Линклар

logo-print

Пул бўлмаса, дарслик ҳам йўқ


Ўқув қуроллари¸ биринчи галда эса¸ дарслик китоблар йўқлиги боис¸ Ўзбекистон қишлоқларидаги айрим болалар ë бутунлай мактабга бормайди¸ ëки борса ҳам¸ шунчаки хўжакўрсинга қатнайди.

Ўқув қуроллари¸ биринчи галда эса¸ дарслик китоблар йўқлиги боис¸ Ўзбекистон қишлоқларидаги айрим болалар ë бутунлай мактабга бормайди¸ ëки борса ҳам¸ шунчаки хўжакўрсинга қатнайди.

Ўзбекистонлик кўпгина ота-оналар мактаб дарсликлари нархининг қимматлиги боис ўз болаларига китоб олиб беришга ҳам чоғлари етмаëтганидан шикоят қилмоқдалар.

Хоразмдаги мактаблардан бирида ўқийдиган 2 синф ўқувчиси Нигинанинг ўнта дарслик китоби бор. Нигинанинг отаси Россияда мардикорлик қилади. У қизига барча мактаб дарсликларини сотиб олиб берган. Нигинанинг айтишича, у ўқийдиган синфда айрим ўқувчиларнинг дарсликлари етарли эмас.

- Бизнинг синфимиздаги ўқувчиларда дарслик етарли эмас. Улар мактабга келганда бошқа ўқувчиларнинг китобларидан фойдаланадилар. Китоби йўқ ўқувчилар китоби бор ўқувчиларнинг уйларига бориб¸ уйга берилган топшириқни бажаришади, - дейди Нигина.

Шаҳрисабзлик Зулфия опа дарсликлар муаммоси Қашқадарёда ҳам мавжудлигини айтади. Унинг уч нафар невараси мактабда ўқийди. Зулфия опанинг айтишича, мактаб дарсликларининг қимматлиги боис барча ота-оналар ҳам уни сотиб олишга қурби етмаяпти.

- Биз мактаб бошланиши билан сентябр ойида китобни сотиб олиб берамиз. Саккизинчи синфда ўқийдиганига 9000 сўм бердим¸ кейин яна 14 минг сўм бердим. Албатта, қиммат.

Синф бўйича ота-оналар йиғилиши бўлганда¸ ота-оналар шуни гапиришади. Масалан, иккита-учта боласи мактабда ўқийдиганлар бор. Битта боласи ўқиса, қурби етиши мумкин.

Камбағал оилаларнинг ўша биттага ҳам чидаши қийин. Учта боласи ўқийдиганлар бу муаммони кўтариб¸ синф ўқитувчиларига айтишди. Синф раҳбарлари: “Биз нима қилайлик? Ахир бу давлат томонидан шунақа”, деб айтади.

Айрим ота-оналар болаларини мактабга бермаяпти. Пул етказа олмаяпти-да, - дейди Зулфия опа.

Халқ таълими соҳаси мутасаддилари эса мактаб дарсликлари билан боғлиқ муаммо йўқлигини таъкидлашади.

Хусусан¸ Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ходими китобларнинг ижара нархли арзонлиги боис бу ота- оналарга муаммо туғдирмаяпти, деган фикрда.

- Китоблар август ойида мактабларга тарқатилган. Ижара пули қиммат эмас¸ жуда ҳам арзон.

Масалан, биринчи синфларга президент совғаси сифатида бепул. Кейин кам таъминланган оилаларга ижара китобини беришади, аммо пулини олишмайди.

Мана бизлар ҳозир туманларга чиқаяпмиз¸ кўраяпмиз. Болаларда китоблар бор. Кимга китоб етишмаса¸ бу мактабдан у мактабга заҳирадан алмашаяптилар.

Китоб етмай қолиши ҳозирча бўлаëтгани йўқ. Китоблар етаяпти. Дейлик, битта синфда, менимча, ҳаммаси китоб билан таъминланган. Ҳаммасида бўлиши керак. Китоб бўлмаса, улар қандай дарс қилади? – дейди ўз номини айтишни истамаган халқ таълими бошқармаси ходими.

Лекин Тошкент вилоятидаги мактаблардан бирида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи Улуғбек Усмонов мактабларда дарсликлар етарли эмаслигини ва бу ҳолат ўқувчиларнинг билим савияси пасайишига сабаб бўлаётганлигини таъкидлайди.

- Айрим ижара пулини бера олмаган болалар таъминланмаяпти китоб билан. Мактабларда ким пулини тўласа¸ ўшаларга берилаяпти. Тўлай олмаганлар китоб ола олмайди.

Китоб билан болаларнинг ҳаммаси таъминланган, деб бўлмайди. Болаларнинг ҳаммаси китоб билан таъминланмаган. Фақат имконияти борлар таъминланган.

Китоби йўқ бўлгандан кейин табиий билими паст бўлади-да. Чунки у уйида мустақил ишлай олмайди¸ уйга вазифаларни бажаришда қийналади. Ўқувчининг ўқув қуроли бўлмаса бўлмайди, - дейди Улуғбек Усмонов.

Расмий маълумотларда қайд этилишича, жорий йилда Ўзбекистон мактабларидаги 97,3% ўқувчилар дарсликлар билан таъминланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 15 % га ошган.

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги 2005 йилдан буён 85 миллион нусхада мактаб дарсликлари нашр қилиниб, ўқувчиларга етказилгани ҳақида маълумот тарқатган.
XS
SM
MD
LG