Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:21

"Хорижлик ҳам одам"


Халқ орасида турли аскияларга мавзу бўлаëтган воқеликка кўра¸ бугун эшигида ками иккитадан ўзбек мардикори ишлатмаëтган қозоғистонлик кам учрайди.
Халқ орасида турли аскияларга мавзу бўлаëтган воқеликка кўра¸ бугун эшигида ками иккитадан ўзбек мардикори ишлатмаëтган қозоғистонлик кам учрайди.

Қозоғистоннинг Оқтўба шаҳар суди ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини тунаш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзоларини узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Оқтўба шаҳар ички ишлар департаментининг матбуот хизмати тарқатган баёнотномада айтилишича, жиноий гуруҳга оқтўбалик 23 яшар йигит бошчилик қилган.

Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари жорий йилнинг май ойидан то июн ойигача шаҳардаги шахсий қурилиш объектларида ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини қурол билан қўрқитиш орқали уларнинг пули, мобил телефонлари ва қурилиш асбобларини ўзлаштириб олганлар.

Шу кунгача қидирувда бўлган жиноятчилар ниҳоят қўлга олиниб, куни-кеча Оқтўба шаҳар суди уюшган жиноий гуруҳ раҳбарини 10 йилга, қолган жиноятчиларни эса 9 йилданга озодликдан маҳрум қилиниши ҳақида ҳукм чиқарди.

Бу ҳолатни изоҳлаган айрим кузатувчилар маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятидаги мазкур ўзгаришни олқишламоқдалар.

- Бу ягона ҳолат. Худога шукрки, бу давлат идораларидаги мансабдорлар мавжуд муаммони кўраётганларидан ва бу ерда ишлаётган хорижликларнинг одам эканини тушуниб етганидан дарак. Бу давлат органларининг меҳнат муҳожирларини эксплуатация қилаётган ҳар қандай одамни, ҳаттоки Қозоғистон фуқаросини ҳам жазолаши мумкинлигини кўрсатаяпти.

Мазкур ҳолат меҳнат муҳожирлари вазиятининг буткул яхшиланганидан дарак эмас, албатта. Аммо у мигрантлар ҳуқуқининг ҳимоя қилинаётгани бўйича маълум бир ўзгаришлар бўлаётганини кўрсатади.

Агар меҳнат муҳожирларининг вазияти яхшилангани бўйича 10 тача шундай ҳолат содир бўлса, бу уларнинг вазияти яхшиланиши бўйича механизм тўлиқ ишга тушганини англатиши мумкин. Афсуски, ҳозирча биз буни кўрмаяпмиз, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Виктория Тюленева.

Айни пайтда Қозоғистонда ишлаётган аксар меҳнат муҳожирлари ҳам бу ердаги шароитнинг ҳавас қилгудек эмаслигини уқтирадилар.

Олмаотадаги қурилиш объектларининг бирида ишлаётган ўзбекистонлик Рустам исмли йигит маҳаллий иш берувчининг мардикорларга бўлган муносабатидан ҳафсаласи пир бўлаганини яширмади.

- Калака қилаяпти роса, кейин ураяпти, кийимларини ювдираяпти. Кийимларимни юв, дейди, идишларни юв, дейди...

Ўзбекистонлик бошқа бир меҳнат муҳожирига эса ўзбек расмийларининг чет элдаги мардикорлар аҳволи билан қизиқмаслигидан нолийди.

- Шароит қийин, кўраяпсиз биздаги ҳолатни. Ўзбекистон ҳукуматида ўтирганлар ҳали бу борада бош қотиргани йўқ.

Негаки бизда қорни тўқнинг, қорни оч билан иши йўқ бўлиб қолган. Биздаги вазирлар бу ерга келиб, бу ердаги аҳволни кўрса, кейин ўзлари ҳам озгина бош қотирармиди, дейман, - дейди ўзбек меҳнат муҳожири.

Бу ҳолат, ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг ўз фуқаролари тақдирига мутлақо бефарқлик билан ёндошаётганидан даракдир:

- Қозоғистон ҳукумати неча маротаба Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, меҳнат муҳожирларини бир тартибга келтириш, ишлаш шароитларини қонунийлаштириш маъносида киритилган таклифлари қабул қилмади.

Қанақа аҳволга тушадиган бўлса, шу аҳволдан ўзлари чиқишлари мумкин, холос. Улар ўладими, қоладими, ҳукумат буларни буткул инкор қилиб, уларга мутлақо ёрдам берётган йўқ, - дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG