умуман бошқа йўлга қаратилган. Адвокатнинг мустақиллигини чеклайдиган меъёрларга¸ унинг ўз бошқарув органларига сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлигига¸ кўп нормаларнинг адвокатнинг адлия вазирлигига қарам эканлигини тасдиқлашига ўша мажлисда баҳо берилди.

Адвокатларнинг барчаси ҳали кеч бўлмасдан президентга мурожаат қилиш¸ президентдан иложи борича ўзлари назарда тутган ислоҳотларни йўлга солиш мақсадида бу қонунни қайтадан кўриб чиқиш учун қонунчилик палатаси ва сенатга қайтарилишини илтимос қилиш қарорига келишди¸ - дейди ҳуқуқшунос Гулнора Эшонхонова.

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов фикрича, гарчи адвокатура Ўзбекистондаги қонунчилик бўйича нодавлат ва нотижорат ташкилотлар турига кирса-да, адвокатларни мажбурий тарзда адвокатлар палатасига аъзо қилиш уларнинг эркин фаолият юритишига қўйилган тўсиқдир.

- Кейинчалик тахмин қилишимиз мумкинки¸ бу палата адвокатларга, айниқса¸ мустақил адвокатларга таъсир кўрсатиш учун давлатга жуда ҳам қулай бир механизм бўлиши мумкин.

Масалан ҳар қанақа жамоат ташкилотида ўша жамоат ташкилоти аъзолари ўзларининг ихтиëрий овозлари билан ўзларининг раҳбар органларини сайлашади. Дейлик, Ўзбекистонда маҳалла институти мавжуд. Шу билан солиштирадиган бўлсак¸ маҳалла қўмитасининг раиси лавозимига ҳам кўпинча маҳаллий давлат ижроия ҳокимияти органи томонидан номзод кўрсатилади ва маҳалладаги халқ¸ йиғин уни фақат тасдиқлаб қўяди. Бу демократик принципларнинг бузилишидир. Худди шу ҳолат янги тузилаëтган адвокатлар палатасида ҳам кузатилаяпти. Бу ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри. Палатанинг аъзолари ихтиëрий равишда ўзларининг раҳбар органларини сайлашлари керак¸ - дейди Суҳроб Исмоилов.

Гулнора Эшонхонова фикрича, адвокатура институтини ислоҳ қилиш билан боғлиқ айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунда адвокатлар иштирок этмаган.

У фақат адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Кейин парламент ва Сенат уни маъқуллаб¸ айни пайтда Президентга имзолаш учун юборган. Гулнора Эшонхонова Президент бу қонунни қайта ишлаш учун яна парламентга қайтаришига умид қилади.

- Агарда бундай бўлмайдиган бўлса¸ мана шу қонуннинг конституцияга зид бўлган моддаларини кўрсатиб¸ бундан ташқари, вазирлар маҳкамасининг қарорларига бўлган ўзларининг эътирозларини билдириб¸ адвокатлар Конституциявий судга мурожаат этишга қарор қилишди¸ - дейди Гулнора Эшонхонова.
XS
SM
MD
LG