Линклар

Мухолифатга босим кучаймоқда


Қирғиз мухолифати лидерларидан бири Аликбек Жекшенқулов босимларга қарамай, Қирғизистонга қайтмоқчи. Аввалроқ унинг ўғли Бекқул журналист Алишер Соипов ўлимига алоқадорликда айбланган эди.

Қирғиз мухолифати лидерларидан бири Аликбек Жекшенқулов босимларга қарамай, Қирғизистонга қайтмоқчи. Аввалроқ унинг ўғли Бекқул журналист Алишер Соипов ўлимига алоқадорликда айбланган эди.

Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакат собиқ Ташқи ишлар вазири, мухолифат лидери Аликбек Жекшенқуловга нисбатан жиноят иши очилганини эълон қилди.

Қирғизистон Бош прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, Аликбек Жекшенқулов Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб турганида Хитой ҳукумати грант сифатида берган 73 миллион сўмдан нотўғри фойдаланган.

Шунингдек, прокуратура Аликбек Жекшенқуловни Қирғизистон манфаатларига зид келган шартномаларни имзолаганликда айбламоқда.

Айни пайтда Аликбек Жекшенқулов қирғиз мухолифати лидерлари билан АҚШ сафарида.

Мухолифатчи Равшан Жээнбековнинг айтишича, Жекшенқуловнинг ҳамроҳлари унга Қирғизистонга қайтмасликни тавсия қилганлар. Бироқ Аликбек Жекшенқулов матбуотга Қирғизистонга қайтишини билдирди.

- Менинг қўрқадиган ҳеч нимам йўқ. Қонунни бузган эмасман, давлат маблағига кўз олайтирмаганман. Шунинг учун ҳам қўрқмайман. Менга нисбатан очилган жиноят иши ҳукуматнинг сиёсий буюртмасидир, - деди Аликбек Жекшенқулов АҚШда туриб қирғиз матбуотига берган суҳбатида.

Кейинги ойларда Қирғизистон Бош прокуратураси деярли барча мухолифат лидерларига қарши жиноят иши қўзғатди.

Масалан, “Ота макон” партияси лидерларидан бири Равшан Жээнбеков давлат мулкини бошқариш агентлиги раиси лавозимида ишлаганида давлатга 6 миллион сўм зиён келтирганликда айбланмоқда.

Бундан ташқари, “Яшиллар” партияси раиси Эркин Бўлўкбоев ва “Буюк бирдамлик” партияси раҳбари Эмил Қаптагаевларга қарши айбловлар билдирилмоқда.

Қирғизистон Инқилобий қўмитаси раиси Азимбек Бекназаров мухолифат лидерларига қарши билдирилган барча айбловларни ҳукуматнинг сиёсий буюртмаси сифатида баҳолайди.

- Ҳукумат ноқонуний ҳаракатлар қилаётгани учун ҳам мухолифат лидерларини Бишкек шаҳрига қайтишини тўхтатиб қўйдик. Уларни ҳозирча биз яшириб турибмиз, - деди Азимбек Бекназаров.

Қирғизистон прокуратураси мухолифат вакилларига нисбатан жиноят ишлари очилиши юзасидан оғзаки баёнот беришдан бош тортмоқдалар. Бош прокуратуранинг матбуот учун билдирувларида эса, барча мухолифатчилар бюжетга катта миқдорда зиён келтирган шахслар сифатида қораландилар.

Қирғизистон парламентидаги ҳукуматга мойил депутат Асанбек Байтиқовнинг айтишича, Бош прокуратуранинг бундай билдирувларида жон бор.

- “Пашшадан фил ясаш” деган ибора бор. Мухолифат ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Улар берилган маълумотларни нотўғри, деб атаб, халқ фикрни ҳукуматга қарши қўйишга ҳаракат қилмоқдалар, - деди Асанбек Байтиқов.

Қирғиз мухолифати лидерларидан бири Равшан Жээнбеков фикрича, расмийлар барча мухолифатчиларга қарши жиноят ишлари очолмайдилар.

- Ҳукумат ҳаммамизни қамаб, ҳаммамизни отиб ташлашга ожизлик қилади. Норозиликлар кўпайиб бораётгани учун ҳукумат мухолифат лидерларига босим кўрсатиб, уларни чет элларга қувғин қилиб, халқни ўз назорати остида сақламоқчи.

Лекин эркин Қирғизистонда бундай вазиятни пайдо қилиш мутлақо мумкин бўлмаган нарсадир, - деди Равшан Жээнбеков.
XS
SM
MD
LG