Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:02

Ўзбекистонда танилмаган Орзубек


Рингдаги беллашувларни сиëсат майдонига кўчирган Орзубек Назаров парламентдаги баҳс ва мунозараларда ҳам фаол иштирок этишини айтади.
Рингдаги беллашувларни сиëсат майдонига кўчирган Орзубек Назаров парламентдаги баҳс ва мунозараларда ҳам фаол иштирок этишини айтади.

Орзубек Назаров… Бу ном ўзбекистонлик ўзбекларга яхши таниш эмас. Лекин бишкеклик бу ўзбекни Қирғизистон, Россия¸ Америка ва Японияда яхши билишади.

Орзубек Назаров профессионал бокс бўйича етти марта жаҳон чемпиони, олти марта Япония чемпиони бўлган. Ҳаваскорлик боксида эса у чемпион бўлмаган мусобақаларни санашга битта қўлдаги бешта бармоқ кўплик қилади.

СССР, Япония ва жаҳон чемпиони Орзубек Назаров профессионал боксдан кетганидан сўнг сиёсат билан шуғуллана бошлади. Шу кунда у Қирғизистон парламенти депутати.

Мен Орзубек Назаров билан унинг қирғиз парламентидаги иш кабинетида учрашдим. Негадир уни узун бўйли, басавлат, жаҳлдор одам сифатида тасаввур қилар эдим. Бироқ суҳбатдошим бунинг акси бўлиб чиқди.

Кичкина деманг бизни…

Қирқ икки ёшдаги Орзубек Назаров ўрта бўйли, ихчамгина, ўткир нигоҳида ақл сезилиб турадиган одам экан.

Орзубек Назаровга у ҳақдаги тасаввуримни айтиб берганимда, у кулиб юборди ва биринчи марта профессионал бокс бўйича Германияда ўтган жаҳон чемпионатидаги иштирокини эслади.

- Менинг рақибим жаҳон чемпиони эди. У мени назарига ҳам илгани йўқ. Мен ҳақимда ҳеч ким ҳеч нарса билмасди, чунки ҳамма жангларни Японияда ўтказган эдим. Хуллас, мен ҳақимда “фақат калтак ейдиган бола келди мусобақага”, деб ўйлашганди.

Рақибим матбуот анжуманида мени олтинчи раундгача нокаут қилиши ҳақида ҳам мақтанганди ўшанда. Рақибимнинг бўйи мендан камида ярим метр баланд, келбатли бир йигит эди, - деб эслайди Орзубек Назаров.

Лекин ғарблик журналистлардан бири жуссаси кичгинагина Орзубек Назаров фаолиятини ўргана бошлайди. Ана шунда Ғарб газеталарида Орзубек ҳаваскорлик боксида 165 жанг ўтказгани, улардан 164 тасида ғалаба қозонгани ҳақида маълумот пайдо бўлади.

Шунингдек, спорт журналистлари Орзубек Назаров профессионал рингда 18 та жанг ўтказиб, 14 жангда рақибини накаут қилгани, у бир неча маротаба СССР, Япония, Осиё чемпиони бўлганини ҳам аниқлашади. Шундан сўнг Орзубек Назаровга бўлган муносабат ўзгаради.

Орзубек Назаров рақибини енгиб, биринчи марта жаҳон чемпиони олтин камарига сазовор бўлади. Шундан сўнг Орзубек Назаров бу камарни яна олти марта қўлга киритди.

Турмуш синовлари тоблаган йигит

Ўзининг айтишича, Орзубек нимжон бола бўлган.

“Синфдошларим ичида бўйи пастроғи, энг нимжони бўлганим учун ҳам мени кўп хафа қилишарди, лекин мен ҳам бўш келмасдим, калтак есам ҳам муштлашардим” дер экан, Орзубек Назаров бу турмуш синовлари уни тоблаганини айтади.

- Ҳар куни уйга кўйлакларим йиртилган, кўзим кўкарган ҳолатда кириб келардим. Лекин эртаси куни барибир мени хафа қилганлар билан қайта муштлашардим.

Мен кучсиз эдим, лекин ўжар эдим. Балки мана шу хислатим менга профессионал боксда ютуқларга эришишимда ёрдам бергандир, - дейди Орзубек Назаров.

Рингдаги жанглар парламент мажлислар залида давом этаяпти

Орзубек Назаров 1998 йилда катта спортни тарк этди. Бизнес билан шуғулланди. 2007 йилдаги парламент сайловларида эса депутатликка сайланди.

- Сиёсатда ҳам худди спортдагидек тезкор фикр юритиш лозим Бу нарса менга сиёсатда кўмак бермоқда. Сиёсат соҳасида биринчи ғалабаларим ҳам бор, - деди Орзубек Назаров.

Унинг фикрича, спорт ва сиёсат доим бирга бўлиб келган.

- Мен сизга бир воқеани айтиб берай. Бу воқеа советлар даврида бўлганди.

Ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпионатига қатнашиш учун АҚШга бордик. Бу чемпионатда социалистик давлатлардан келган боксчилар иккинчи ва учинчи ўринларни эгалладилар. Биринчи ўринлар эса фақат капиталистик давлатлардан келган боксчиларга берилди.

Айни пайтда Совет Иттифоқида ўтадиган мусобақаларда ҳам капиталистик давлат спортчиларига биринчи ўринлар бермасликка ҳаракат қилишар эди.

Қизиғи шундаки, мана шундай шароитда бизнинг тренерларимиз ва спортчиларимиз давлат раҳбарлари спорт ва маданият соҳасида ўн йиллаб ҳал қила олмай келган муаммоларни Ғарб давлатлари вакиллари билан чой ичиб ўтириб, ҳал қилиб қўйишар эди, - дейди Орзубек Назаров.
XS
SM
MD
LG