Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:43

Ўзбеклар газ ирмоғини ëпиши мумкин


Айрим расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон қўшни Тожикистонга 2009 йил табиий газнинг ҳар минг куб метрини 280-300 доллар атрофида сотишини билдирган.
Айрим расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон қўшни Тожикистонга 2009 йил табиий газнинг ҳар минг куб метрини 280-300 доллар атрофида сотишини билдирган.

Қишнинг қаҳрли кунлари эшик қоқиб турганига қарамай¸ Тожикистон ва Ўзбекистон расмийлари ҳали ҳам 2009 йилги табиий газ олди-сотдиси¸ аниқроғи нарх борасида муросага кела олмаяптилар.

Куни кеча Тошкентда Ўзбекистон – Тожикистон – Қирғизистон ўртасида табиий газ нархига доир ўтказилган музокараларда қатнашган “Тожикгаз” давлат унитар корхона раиси жаҳонда ёнилғи нархлари нисбатан пасаяётгани сабабли Ўзбекистон томонидан табиий газ нархини белгилашда шуни инобатга олишни сўраганини билдирди.

“Тожикгаз” давлат унитар корхона раиси Фатҳиддин Муҳсиддиновнинг Озодликка билдиришича, жорий йил 10-12 декабр кунлари Тошкентда ўтказилган уч томонлама музокараларда Ўзбекистон томони 2009 йил Тожикистонга ўтган йилги 650 миллион куб метр табиий газ ўрнига 500 миллион куб метр табиий газ сотишини маълум қилган.

- Сўнгги уч йил мобайнида ўзбек гази нархи уч баробар оширилди. 2006 йил газ ҳар минг куб метри учун 55 доллар, 2007 йил 100 доллар ва 2008 йил 145 доллардан сотилди. Бу, ўз навбатида, табиий газга бўлган эҳтиёжларнинг 20 фоизга камайишига олиб келди.

Бундан ташқари, шу йилги таҳлиллардан газ нархининг бу шаклда ўсиб бориши мамлакат иқтисодиётига катта зарба берганига гувоҳи бўлдик. Чунки харажатларни қоплай олмай, қарзга ботган кўплаб саноат корхоналари фаолияти тўхтатилди.

Шуни назарга олган ҳолда, биз келгуси йил Ўзбекистондан аввалги 650 миллион куб ўрнига 500 миллион куб метр газ олишни режалаштирдик, - деди Фатҳиддин Муҳсиддинов.

Тожикгаз расмийсининг айтишича, газ нархи бўйича томонлар ҳали якуний қарорга келмаганлар.

- Ҳозирча Ўзбекистон томони бизга аниқ бир нарх айтгани йўқ. Аммо бу йилги 145 доллардан қимматроқ бўлиши мумкинлигини таъкидлашди.

Биз бунга рози бўла олмаймиз. Чунки мамлакат саноат корхоналари ҳам, аҳоли ҳам бунга қурби етмайди. Баттар қарзимиз ошади. Шу кунларда Тожикистон ҳукумати масъуллари ва тегишли вазирлик вакиллари ўртасида ўзаро музокаралар олиб борилмоқда.

Ҳукумат газнинг якуний нархи бўйича ўз хулосасини эълон қилса, биз буни “Ўзтрансгаз” ширкатига етказамиз.

Ўйлайманки, Ўзбекистон ҳукумати бизнинг табиий газ нархини 145 доллардан оширмасликка доир таклифимизни инобатга олади, - деди “Тожикгаз” корхона расмийси.

“Тожикгаз” давлат унитар корхона масъули Тошкент музокараларида ўзбек гази учун аниқ нарх айтилмаганини таъкидлаб турган бир пайтда “Душанбегаз” корхонаси раиси Саидмамад Шарофиддинов биз билан ўзаро суҳбатда “Ўзтрансгаз” ширкати 2009 йилда табиий газнинг ҳар минг куб метрини ўз қўшнилари, жумладан, Тожикистонга 300 доллардан сотишини маълум қилганини айтди.

Унга кўра, агар Тожикистон Ўзбекистон билан 2009 йил учун имзоланадиган шартномада табиий газ ҳар минг куб метри учун сўралаётган 300 доллар нархга рози бўлмай, шартноманинг имзоланиши 20 декабрдан кечиктирилса, у ҳолда Ўзбекистон томони Тожикистонга ажратган табиий газни Россияга узатиб юборишини билдирган.

“Душанбегаз” расмийси Саидмамад Шарофиддиновнинг маълум қилишича, Тожикистон томони бугун, 16 декабр эрталаб “Ўзтрансгаз” идорасидан огоҳлантириш телеграммаси олган.

Телеграммада айтилишича, Тожикистон Ўзбекистондан газ учун 9 миллион доллар қарздор бўлиб қолгани сабабли бугундан эътиборан табиий газ узатиш батамом тўхтатилиши керак.

Аммо “Тожикгаз” давлат унитар корхона раиси Фатҳиддин Муҳсиддинов Тожикистоннинг газдан 9 миллион доллар қарзи бор эътироф этгани ҳолда, Ўзбекистон томонидан ҳеч қандай огоҳлантириш берилмаганини, айни пайтда бир соатда 70 минг куб метр табиий газ узатилиб турганини қайд этди.

Шу билан бирга, “Тожикгаз” корхонаси расмийси ўз корхонасининг “Ўзтрансгаз” ширкати олдида қарздор бўлиб қолаётганида мамлакатдаги “Барқи тожик”, “Тожикцемент” ва “Тожик азот” корхоналарини айблади.

- Ҳукумат томонидан бу корхоналарга газ қарзини тез кунларда тўлаш борасида топшириқ берилган. Яқин кунларда бу муаммо ҳал бўлади ва биз Ўзбекистон олдидаги қарзларимизни албатта тўлаймиз ҳамда 2008 йил учун имзоланган икки ёқлама шартнома асосида 650 миллион куб метр газни тўла импорт қилиб оламиз, - деди “Тожикгаз” корхона раиси Фатҳиддин Муҳсиддинов.

Айни пайтда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри аҳолисининг табиий газ танқислигидан шикояти ортиб бормоқда.

- Мана, марказда яшаймиз, бир йил бўлди - газ йўқ. Газнинг пули деб 30 сомоний ишлаган бўлса, 40 сомоний олиб кетади. 70 сомонийдан бир йиғиб олди, 20 сомонийдан бир йиғиб олди, газ берар экан, деб бердик.

Халойиқ бериб турибди. Биз давлатдан эмас, давлат биздан газ учун қарздор. Пулини ошириб берганмиз. Лекин газимиз йўқ.

Аввалгидек ўтин бўлса экан, на супамиз қолди, на токимиз устидаги тахталар қолди - ёқиб юбордик ҳаммасини йўқчиликдан, - дейди Саломатхон деб ўзини таништирган аёл.

Саломатхоннинг айтишича, Тожикистоннинг Ўзбекистондан табиий газ учун қарз бўлиб қолишида оддий халқ эмас, балки халқдан алдаб пул олиб, бу маблағларни ўз чўнтагига ураётган тожик газчилари айбдор.

- Газнинг вишиллаган овози бору, қуруқ ҳаво келади. Счётчик айланиб, пул ишлаб ётибди, лекин гази йўқ. Халқ емаган сомсасига пул тўлагандек, газ пулини бериб турибди. Халққа қийин бўлиб кетаяпти, - дейди пойтахтлик Нодира Холиқова.
XS
SM
MD
LG