Линклар

Париж савдо марказларидан бирида динамит топилди


Франция полицияси Париждаги йирик савдо марказларидан бирида динамит топилгани тўғрисида хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, ўзини Афғон инқилобий фронти аъзоси деб таништирган шахс полицияга қўнғироқ қилиб, пойтахтдаги Le Printemps савдо марказига бомба қўйиб кетилгани тўғрисида огоҳлантирган.

Воқеа жойига етиб келган полиция савдо марказида бўлган барча одамларни зудлик билан эвакуация қилган.

Ўтказилган текширув натижасида савдо марказида қолдириб кетилган динамит топилган.

Хабарларга кўра, Афғон инқилобий фронти аъзолари Ассошиейтид Пресс агентлигига юборган мактубида Франция ҳукуматидан ўз ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқишни талаб қилган.

Ҳозирда Афғонистондаги халқаро кучлар сафида Франциянинг 2600 нафар ҳарбийси хизмат қилмоқда.

Президент Николя Саркози яқинда қилган чиқишида Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч юборилишини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG